ЖИНОЯТ ИШИНИ СУДДА КЎРИШ МУДДАТИНИ ҲИСОБЛАШ: МУАММО, ТАҲЛИЛ ВА ЕЧИМ

Қабул қилинаётган қонунлар олиб борилаётган ислоҳотларимиз билан уйғун бўлган тақдирдагина маромида ишлайди. Бу — айни ҳақиқат, ҳаётий аксиомадир. Лекин айрим қо­нун­ларимиз замон талабларига мос эмас. Шу боис қонунларни ижро этиш механизмиларини аниқ, тизим асосида яратиш — долзарб вазифамиздир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шундай деб алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, суд амалиёти таҳлили жиноят иши­ни судда кўриш муддати­ни­ ҳисоблашни такомиллаштириш ва иш юритишни тўхтатиб туриш асосларини бирмунча кенгайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ушбу муаммоларнинг ҳал этилиши, ўз навбатида, сифатли ва самарали суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади. Хусусан, жиноят ишини судда кў­риш муддатини ҳисоблашда қуйидаги муаммолар мавжуд.

Биринчидан, Жиноят процессуал кодексининг 405-моддасида биринчи инстанция судида жиноят ишини муҳокама қилиш муддати ва уни узайтириш тартиби белгиланган. Бироқ судда жиноят ишлари бирлаштирилган ёки алоҳида иш юритувга ажратилган ҳолларда ишни муҳокама қилиш муддатини ҳисоблаш тартиби назарда тутилмаган.

Қонундаги ушбу бўшлиқ оқибатида суд амалиётида жиноят ишлари бирлаштирилган ёки алоҳида иш юритувига аж­ратилган ҳолларда ишни муҳокама қилиш муддатини ҳисоблашда турлича ёндашувлар кузатилмоқда.

Маълумки, Жиноят процессуал кодексининг 351-моддасида дастлабки тергов муддатлари назарда тутилган бўлиб, унга кўра, жиноят ишлари бирлаштирилаётганда улар бўйича иш юритиш муддати узоқроқ муддат давомида тергов қилинган жиноят иши бўйича белгиланади.

Бунда қолган жиноят ишлари бўйича иш юритиш муддати узоқроқ тергов қилинган иш­нинг муддати билан қамраб олинади ва қўшимча равишда ҳисобга олинмайди.

Алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати, агар жиноят иши янги жиноят­ бў­йича ёки янги шахсга нисбатан ажратилаётган бўлса, тегишли қарор чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади. Қолган ҳолларда муддат бу жи­ноят иши қайси жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратилган бўлса, ўша жиноят иши қўзғатилган пайтдан эътиборан ҳисобланади.

Ушбу нормалар дастлабки терговнинг ўзига хос хусусият­ларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Уларни тўлиғича суд муҳокамаси босқичига нисбатан татбиқ этиб бўлмайди.

Бинобарин, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ва ягона суд амалиётини таъминлаш зарурати мавжуд.

Шу мақсадда Жиноят процессуал кодексининг 405-моддасига судда жиноят ишлари бирлаштирилганда, суд муҳокамасининг муддати судга вақт бўйича охирида келиб тушган иш бирлаштирилган санадан бошлаб ҳисобланишини, жи­ноят­ ишлари ажра­тил­ганда эса, у қайси жиноят ишидан ажратилган бўлса, ўша жиноят ишини судда кў­риш бошланган санадан бошлаб ҳисобланишини назарда тутувчи қў­шимчалар киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Иккинчидан, амалдаги Жиноят процессуал кодексида жиноят иши бўйича судьянинг ало­ҳида хонада, суднинг эса, маслаҳатхонада бўлган вақти суд муҳокамасининг умумий муддатига қўшиб ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги тўғ­рисидаги нормалар мавжуд эмас. Бу ҳолат, ўз навбатида, суд амалиётида суд муҳокамасининг муддатини ҳисоблашда турлича ёндашувларга олиб келиши мумкин.

Жиноят процессуал кодексининг 456-моддасига кўра, судья ҳукмни алоҳида хонада, суд эса, маслаҳатхонада чиқариши, яъни тайёрлаши лозим. Бун­­­дан ташқари кеч кириши би­лан, зарурат бўлган тақдирда эса, кун давомида ҳам суд маслаҳатни тўхтатишга ҳақлидир. Маслаҳатлашув дам олиш куни ва байрам кунида ҳам тўхтатилади.

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 461-моддасига кўра, ушбу кодекснинг 457, 459-моддаларида кўрсатилган масалаларни алоҳида хонада ё маслаҳатхонада муҳокама қи­лиш вақтида суд иш учун аҳа­мият­ли бўлган бирор ҳолат қўшимча равишда аниқланиши керак, деб топса, ҳукм чиқармай, суд терговини яна давом эттириш тўғрисида ажрим чиқаради.

Демак, Жиноят процессуал кодексининг 456 ва 461-моддалари мазмунига кўра, судьянинг алоҳида хонада, суднинг эса, маслаҳатхонада бўлган вақти суд муҳокамасининг умумий муддатига қўшиб ҳисобланмаслиги керак.

Қолаверса, мураккаб ва катта ҳажмли жиноят ишлари бў­йича ҳукмни ё ажримни масла­ҳатхона ёки алоҳида хонада тайёрлаш ўзига яраша муайян бир муддатни, янада аниқроқ қи­либ айтганда, 10-15 кунлаб вақт талаб қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Шуни инобатга олган ҳолда, Жиноят процессуал кодексининг 405-моддаси 3-қисмини қуйидаги таҳрирда баён қи­лиш мақ­садга мувофиқ:

«Жиноят ишини кўриш тўх­татиб турилган вақт ва судьянинг алоҳида хонада, суднинг эса, маслаҳатхонада бўлган вақти ишни муҳокама қилиш муддатига кирмайди».

Бундан ташқари судда иш юритишни тўхтатиб туриш борасида қуйидаги муаммолар мавжуд. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 405-моддасига кўра, жиноят ишини судда муҳокама қилишга та­йин­лаш тўғрисида судьянинг қарори чиқарилган вақт­дан бошлаб кўпи билан ўн суткада суд иш­ни кўришни бошлаши лозим.

Кодекснинг 410-моддасида биринчи инстанция судининг мажлисида жиноят иши судланувчининг иштирокида муҳокама қилиниши, судланувчининг судга келиши шарт эканлиги белгиланган.

Бироқ таҳлиллар шуни кўр­сатмоқдаки, судланувчининг ишни кўраётган суд фаолият кўрсатаётган ҳудуддан ташқарида бошқа жиноят иши бўйича эҳтиёт чораси сифатида қа­моққа олинганлиги, уй қамоғида сақланаётганлиги ёки озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлиги аниқланганда, ушбу судланувчи суд залига келтирилгунга (этап қилингунга) қадар суд муҳокамасини бошлаш имконияти мавжуд эмас. Бундан ташқари республикамизнинг бошқа ҳудудида қамоқда (уй қамоғида) сақланаётган ёки озодликдан маҳрум қилиш (озодликни чеклаш) жазосини ўтаётган шахсларни суд залига келтириш (этап қилиш) анча узоқ муддатни, яъни бир ойдан уч ойгача бўлган муддатни талаб қилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 405-моддасида назарда тутилган ишни муҳокама қи­лишнинг икки ойлик муддатини бузишдан қочиш ҳамда ушбу кодекснинг 410-моддасидаги биринчи инстанция су­ди мажлисига судланувчининг ке­лиши шартлиги тўғ­рисидаги талабга риоя қи­лиш мақса­ди­да, гарчи Жиноят-процессуал кодекснинг 399 ва 420-моддаларида назарда тутилмаган бўл­са-да, биринчи инстанция судлари томонидан юқорида қайд этилган ҳолларда судланувчи суд залига келтирилгунга ёки этап қилингунга қадар иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқариш ҳоллари ҳам учрайди.

2019 йил 23 майда қабул қилинган қонунга асосан Жи­ноят­-процессуал кодексда гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳа­­ракатлари, яъни сўроқ, шахс­ларни ва нарсаларни таниб олиш ва юзлаштиришлар уш­бу шахсларни улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги ви­лоят­ ёки туман ёхуд шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Лекин кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, эксперимент ўтказиш ка­би тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имкони мавжуд эмас.

Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддасига кўра, давлат сирларига оид, шунингдек, жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилиши лозим.

Вояга етмаган шахсларга оид, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчи, гувоҳ ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, улар оила аъ­золари ёки яқин қа­рин­дош­ларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни ҳам суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддаси ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўймасликни, бундай мажлисни аудио- ва видео ёзувга олмасликни талаб қилади.

Мазкур муаммони инобатга олган ҳолда, Жиноят-процессуал кодекснинг 399 ва 420-моддасига судланувчининг ишни кўраётган суд фаолият кўрсатаётган ҳудуддан ташқарида бошқа жиноят иши бўйича эҳ­тиёт чораси сифатида қамоққа олингани, уй қамоғида сақланаётгани ёки озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш жазосини ўтаётгани аниқланганда, ушбу судланувчи суд за­лига келтирилгунга ёки этап қилингунга қадар иш юритишни тўхтатиб туришга йўл қўйилишини назарда тутувчи қў­шимчалар киритиш таклиф этилади.

Айни чоғда, таҳлил давомида жиноят иши бўйича суд муҳокамасини давом эттиришга тўсқинлик қилувчи бошқа бир қатор ҳолатлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Бироқ улар Жиноят-процессуал кодекснинг 420-моддасида жиноят ишини кўришни тўхтатиш асослари сифатида назарда тутилмаган.

Суд амалиётида айрим ҳолларда иш бўйича жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида қатнашган, лекин бошқа жиноят иши бўйича тегишли вилоят ҳудудидан ташқарида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, уй қамоғида сақланаётган ёки озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган шахсларни суд залига келтириш ёки этап қилиш, шунингдек, айрим ҳолларда иш бўйича экспертиза тайинланиб, жиноят иши материалини экспертиза муассасасига юбориш зарурати туғилиши мумкин.

Бундай ҳолатларда шахсни суд залига этап қилиш ҳамда экспертиза текширувини ўтказиш муайян бир вақт талаб қи­лади. Бу вақт мобайнида, ай­ниқса, жиноят иши материали экспертиза муассасасига юборилган ҳолларда, суд муҳокама­сини давом эттиришнинг им­­кони бўлмайди.

Ушбу ҳолатлар фақатгина иш­ни судда муҳокама қилишнинг муддатига эмас, балки иш бўйича қонуний ва асосли қарорлар қабул қилишга ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, Жиноят-процессуал кодекснинг 420-моддасини такомиллаштириш таклиф этилади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Фуқаролик процессуал, Иқ­тисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларда мазкур ишни ¤збекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда, шунингдек, суд томонидан экспертиза тайинланганда судда иш юритиш тўхтатилиши назарда тутилган.

Бироқ юқорида айтиб ўтилган асосларга кўра, жиноят иши­ни судда кўришни тўхтатишга йўл қўйилмаслиги, ўз навбатида, айнан бир-бирига ўхшаш асослар амалиётда суд ихтисослигига қараб турлича қўлланилишига олиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, суд ишларини юритишнинг амалдаги тартиби фуқаролар билан бирга, ҳуқуқни қўлловчи масъул шахслар ва давлат органлари учун ҳам қулай ва содда тарзда бўлиши лозим. Ана шундагина суд амалиётининг сифати ва самарадорлиги ошади.

Дилшод Тожибоев,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: