ЖАҲОЛАТ БОТҚОҒИ

Ҳаётда ақли расо кишилар ҳамиша тўғри йўлдан юришади. Тўғри йўл эса, жиноий кирдикорлар, қинғир ишларга қўйилган энг ишончли тўсиқ. Аммо ақлини яхшилик ва эзгуликка эмас, балки ёмонлик ва ёвузликка сарфлаб, одамларнинг нафратига дучор бўладиган кимсалар ҳам ҳаётда учраб туради. Охир-оқибат бундай кимсалар қилмишлари учун судда жавоб беради.

Бундай тоифадаги кимсаларнинг аксарияти жиноят кў­часига муқаррар жазони ҳатто хаё­лига ҳам келтирмай киришади. Башарти, шундай бўлмаганида, ўз яқини — туғишган акаси Шуҳрат Муқимовнинг кўнглида жўш урган эзгулик, қон-қардошлик туйғуси ур­ганч­лик Фаррух Муқимовга малол келмаган, уни ашаддий қотиллик домигача етаклаб келмаган бўларди.

1973 йилда туғилган Шуҳрат ёшлигиданоқ ўз меҳрини ота-онаси-ю, оға-иниларига эмас, балки ўзга қариндошларига бахш этди.

Ёши элликни қо­ралаган бўлса-да, оила қуриш, фарзанд кўришга шошилмади. 1991 йил туғилган укаси Фаррух ёшлигидан қўрс, жиззаки бўлиб ўсди. Воя­га етгач, Фаррухнинг бир боши икки бўл­ди, оила қурди, фарзанд кўрди. Бу янглиғ бахтдан холи қолган Шуҳрат эса, умргузаронликни ўз билганича давом эттирди. Ёмон томони, укаси Фаррухнинг кейингги пайтларда ётлашиб, узоқлашиб кетган айрим яқинлари, хусусан, умр йўлдоши Ўғилжон Бобожонованинг опаси Иқбол Бобожонова ва унинг эри Одилбек Муқимов билан ўзаро борди-келдини бошлаб юборди.

…2021 йилнинг ёзи. Хорижда бир неча йил ишлаб Урганчга қайтган Фаррух кутилмаганда яна йўлга отланди. Тошкентда ишлаб, озроқ бўлса-да, пул жамғаришни ният қилди. Йўлга тушиш олдидан акасига ўзига ҳам қариндош, ҳам божа бўл­миш Одилбек Муқимов ва унинг хотини Иқбол Бобожоновадан узоқроқ бўлиш, ўзаро борди-келдиларни бас қи­лиш­ни сўради. Бунга уларнинг бу хонадонга ҳар гал келиб-кетиши жанжал-можаро билан якун топаётганини сабаб қилиб кўр­сатди. Бу қа­риндошлар билан буткул орани очиқ қилмай туриб, оилавий машмашаларларга чек қўйиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Лекин уканинг айтгани акага маъқул келмади. У борди-келдиларга чек қўйишни хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, Фаррух Тошкентга кетгач, Одилбек билан Иқболни уйига яна меҳмондорчиликка таклиф қилди.

Фаррух акаси томонидан уюштирилган ушбу зиёфат тафсилотларидан хабар топгач, уйига қайтди. Аммо унинг кўнгли соғинч ва меҳрга эмас, балки ғазаб ва нафратга тўлган эди. Ҳали остона ҳатламай туриб, акасига заҳрини сочди, меҳмондорчиликнинг сабабини сўради. Укадан дакки еган ака ҳам қараб турмади. У укасининг юзига шаполоқ тортиб, ҳали ақл ўргатишга ёш эканини уқтирди. Бу ҳолат уканинг ғазабини баттар олов олдирди. Ик­ки ўртадаги оддий можаро муросасиз жанжалга айланди.

Бундан хабар топган оила аъзолари ўртага тушишди, ака-укани муросага келтиришди. Аммо аламзада Фаррух қўлига ўткир тиғли ошхона пичоғини олиб, уни Шуҳратнинг кўк­сига икки марта санчди. Олган тан жароҳати туфайли Ш. Муқимов вафот этди.

Ф. Муқимов суд ва тергов жараёнида айбига тўлиқ иқрор бўлди. Айни пайтда отасига ўт­казган ситам ва зуғуми учун ака­сига нисбатан кек сақлаб келгани, лекин уни ўлдириш ния­ти бўлмаганини таъкидлади. Шу муносабат билан ўзи содир этган қотиллик ҳаракати қасд ва ғараз мақсадларда амалга оширилганини инкор қил­ди. Бу мудҳиш қотилликни асабий зўриқишнинг оқи­батига йўйди. Жанжал пайти ўзини-ўзи бошқара олмай қолганини таъкидлади. Гувоҳ ва холисларнинг кўрсатмалари эса, рўй берган мудҳиш қотиллик оиладаги носоғлом маънавий-ахлоқий муҳитнинг мантиқий якуни экани ва қасддан содир қилинганини тасдиқлади.

Жумладан, Олий суд Пленумининг «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бў­йича суд амалиёти тўғрисида»ги 13-сонли қарорида қайд қилинишича, қасддан одам ўлдириш жиноя­ти ҳам тўғри, ҳам эгри қасд билан содир этилиши мумкин. Қасддан одам ўлдиришга қаратилган жиноий ҳаракат содир этилаётганда айбдор жабрланувчини ҳаётдан маҳрум этиш ниятида ҳаракат қилади, ўз қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади, ўлим юз беришини истайди (тўғри қасд) ёки бунга онгли равишда йўл қўя­ди (эгри қасд). Башарти, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмида назарда тутилган қилмишлар, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, яъни қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки урушиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўл­са, уни мазкур модданинг 1-қисми бўйича малакалаш лозим бўлади.

Суд ва тергов жараёнида аниқланган ҳолатлар, жумладан, гувоҳларнинг кўр­сатмалари марҳум Ш. Муқимов онгли равишда, қасд­дан ва аввалдан ҳозирлик кўрилган ҳолда амалга оширилган жиноий ҳаракат натижасида ҳаётдан кўз юмганини кўрсатди. Бундай вазиятда Ф. Муқимовнинг қилмишини безорилик ёхуд жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатлар билан изоҳлашнинг имкони йўқ. Суд тергови жараёнида бу машъум қотилликка ака-укаларнинг кўп­дан буён давом этаётган ўзаро жанжали, аканинг отага қўл кўтаргани, укаси суймаган қа­рин­дош­ларига қучоқ очгани сабаб бўлгани яқ­қол равшан торт­ди. Табиийки, суд буларни қасддан содир қилинган асоратли ва оғир оқибатли жиноий қилмиш сифатида баҳолади.

Шу билан бирга судланувчининг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, ночор оилавий аҳволи, бир нафар фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани, шунинг­дек, жабрланувчининг қонуний вакили уни кечиргани, жазо тайинлашда енгиллик беришни сўрагани назарда тутилди.

Бу эса, жазони Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида кўр­са­тилган энг кам миқдор бўйича та­йин­лашни тақозо эт­ди. Судланувчи мазкур модда талаби асосида 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ақли расо, етти ўйлаб бир кесувчи­ одам жаҳл келганда ақлни чархлайди.

Унинг узлатга чекинишига имкон бермайди. Ўз туғишган акасининг умрига зомин бўлган Фаррух Муқимов худо берган ақл-тафаккурни ишлатолмаган ноқобил кимса бўлиб чиқди. Ақлу тафаккурини эзгуликка бахш этганлар ар­доқда, ёмон ва ёвузлик йўлига қурбон қилганлар эса, нафрат ва ғазаб домида яшайди. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир.

 

 

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: