ЖИРКАНЧ ҚИЛМИШ КАСОФАТИ ХОНАДОН СОҲИБИНИНГ ЎЗИГА УРДИ

Қўқонлик Даминжон Мақсудов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қариб қолганига қарамай, 2017 йилда рафиқаси вафот этгач, шаҳарнинг Туркистон кўчасидаги кўп қаватли уйнинг қизи Ҳанифа Мақсудова номида бўлган хонадонларидан бирида ёлғиз яшай бошлади. Негадир у фарзандларининг бирга яшаш ҳақидаги талаб ва илтимосига кўнмади. Шундай бўлса-да, ўғли ўанижон Мақсудов ҳафта-ўн кунда бир маротаба, катта набираси Шоҳруҳ Даминжонов эса, кунда-кунора хабар олиб туришарди.

Гарчи 80 ёшни қоралаган бўлса-да, Даминжон ота он­да-сонда шаҳар бўйлаб киракашлик қиларди. Аммо ке­йин­ча­лик пул топишнинг «анти­қа», аниқроғи, жирканч йў­ли­ни топди. Яъни турли ёш­да­ги сох­та ошиқ-маъшуқларга ўз уйидан «бошпана» бера бошлади. Тўғри, аввалига «мижоз»лари унча кўп эмасди. Бироқ вақт ўтган сайин айни хилват гў­шанинг дараги ҳаммаёққа овоза бў­либ кетди.

Учкўприк туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган Асадулло Тешабоев ҳам ўтган 2019 йилда кўчада танишган маъшуқаси билан жой ахтариб юр­­ган пайтда таниши Эркин Очилов Д. Мақсудовнинг манзили ва телефон рақамини беради.

Хуллас, шу тариқа Асадулло Даминжон Мақсудовнинг доимий «мижози»га айланади.

Жорий йилнинг 20 февраль куни ҳам шундай бўлди. Бозордаги савдодан чарчаган йигит ҳеч иккиланмай, эски манзилга йўл олди. Қарангки, худ­ди уни кутиб тургандек, ўша пайтда Д. Мақсудовнинг уйида икки нафар жувон ўтирганди. Натижада Асадулло салом-аликдан сўнг ҳалиги аёллар билан осонгина тил топишади. Кейин эса, уйдан чиқаётиб, Даминжон отага 100 АҚШ доллари узатди. Хо­надон соҳиби эса, диван ёнида турган қутичасидан бир даста пул олиб, унга 650 000 сўм қайтиб берди. Лекин айнан мана шу ҳолат содир этилажак қабиҳликка замин яратишини ким билибди дейсиз?

Гап шундаки, А. Тешабоев кўнгилхушликни якунлаб, тонгги соат 04.00 ларда у ердан чиқиб кетади. Аммо ўз уйига етиб борганда ҳам, ундан ке­йин ҳам Д. Мақсудовнинг пул сақлайдиган қутичаси хаёлидан нари кетмайди. Охир-оқибат у қарияни гумдон қи­либ, ўша қутичани қўлга киритишни режалаштиради. Шу мақсадда маҳалладоши Отабек Эрматовни маслаҳатга чақиради.

— Бир қариянинг уйига боргандим. Ухлаб ётганимда чўнтагимдаги ол­ти юз долларимни олиб қўйибди. Шуни қайтариб олишимиз керак, — дейди у гапни узоқроқдан бошлаб.

— Майли, боришга борамиз, аммо чол тан олмаса-чи?! Бундан ташқари ўзимизни туҳ­матчига чиқариб, уйидан ҳайдаб чиқарса-чи?, — деди О. Эрматов.

— Бундай қилолмайди. Мен ҳаммасини ўйлаб қўй­ганман. Қолаверса, пу­ли қаерда туришини ҳам кўр­дим. Қўл-оё­ғи­ни боғлаб, сал қўрқитиб, ке­йин оламиз, — дейди Асадулло.

Шундан сўнг 2020 йил 29 февраль куни соат 21.00 ларда А. Тешабоев аввалига Даминжон отага сим қоқиб, ик­­ки жуфт бўлиб боришини, шу боис, жой тайёрлаб қўйишини илтимос қи­лади. Ке­йин ик­­­­кала маҳалладош унинг уйи­га йўл олишади.

— Келинглар. Тўрт киши бў­либ борамиз дегандинглар-ку?! — деб сў­райди мезбон уларни кутиб олгач.

— Ҳа, тўғри. Ойим қизчалар ҳозир орқамиздан келишади, — дея ёлғон гапиради доимий «мижоз». Сўнг­ра сув ичиш баҳонасида ошхонага чиқиб, Отабек билан яна жиноий ре­жани келишиб олади. Шундан сўнг иккаласи ҳам тиббий қўлқоп ки­йиб, Д. Мақсудовнинг ётоғига киришади. Ўша маҳал хонадон соҳиби чироқни ўчириб, диванда ёнбошлаб ёт­ганди. Бу эса, Асадуллога жуда қўл келади. Яъни у оғайнисига ишора қилиб, бирдан қарияга ташланади. Аниқроғи, унинг қўл-оёғини скотч билан боғлашга ҳаракат қилади. О. Эрматов эса, сочиқ би­лан отахоннинг оғ­зини беркитади. Бироқ ик­каласи ҳам жиддий қаршиликка учрайди.

— Мени кечиринглар, — деб ёлворади Д. Мақсудов хириллаган овозда.

Аммо Асадулло ҳам, Отабек ҳам унга раҳм қилмай, ўз ҳа­ракатини давом эттиришади. Кейин А. Тешабоев диванда турган ёстиқни Даминжон отанинг юзига босади.

Оқи­батда жабрланувчи би­роз типирчилаб, сўнг қи­мирламай қолади. Негаки, у ёстиқ остида нафаси қайтиб, жон таслим қил­ганди. Шунга қа­рамай қотиллар унинг қўл­ларини боғлаб ташлашади.

Буни қарангки, марҳумнинг кўнгли сезган эканми, пулларини қутичадан олиб, бошқа жойга яшириб қўй­­ганди. Бинобарин, жи­ноят­чилар икковлашиб пул қидиришга тушишади. Натижада Отабек диван ўтирғичларини кўтариб тушираётганда елим халтага ўралган пуллар топилади. Халтани очиб кўришганда эса, 100 000 сўмлик пуллар ва АҚШ долларлари борлиги маълум бўлади. Бироқ Асадулло пулларни санамай, курт­касининг ички чўнтагига солиб қўяди. Кейин ташқарида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, хонадондан чиқиб кетишади.

Шундан сўнг улар Учкўприк туманининг Шўх ва Ғиждон қишлоқлари чегарасига бориб, пулларни санаб кў­ришади: елим халтадан 2 600 000 сўм ва 500 АҚШ доллари чиқади. Шу боис А. Тешабоев 1 300 000 сўм ва 200 АҚШ долларини О. Эрматовга беради. Пулнинг тенг ярми ва 300 АҚШ доллари эса, ўзида қолади. Лекин уларнинг разил қилмиши орадан кўп ўтмай фош бўлди.

Гап шундаки, эртаси, яъни 2020 йил 1 март куни эрталаб Ғанижон Мақсудов отасидан хабар олгани келади. Ке­ладию, уй эшиги очиқлигини кў­риб, юраги шиғ этади. Ичкарига кирганда эса…

Шундан сўнг Ғ. Мақсудовнинг хабарига кўра, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари зудлик билан ишга киришишади. Шунда кўп қаватли уй рўпарасига ўрнатилган видеокузатув мосламаси жиноятни фош этишда жуда қўл келади. Негаки, икки нафар йигитнинг Д. Мақсудовнинг уйи йўлагига кириб, ярим соатлардан кейин чиқиб кетган ҳолати тасвирга муҳрланиб қолганди. Бинобарин, уларнинг юз тузилишига қа­раб қидирув бошланади. Натижада 2020 йил 2 март куни икки номаълум шахснинг бири А. Тешабоев, иккинчиси О. Эрматов эканлиги аниқланади. Лекин ИИБ тезкор ходимлари излаб боришганда Отабек 1 март куни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга кетгани аён бўлади. Шу боис, у ҳарбий қисмдан ушлаб келинади.

Асадулло эса, ишга кетгани сабабли отаси Абдулатиф ака унга қўнғироқ қилади. Аммо қотил ўғил ваҳимага тушиб, пойтахт Тошкентга жў­наб қолади.

Қолаверса, йўлда кетаётиб — Қамчиқ довонидан ўтаётганда уяли телефонини тоғдан пастга улоқтиради. Бироқ Тошкент­да уч-тўрт кун юриб, қаерга боришини билмай боши қотгандагина қайтиб келиб, ўзи­ни қонун ҳимоячилари қўлига топширади. Оқи­батда ҳар иккала жи­ноят­чига нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Ушбу жиноят иши жиноят­ ишлари бўйича Фар­ғона вилоят судида кўриб чиқи­либ, айбдорларнинг, жабр­ланувчи вакилининг ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди ҳам­­­да батафсил текшириб чиқилди. Пировардида, суд судланувчиларни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и», «п»-бандлари, 164-моддаси 3-қисми «г»-банди билан айб­дор деб топиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Ўрни келганда ушбу жиноятнинг содир этилишига сабаб бўлган айрим омиллар хусусида фикр юритмаслик мумкин эмас. Аввало, 80 ёш­ли, набираю чеварали ин­сон қўшмачиликдек жирканч қилмиш билан шуғуллангани туфайли касофати ўзи­га урган. Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, марҳум Д. Мақсудов ўзининг бу фаолиятини анчагина олдин бошлаган экан. Чунки фуқаро Эргаш Очилов ҳеч иккиланмай унинг манзили ва телефон рақамини қо­тилга бермаган бў­ларди. Ёки А. Тешабоев истаган пайт­да борганда хонадон соҳиби унга суюқоёқ аёлларни рўбарў қила олмасди. Шундай экан, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ва ҳудуд профилактика инс­пектори бу ҳолатни, наҳотки, пайқамаган бў­лишса?!

Ёхуд ҳали уйланмаган А. Тешабоевнинг ота-онаси ўғилларининг уйга келмай қолишини назорат қилмагани таажжубланарли. Акс ҳол­да, бебош йигит ўта оғир жи­ноятга қўл уриб, умрининг навқирон даврини ха­зон қилмасдими?! Шу маънода, айни мулоҳазалар ҳар бир ота-она ва масъулларни ўйлантириши ёки юқо­ридаги қабиҳликдан ўз­­ларига тегишли хулоса чиқаришга ундаши шарт.

 

Раҳматжон АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти

судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: