ЕЧИМ ТОПГАН МУАММО: СУД ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ

Аввало шуни айтиш керакки, 2015 йил Андижон шаҳар марказий деҳқон бозори реконструкция қилиниши муносабати билан шаҳар ҳокимининг 2015 йил 23 июндаги 382-Қ-сонли қарорига мувофиқ, бозор ҳудуди ва унинг атрофидаги бино-иншоотлар белгиланган тартибда бузилганди. Бу бино-иншоотлар орасида «ANDIJON VED» масъулияти чекланган жамиятининг 133,41 квадрат метрдан иборат савдо дўкони ҳам бор эди.

Ушбу бино-иншоотлар бузилган вақт­да амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғ­рисида»ги Низомнинг 26-бандида юридик шахс­га мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши, етказилган зарар қопланиши белгиланган. Ам­мо ўша пайтда шаҳар ҳокимлиги томонидан «ANDIJON VED» масъу­лияти чекланган жа­мия­тига савдо дўкони бузилиши муносабати билан компенсация тўлаб берилмаган. Масъулияти чекланган жа­мият­ раҳбари Л. Валиев ўзи­га етказилган зарарни қоплаб бериш юзасидан бир неча марта ёзма мурожаат қилган бўлса-да, унинг мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетган.

Фақат 2018 йилда тадбиркор ва шаҳар ҳокимлиги ўр­та­сида товон пули ўрнига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун 144,0 квадрат метр ер майдони ажратиб бериш бў­йича келишув шартномаси имзоланади. Аммо мутасаддиларнинг масъу­лият­сизлиги оқи­ба­ти­да ушбу келишув ҳам қоғозда қолиб кетади.

Шундан сўнг Л. Валиев Андижон шаҳар адлия бўлими ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказиниг Андижон вилояти бў­лимига мурожаат қилди.

Экспертиза маркази мутахассиси (эксперт) нинг 2022 йил 8 августдаги хулосасига биноан, 144,0 квадрат метр ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи­нинг таққослаш усулидаги бозор баҳоси 130 миллион 272 минг 548 сўмни ташкил қилган. Шундан сўнг шаҳар адлия бўлими томонидан компенсация пули ва экс­пертиза харажатларини ундириш юзасидан Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Айтиш керакки, Ер кодексининг 41-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўлиқ ҳажмда қопланиши белгиланган.

Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участ­касида жойлашган кўч­мас мулк объект­лари мулк­дорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 41-бандида кўч­мас мулк объектлари бузиб ташланиши муносабати билан мулкдорларга олиб қўйилган ер участ­касида жойлашган кўчмас мулк объект­ларининг бозор қиймати, олиб қў­йилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, кўчириш, шу жумладан, бошқа кўч­мас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси, қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бош­қа харажатлар ва зарарлар компенсация қи­либ берилиши, 45-бандида эса, эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқида тегишли бўлган ер участкаси олиб қў­йил­ган тақдирда ушбу ҳуқуқ эгасига олиб қўйилаётган ер участкасига бўл­ган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлаб берилиши қайд этилган.

Суд юқорида кўрсатиб ўтилган қонуний асосларга таяниб, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан «ANDIJON VED» масъулияти чекланган жа­мия­ти фойдасига 130 миллион 272 минг 548 сўм компенсация тў­лови ва 2 миллион 490 минг сўм экс­пертиза харажатларини ундириш юза­сидан ҳал қилув қарори қа­бул қил­ди. Мазкур тўловни Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги давлат ва жамият эҳ­тиёжлари учун ер участ­каларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳудудий жамғарма маблағи ҳисобидан амалга ошириш белгиланди.

Хуллас, тадбиркорни саккиз йил давомида қийнаб келган муаммо судда қонуний ечимини топди. Зеро, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш суд­лар зиммасидаги устувор вазифалардан биридир.

 

 

Иброҳим ЖЎРАЕВ,
Қўрғонтепа туманлараро
иқтисодий суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: