ЖИГАРЛАРНИ АЙИРГАН МЕРОС

Эргашали ака қишлоқда ягона махсидўз. Қиш-қировли кунларда уйидан мижозлар аримайди. Аммо “сезон” бўлмаган пайтлари рўзғор аравасини тортиш бироз қийинроқ кечади. Куз ойининг бошларида ҳарна тирикчиликка ёрдам деди-ю тиккан махсиларини сумкага жойлаб, эрта тонгдан бозорга отланди. Бир ҳафта давомида тиккан махси ковушларини пуллаб, қайтишда рўзғорга ул-бул олди.

Шаҳрисабз бозорига кираверишдаги кўзга ташланадиган жойда ўтирган Абдураҳмон қандолатчини холваларидан олиб кетмаса бўлмайди. Айниқса қизи Лобарни жону дили. Эргашали йўл-йўлакай бир килограмм анжир ҳам сотиб олди. Лобар иссиққина нонга анжир қўшиб ейишни яхши кўради. Кеча дадаси бозорга боришини эшитиб қолиб: “Дада, бозорга борсангиз холва билан анжир олиб келинг”, деб илтимос қилганди. Сарғайиб пишган анжирдан сотувчи кўм-кўк барглар устига авайлабгина солиб берди.

Бозордан уйга пешинга яқин кириб борди. Лобар билан Акмал мактабга кетган, бугун Шариф бормаган экан. Кеча футбол ўйнаб чап оёғини қайириб олганини онаси айтганди. Эргашали бозордан олиб келган нарсаларини сўри устида қолдириб, ўзи чойхонага чиқиб кетди. Ҳамида опа қишлоқ чеккасида яшовчи синглисиникига кетганди. Уйда ёлғиз қолган Шариф отаси олиб келган ширинликларни паққос туширди. Ичидаги бир дўсти озгинасини синглиси билан укасига олиб қўйишини илтимос қилса, бир душмани, “Нима қиласан, ўзи йўқни юзи йўқ”, “Безни иши эса беш, бемалол еб қўявер. Улар уйда йўқ бўлса сезишмайди”, деб ақл ўргатарди. Тушдан кейин опа-укалар мактабдан кела солиб акасидан дадаси нима олиб келганини сўрашди.

Айниқса Лобар сўри устида очиқ қолган пакет ичидаги холва ушоқларини кўриб, кўзидан ёш чиқиб кетди.
– Ака, нега менга олиб қўймадингиз? Ахир мактабда тушлик ҳам қилмадим.
– Нима қипти, шунгаям ота гўри қозихонами? Нима сени мактабдан келиб холвани ейишингни кутиб ўтиришим керакми?
– Дадам бир ўзингизга олиб келмаган, бизниям насибамиз бор.
– Сен ҳали менга насиҳат қиладиган ёшда эмассан. Бор ишингни қил, аям холамникига кетган, сени бир дунё иш кутиб турибди.
Лобар акасининг бу одатидан норози бўлиб кўрпага ўраниб ётиб олди. Аяси буюриб кетган ишларни бирортасиниям бажармади. Ахир акасидан жаҳли чиқишига ҳаққи бор. Бу биринчиси эмас. Ҳар доим укаларининг насибасини еб қўяди. Аяси ҳам шу акасига укаларининг ризқини олиб қўйишни ўргатмади-да. Бир сафар Лобар акаси унга аталган шоколадни еб қўйганида аясига шикоят қилганида Шарифга танбеҳ бериш ўрнига Лобарга пул бериб: ”Бор дўкондан ўзингга олиб келгинда заҳри махрингга еб олиб, овозингни ўчир”, деганди. Ўшандан буён бу ҳақда оғиз очмай қўйган. Бу сафар акасининг қилиқлари ҳиқилдоғига келтирди. Хўп холва билан анжирни паққос туширибди, ҳеч бўлмаса анжирнинг пўчоқларини чиқинди челагига солиб қўйса бўладику. Анжирни у киши ейди, чиқиндисини Лобар тозалаши керакми? Ҳаҳ ҳали шошмай турсин, катта бўлсам, барибир ҳаққимни айириб оламан.

Вақти-соати етиб Лобар турмушга чиқди. Аммо эрининг ношуд, масъулиятсизлиги туфайли жуда кўп қийинчиликлар кўрди. Икки боласи билан ижара уйларда яшашга мажбур бўлди. Рўзғор тизгинини қўлига олишни истамаган эри хорижга ишлашга кетди-ю, шу бадал қорасини кўрсатмади. На ундан хат-хабар бор, на бир-икки сўм маблағ. Лобар аёл боши билан икки боласини едириб-ичиришга қийналди. Синглисини ҳали у қишлоқда, ҳали бу қишлоқда кўчиб юрганини эшитган аканинг ор-номуси уйғонмади. Онасининг қистови билан Лобар ота уйига қайтиб келди. Қайси келин тумушга чиққан қайнсинглисини уйига сиғдиради дейсиз. Каромат ўзига тўқ оиланинг қизи бўлгани учун акаси унга алоҳида уй олиб берганди.

Аммо икки ўғли бўлгани учун қайнотасининг ҳовлисидан умидвор келин янги уйга кўчиб ўтишни истамади. Лобар қайтиб келганидан сўнг ака-сингил ўртасида кўринмас девор тортиш учун ҳеч ким ўқий олмайдиган пинҳона сценарий туза бошлади. Шарифни синглисига қарши қайраб, ўзи бир четда томошабин бўлиб туришни одат қилди. Бир куни кечки овқат маҳали уйда жанжал чиқди. Каромат ўзининг болаларини косасига катта-катта гўшт бўлакларини солиб, Лобарни болаларининг косасига гўшт солмабди.

Кенжатойи Жавоҳир тоғасининг ўғлини косасидаги гўштга кўзи тушиб қолиб:”Мен ҳам гўшт йийман”, деб хархаша қила бошлади. Лобар қўлидаги қошиқ билан иккала ўғлининг косасидаги овқатни текшириб кўрди. Ақалли бир донагина бўлса ҳам гўшт солинмаган.
– Келинойи, нега мени болаларимга гўшт солмагансиз?
– Болаларингиз етим эмас, отаси бор, олиб келса пишириб бераман, – деди Каромат заҳархандалик билан.
Эргашали ака келинига бир ўқрайиб қаради-ю, ўзининг косасидаги гўшт бўлакларини невараларининг косасига солиб берди.
Ўша куни кечки овқатдан сўнг Эргашали ака билан Шариф тортишиб қолишди. Ўғил отасига аралашманг деди. Эргашали ака бу уйда синглисининг ҳам ҳаққи борлигини, кўзи очиқ экан уни кўчага хор қилиб ташлаб қўймаслигини айтганида буни эшитган Кароматнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди.
Бу орада қайнсингил ва келин ўртасида анчагина гап-сўзлар бўлиб ўтди.

Уйда тинчлик йўқолди. Лобар болаларини ота-онасига омонат қолдириб, ўзи ишга кирди. Қўлидан келганича рўзғорга ул-бул кўтариб келишга уринди.

Унинг фикру хаёли икки ўғлини акасининг болаларидан кам қилмай ўстириш эди. Акаси ўғилларига нима олиб берса у ҳам болаларига шундай нарсаларни олиб берарди.
Бир куни ишдан қайтса жияни Олим кенжатойи Жавоҳирни ерга тепкилаб уряпти. Ота-онаси тўйга кетишган. Ҳовлида ҳеч ким йўқ бўлса керак деб ўйлаган Лобар зўравон жиянининг кафтидан тутиб, дакки бераётганида ичкаридан келинойиси ўқдек отилиб чиқиб уни ҳақоратлай бошлади. Лобар ҳам бўш келмади. Оғизда бошланган айтишув, даҳанаки жанг билан якунланди. Бу оиладаги можарога маҳалла оқсоқоли ҳам аралашишга мажбур бўлди. Аммо низо кундан-кунга катталаша бошлади. Бу орада Эргашали ака юрак хуружидан оламдан ўтди. Ака-сингил ўртасида қозичилик қилишдан зериккан Ҳамида опа ҳовлини қизининг номига васият қилиб берди. Буни эшитган Шарифнинг тепа сочи тикка бўлди. Энди булар эр-хотин бир тараф, онаси ва синглиси бир тараф бўлиб олишди. Ҳовлининг ўртасидан тортилган девор ака-сингил қалбидаги нафратни катталаштирса катталаштирдики асло камайтирмади. Лобар ҳам ёши улғайиб ҳақ-ҳуқуқини танийдиган бўлиб қолди. Эридан умидини узиб, келажаги учун курашишга киришди. Бир пайтлардаги юрагининг қат-қатига беркиниб олган қасос ўти уни жаҳл отига миндирди. Энди у аввалги мулойим, меҳрибон, акаси ҳаққини еб кетса ҳам йиғлаб-йиғлаб юпанадиган Лобар эмас. Энди у оғзидагини бировга олдириб қўймайдиган, иккита боласини хор қилганларга қақшатқич зарба берадиган жоҳил, телба аёлга айланди. Илгари келинойисининг қилиқларини кўриб кўрмаганга олар, эшитиб эшитмагандай индамай кетаверарди. Энди эса бўш келиш йўқ. Ҳамида опа ака-сингил ўртасидаги жанжалдан безиб, келинини акаси олиб берган уйга чиқиб кетишини айтганида келин уввос солиб йиғлади.
– Агар васиятингизни қайтариб олиб, уйнинг ярмини мени номимга ўтказиб бермасангиз, гўрингизда тикка туришга мажбур қиламан!

Келинойисини онасини ҳақорат қилаётганини эшитган Лобар жаҳл устида ерда ётган тешани Кароматга қараб отди. Теша тўғри бориб унинг елкасига тегди ва жароҳатлади. Қайнсинглисини худди шундай хато қилишини кутиб турган Каромат ички ишлар ходимларига даво қилди. Суд бу оиладаги маънавий муҳитни ўрганиб чиқди. Лобарга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
Лобарку қилган гуноҳи учун қонун олдида жазосини олди. Нима бўлганда ҳам у қўлига эрк бермаслиги, оғир-босиқлик билан иш тутиши керак эди.

Муаммони жаҳл билан ҳал қилиб бўлмаслигини тушуниб етди ва ҳаммадан узр сўради. Аммо синглисининг ҳаққини болаликдан ейишга ўрганган ака маҳалла-кўй олдида қандай қилиб бош кўтариб юраркин? Фарзандларига бировнинг ҳаққини ейиш гуноҳ эканини ўргатмаган она-чи? Бир ёстиққа бош қўйган, бир умрлик йўлдошининг синглисини жазога тортилишига ҳисса қўшган келинойи-чи? Ахир бежизга келин сўзидан кейин ойи деган сўз қўшилмаганку. Бу дегани сен бу оиладаги қайнона-қайнотанг учун келин бўлсанг, кичиклар учун ойидек азизсан. Мана шу мақомга лойиқ бўл дегани эмасми? Хулоса сиздан.

 

Лазиза РАСУЛОВА,
жиноят ишлари бўйича

Шаҳрисабз шаҳар суди раиси,
Нигора РАҲМОНОВА,
журналист

 

(«Оила ва жамият» газетаси,

 2020 йил 11 ноябрь)

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: