ЗАРАРНИ ИСБОТЛАШ КЕРАК

Тадбиркорлик шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда тарафлар ўртасида манфаатли ҳамкорлик алоқалари бўлиши табиий. Ўз навбатида, бу борадаги товарлар ва хизматлар алмашинуви жараёнида баъзан норозиликлар ҳам бўлиб туриши сир эмас.

Фикримизни суд амалиётидаги мисол билан далилласак.

“Ruda-metall qayta ishlash zavodi” АЖ (даъвогар) манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Мурожаатда “Yangi zamon biznes” МЧЖ (жавобгар) ҳисобидан 202 400 000 сўм асосий қарз ва 40 480 000 сўм неустойка ундиришни сўрайди. Ушбу суднинг ҳал қилув қарори билан ариза қисман қаноатлантирилади ва “Yangi zamon biznes” МЧЖ ҳисобидан “Ruda-metall qayta ishlash zavodi” АЖ фойдасига 202 400 000 сўм ундирилади!

Бундан норози бўлган  “Yangi zamon biznes” МЧЖ судга апелляция шикояти билан мурожаат этиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган. Иқтисодий процессуал кодексининг 276-моддаси талабига кўра, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади.

 Қонуний ва асослими?

Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2020 йил 1 июлда Электрон кооперация порталидаги электрон савдолар орқали маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Жавобгар даъвогарга 400 метр конвейер лентаси етказиб беришни, даъвогар эса ушбу маҳсулотни қабул қилиб, 202 400 000 сўм тўлашни ўз зиммасига олган. Тўлов амалга ошгач, етказилган маҳсулот қабул қилиб олинган, бу жараёнда маҳсулот сифатсизлиги бўйича эътироз бўлмаган.

Фуқаролик кодексининг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи – сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Даъвогар мажбуриятларини бажариб, тўловларни амалга оширгани, бироқ жавобгар сифатсиз маҳсулот етказиб бергани, натижада қарздорлик вужудга келганини таъкидлаб, жавобгар ҳисобидан 202 400 000 сўм зарар ва 40 480 000 сўм неустойка ундиришни сўраган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар жавобгарга эътирознома юбориб, етказилган 400 метр маҳсулотни ўрнатиш жараёнида лента қаватлари ажралиб кетаётгани, у сифат жиҳатидан талабга жавоб бермаслиги боис уни сифатлисига алмаштиришни талаб қилган. Жавобгар ҳам агар кўрсатилган маҳсулот ҳақиқатдан ҳам сифатсизлиги аниқланса талаб бажарилишини маълум қилган.

 Дарҳол хабардор қилинганда эди…

Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги “Сифати тегишли даражада бўлмаган маҳсулот (товар) ларни етказиб бериш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорига  мувофиқ, сотиб олувчи шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Сотиб олувчи ўзи қабул қилган товарни қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддатда кўздан кечириши лозим. Сотиб олувчи худди шу муддатда қабул қилинган товарларнинг миқдори ва сифатини қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган тартибда текшириши ва товарнинг аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши лозим.

Даъвогар томонидан 2020 йил 21 августда далолатнома тузилган бўлиб, унга кўра 2020 йил 30 июль куни тегишли талабномага асосан транспортер лентаси (узунлиги 200 п/м, эни 800 мм) келтирилган, шундан 150 метри жорий йилнинг 3-5 август кунлари хомашё цехидаги конвейерга ўрнатилиш жараёнида қаватлари ўзаро яхши бирикмагани ва оралиқ иплари ингичка ва сифатсиз тўқилгани аниқлангани кўрсатилган. Шунингдек, ўша йилнинг 20 август куни техник қаров ўтказилганда лента ўзаро қаватларининг бир-биридан ажралгани баён қилинган.

 Биринчидан, далолатномага асосан даъвогар текширган маҳсулотнинг алоҳида, фақат ўзигагина хос, уни бир хил ашёлар орасидан ажратиб турадиган (номер, рақам бериш ва шу кабилар) хусусий аломатлари кўрсатилмаган, умумий аломатлар тарафлар ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган маълумотларга хос эмас, яъни унинг айнан жавобгар етказган маҳсулот эканини кўрсатувчи белгилари йўқ.

 Иккинчидан, шартноманинг тегишли бандига мувофиқ, етказилган маҳсулот давлат стандарти техник шартларига мос бўлиши керак. Давлатлараро стандарт “Каучук конве­йер ленталари”нинг техник шартларига асосан айни ленталарга бўлган техник талаблар маҳсулотни қабул қилиш қоидалари, синов усуллари, ташиш ва сақлаш қоидалари ҳамда ишлаб чиқарувчининг кафолатларини ўз ичига олади. Далолатнома эса даъвогар томонидан бир томонлама тузилган, маҳсулотга нисбатан кўрсатилган камчиликлар, қайд этилган синов усуллари қўлланилмаган ҳолда, фақатгина кўздан кечириш усули билан аниқланган.

 Учинчидан, давлат стандарти техник шартларининг тегишли бандига кўра маҳсулотни ишлатиш, сақлаш ҳамда ташиш бўйича қўйилган талабларга риоя этилган ҳоллардагина, ишлаб чиқарувчи маҳсулотнинг сифати учун жавоб бериши кўрсатилган. Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан лентани ишлатиш, сақлаш ҳамда ташиш бўйича қўйилган талаб­ларга қай даражада риоя этилгани тўғрисидаги маълумотлар судга тақдим этилмади.

 Тўртинчидан, 400 метр маҳсулот етказилган бўлса-да, далолатномада фақатгина 200 метри ишлатилгани ва сифатсизлиги баён қилинган. Қолган маҳсулот сифатли ёки сифатсизлиги, ишлатилган ёки ишлатилмагани тўғрисида бирорта ҳужжат тақдим этилмади.

Юқоридагиларга асосан, судлов ҳайъати ушбу далолатномани маҳсулотнинг сифатсизлигини тасдиқловчи далил сифатида баҳолай олмайди. Қонунларимизга кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Сотиб олувчи шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Товарни қонунчиликда, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддатда кўздан кечириши лозим.

Худди шу муддатда қабул қилинган товарларнинг миқдори ва сифатини қонунчиликда, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган тартибда текшириши ва товарнинг аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши даркор.

 Бешинчидан, тарафлар ўртасида тузилган шартномага кўра буюртмачи қабул қилиб олаётган маҳсулотнинг шартномада кўзда тутилган талабларга мувофиқлигини, бус-бутунлигини ва сифатини маҳсулотни қабул қилиб олиш жараёнида, бевосита ишлаб чиқарувчининг иштирокида кўздан кечириши керак. Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб­лари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши жоиз.

 Ҳолатлар исботини топмади

Бироқ даъвогар томонидан сифатсиз дея эътироф этилаётган маҳсулот айнан жавобгарга тегишли экани аниқланмагани, маҳсулотни қабул қилиб олинаётган вақтда шартномада кўзда тутилган талабларга мувофиқлиги, бус-бутунлиги ва сифати бевосита ишлаб чиқарувчининг иштирокида текширгани, маҳсулотга нисбатан қўллаш, сақлаш ҳамда ташиш бўйича қўйилган талабларга риоя этганини исботловчи ҳужжатлар тақдим қилинмагани, далолатномада фақатгина 200 метр конвейер лента ишлатилгани ва сифатсизлиги баён қилингани, қолган 200 метр лента сифатли ёки сифатсиз экани, даъвогар томонидан ишлатилгани ёки ишлатилмагани тўғрисида биронта ҳужжат судга тақдим этилмагани ҳамда мазкур ҳолатда даъвогарнинг жавобгардан зарар ва жарима ундириш талаб­лари исботлаб берилмагани боис ҳолатлар ўз исботини топмаган.

Ана шулардан келиб чиқиб апелляция судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилган деб ҳисоблади. “Yangi zamon biznes” МЧЖнинг апелляция шикоятини тўлиқ қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш, ва иш юзасидан даъво талабларини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топди.

 

 

Қосим АВЕЗОВ,

Тошкент вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

(“XXI asr” газетаси,

 2022 йил 21 апрель)

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: