ЖАВОБГАРЛИКНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ ТАМОЙИЛИ ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА МУҲИМ ВОСИТА

Бугунги шиддатли, кутилмаган воқеаларга бой замонамизда жамоат тартибини сақлашнинг аҳамияти аввалгидан ўн чандон ортди, десак, муболаға бўлмайди. Бунда фуқароларнинг ўрнатилган қоидаларга сўзсиз риоя қилишини таъминлаш, аввало, ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш алоҳида ўрин тутади.

Жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда эса, қонунчиликни такомиллаштириш жу­да муҳимдир. Олий Мажлис Сенати томонидан жорий йил 21 октябрда маъқулланган ва давлатимиз раҳбари томонидан 5 ноябрь куни имзоланган «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қо­нун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўп жиҳатдан айнан шу мақсадга йўналтирилган.

Аслида, қонун ҳужжатларига киритилаётган ҳар бир ўз­гартириш янги давр тақазосидир. Янги қонун билан яқиндан танишиб, унга доир рақам ва далилларни кўриб чиқиш асносида бунга яна бир карра амин бўлиш мумкин.

Жумладан, бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учрамоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2017-2019 йилларда 10 минг 65 та шундай ҳолат аниқланган.

Шундан 6 минг 835 таси ёки 68 фоизи пичоқлар билан боғлиқ ҳо­латлардир.

Жорий йилнинг 6 ойида эса, 14 минг 957 та факт қайд этилиб, уларнинг 85 фоизи пичоқлар ва қолган қисми бошқа турдаги ашёлар би­лан боғлиқ.

Мазкур ҳолатларнинг 58 фоизи кўчада, 22 фоизи бозорларда, 24 фоизи таълим муассасаларида содир этган. Бунинг оқибатида эса, айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган бўлса, шундан 168 таси ёки 31 фоизи қо­тиллик, 289 та­си, яъни 53 фоизи оғир тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар юз беришига олиб келган.

Бундай статистика соғлом фикрли ҳар бир инсонни ҳақ­ли равишда ташвишга солади. Бир ўйлаб кўринг, агар одамлар ёнида олиб юрган бу аёшлар руҳий носоғлом ёки жиноятга мойил шахс­лар қў­лига тушиб қолса, уларнинг ҳар бири бир неча ўнлаб одамлар учун хатар туғдириши мумкин.

Қолаверса, ўткир тиғли буюмлар оддий эҳтиётсизлик оқибатида ҳам анчагина кўн­гилсиз воқеаларга олиб келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Айниқса, ёшлар томонидан ёнида пи­чоқ олиб юриш оқибатида содир бўл­ган ҳуқуқбузарликлар кишини ўй­лан­тирмай қолмайди.

Хусусан, 2020 йилнинг 9 ойида жиноятлар сони 36 минг 778 тани ташкил этган бўлса, шундан 616 та жиноят ўткир тиғли жисмлар билан содир этилган.

Тошкент шаҳрида 118 та, Тошкент вилоятида 103 та, Фарғона вилоятида 96 та, Наманган вилоятида 64 та шундай ҳолат қайд этилган.

Бундай нохуш воқеаларнинг ҳар бири — фожиа. Маънавий таназзул фожиаси, фарзандлар тарбиясига етарли эътибор бермаслик фожеасидир.

Кўп ҳолларда ёшлар арзимаган сабаблар билан жанжаллашиб, ўртадаги муносабатларни совуқ қурол билан «ҳал» қилганлари бу фикри­миз­ни яққол тасдиқлаб турибди.

Хусусан, 2020 йил 11 август куни икки гуруҳдан иборат ёшлар Чилонзор туманида гап талашиб, шу куни соат 22.00 ларда Шайхонтоҳур тумани ҳудудида кўришиб, уришиб кетишган. 17 ёшли Акбар 18 ёшли Сардорга 2 марта пичоқ уриб, қасд­дан тан жароҳати етказган (исм-шариф­лар ўз­гар­ти­рил­ган). Афсуски, бу каби мисоллар кам эмас.

Келгусида фуқаролар, айниқса, ёшлар томонидан бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш — биз таҳлил қилаётган қонуннинг асосий мақсади.

Шуниси эътиборлики, тан жароҳати етказиш бўйича ҳам амалдаги Жиноят кодексининг 104-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Таҳлилларга кўра, юртимизда Жи­­­­ноят­ кодексининг 104-моддаси бўйича 2017, 2018 ва 2019 йилларда жами 3 минг 790 та жиноят содир этилган.

Шундан 906 тасида ёки 24 фоизида пичоқдан фойдаланилган ҳолда жароҳат етказилган.

Биргина 2020 йилнинг 8 ойи­да эса, айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жи­ноят­ содир этилган. Бу жиноятларнинг 168 таси ёки 31 фоизини қо­тил­лик, 289 тасини, яъни 53 фоизини оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари ташкил этади.

Энг ачинарлиси, ушбу ҳолатларнинг аксарияти яқинлар, қариндошлар, таъбир жоиз бўлса, жигарлар ора­сида содир бўлган. Жумладан, Бухоро шаҳрида 66 ёшли Юнус Салиев ўз укаси 61 ёшли Сулаймон Салиев билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жанжал оқи­батида укасига икки маротаба пи­чоқ уриб ўл­дирган.

Бу каби жиноятчилик статистикаси инсон қалбини ларзага солмай қолмайди.

Шу сабабли пичоқ қўллаб қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида қонунга ўзгартиш киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг 104-моддаси 3 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмига кўра, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўл­ган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлашиш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъ­зонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолия­ти тамоман йўқолишига, руҳий ҳо­латнинг бузилишига ёки соғлиғининг бош­қача тарзда бузилишига, умумий меҳнат қобилия­тининг 33 фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса — уч йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилганча озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Биз шарҳ бераётган қонун билан 104-модда иккинчи қисмидаги «к» банди «к» ва «л» бандлари билан ал­­машти­рил­ди. Яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш: «л» бандига кўра, қу­ролли ёки совуқ қурол си­­фатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилга қадар озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Бу ўринда муқобил жазо тури бўл­­ган озодликдан чеклаш жазоси умуман қўлланилмайди. Қонунчиликда фақат озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши кўрсатилган.

Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш — бу жавобгарлик кучайтирилаётган яна бир хатти-ҳаракатдир. Хусусан, Жиноят кодексининг 105-моддаси иккинчи қисми диспозициясининг «л» банди «л» ва «м» бандлари билан алмаштирилган.

Унга кўра, содир этилаётган пайт­да ҳаёти учун хавфли бўлмаган ва 104-моддада кўр­сатилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш — уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Янги қонунга асосан, жи­ноят­ қу­рол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жа­золанади.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, ко­декс­га янги 185-2 ва 185-3-моддалар киритилди.

Ушбу кодекснинг 185-2-моддасининг биринчи қисмида фуқаролар то­­монидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда ёки спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда, ғилофсиз олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан — бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий фаолиятда, спорт фао­лия­тида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, фуқаровий қу­ролни, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўл­ган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қил­май, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан — беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-3-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бў­лиши тақиқланган ашёларнинг қо­нунга хилоф равишда муомалада бў­лиши тақиқланмоқда.

Яъни ушбу модда талаблари бузилса, мазкур ашёлар му­содара қи­линиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд ўн беш суткагача маъмурий қа­моққа олишга сабаб бўлади.

Шуниси эътиборлики, совуқ қу­рол ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлик учун жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли, мамлакатимизда 2017, 2018 ва 2019 йилларда Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг жа­ми 1 минг 19 таси совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланган ҳолда содир этилган.

Янги қонун билан «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 3 ва 9-моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мамлакат ҳудудида тақиқланиши белгиланган бўлса-да, бироқ совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мум­кин бўл­ган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларга таъриф берилмаганлиги мазкур тушунчанинг турлича талқин қилинишига олиб келган.

Шу сабабли, «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида совуқ қу­рол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлар деганда, жисмоний куч ишлатиш натижасида одамнинг соғ­лиги ва ҳаётига зарар етказиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хўжалик-маиший ва касбий мақсадларда, ишлаб чиқариш саноати ҳамда спорт фаолиятида фойдаланиладиган тиғли, кесувчан ва бошқа ашёлар, пичоқлар ва бошқа тиғли ашёлар, бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар, яъни чиллакларни назарда тутувчи тушунча киритилди.

Шунингдек, «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда жамоат жойларида, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳар­лар­аро ва халқаро транспортда очиқ, ғи­лофсиз ҳолда олиб юришни тақиқловчи норма киритилди.

2020 йилнинг 8 ойида 85 та безорилик жинояти айнан со­вуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар билан содир этилган. Шу жиҳатдан, қонунга киритилган норма бу каби ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.

Аслида, инсон ҳаёти ва саломатлиги шу қадар нозик хил­қатки, гоҳида кутилмаган тасодиф ёки ножўя ҳаракат уни бир умрга ҳаёт қувончларидан мосуво қилиши мумкин. Айрим ҳолларда эса, бундай кутилмаган омиллар одамнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига ҳам сабаб бўлади.

Шу боис, қабул қилинган қонун бугунги кун талабидан келиб чиқиб, хал­қимиз фаровонлиги, эркинлиги ва саломатлигини ҳимоя қилишга, юртдошларимизнинг тинч-хотиржам яшашларига хизмат қилади.

 

 

Қутбиддин Бурхонов,

Олий Мажлис Сенати

Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: