ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР УЧУН МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИК: ҚОНУНИЙ АСОСЛАР ВА ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ

Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ходим билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасининг тузилиши тарафлар учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келишига асос бўлади. Ушбу ҳу­қуқ ва мажбуриятлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган.

Ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги хусусида сўз борганда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида етказилган зарарни тўлаш мажбурияти, унинг миқдори, тартиби ва муддатлари белгилаб қўйилганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, Меҳнат кодексининг 185-197-моддаларида меҳнат шартномасининг бир тарафи ўзининг айбли хулқ-атвори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида бошқа тарафга етказган зарари учун моддий жавобгар бўлиши белгиланган. Бунда тарафларнинг ҳар бири ўзига етказилган моддий зарарнинг миқдорини исботлаб бериши шарт.

Меҳнат шартномаси иштирокчилари ўртасида юзага келадиган моддий жавобгарликка оид масалалар Меҳнат кодекси билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари» ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Моддий жавобгарлик муносабатларини тартибга солинишида корхона ва ташкилотларнинг бевосита ўзи­да ишлаб чиқилган ички меъёрий ҳужжатлар, жумладан, низомлар, моддий жавобгарлик ҳақидаги ёзма шартномалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уларда корхона, тармоқ, касб — вазифанинг ўзи­га хос жиҳатлари­ ҳисобга олинган муайян талаб ва қои­далар назарда тутилади.

Шунингдек, бу борада амалдаги Фу­қаролик кодекси ва бош­қа фуқаролик қонун ҳужжатлари ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 985-моддасида зарар етказишдан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг умумий принциплари белгилаб қўйилган ва бу принциплар меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган моддий жавобгарлик муносбатларига ҳам тааллуқлидир. Жумладан, ушбу модда талабига кўра, ғайриқонуний ҳаракат ё ҳаракатсизлик туфайли фуқаронинг шахсига етказилган, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажм­да қопланиши лозим.

Бундан ташқари қонунда зарарни тў­лаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга ҳам юклатилиши ҳам белгиланган. Шу би­лан бирга, қонун ҳужжатлари ёки шартномада жабрланувчиларга за­рарни тў­лашдан ташқари товон тў­лаш мажбурия­ти ҳам белгилаб қўйилган.

Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади.

Ходимга етказилиши мумкин бўл­ган зарар етказиш предмети доираси қуйи­дагилардан иборат:

а) ходимни ғайриқонуний ишдан бў­шатиш, ишдан четлатиш, бошқа иш­га ўтказиш оқибатида меҳнат қилиш ва иш ҳақи олиш имкониятининг чекланиши;

б) ишлаб чиқариш билан боғлиқ равишда ходимнинг саломатлигига зарар етиши, яъни ишлаб чиқаришдаги бахт­­сиз ҳодисалар, шикастланишлар, касб касаллигига чалиниш туфайли меҳнат қилиш имкониятининг чекланиши, даволаш ва соғлиғини тиклаш билан боғлиқ қўшимча моддий харажатлар қилиниши;

в) ходимнинг ишлаб чиқариш сабаблари билан вафот этиши натижасида унинг қарамоғида бўлган шахслар боқувчисиз қолгани туфайли кўр­ган зарарлари;

г) ходимнинг мол-мулки, ўзга мулкий манфаатларига етказилган зарар;

д) ходимга етказилган маънавий за­рар учун товон;

е) соғлиққа зарар етганида ходимга ёки ходим вафот этган ҳолларда ои­ла аъзоларига бериладиган бирйўла тў­лов пули.

Ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қи­лиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилгани натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарар, шу жумладан, маънавий зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.

Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.

Ходим иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда ма­йиб бўлиши, шунингдек, иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойи­га келаётган ёки ишдан қайтаётган вақт­да шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади.

Ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида юқори хавф манбаи натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, агар зарар уни бартараф қилиш мумкин бўл­маган кучлар туфайли ёки жабрланувчи қасд­дан қилганлиги оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Тўланиши лозим бўлган зарар жабр­­ланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловдан, соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қў­шимча харажатларнинг компенсациясидан, шунингдек, белгиланган ҳолларда эса, бирйўла бериладиган нафақа тўлашдан иборатдир.

Касбга оид меҳнат қобилиятини йў­қотганлик даражаси ва жабрланувчининг қўшимча ёр­дам турларига муҳтожлиги тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан аниқланади. Зарар ўрнини қоплаш учун тўловларни тайинлашда жабрланувчи олаётган иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди.

Бунда меҳнатда майиб бўлган жабр­ланувчилар — ногиронлиги бўлган шахс­ларга зарарни қоплаш учун тўланадиган пул миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизидан оз бўлиши мумкин эмас.

Ходим меҳнатда майиб бў­лиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этса, иш берувчи мар­ҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қо­би­лият­сиз шахсларга, ўн олти ёшга тўл­маган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўл­ган шахсларга, марҳумнинг вафотидан ке­йин­ туғилган фарзандига, шу­нинг­дек, ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бош­қа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тў­лаб бериши шарт.

Ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқув­чилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган давр­да, зарарни ундириш ҳу­қуқига эгадир.

Бундан ташқари боқувчиси вафот этгани муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ хотин ё эрнинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. Вафот этганнинг воя­га етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўл­­­­­­ган меҳнатга қобилиятсиз шахс­ларга тўланадиган зарар миқдори мар­ҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига ва қарамоғида бўл­ган, лекин зарарни ундиришга ҳақ­ли бўлмаган меҳнатга қобилиятсиз шахсларнинг улушини чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Зарар тўловини олишга ҳақли бўл­ган шахсларнинг ҳар бирига тегишли бўл­ган зарар миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг мазкур шахсларнинг ҳаммасига тўғри келадиган қисми улар сонига нисбатан тақсимланади.

Агар вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар ҳам, унинг қарамоғида бўлмаган шахслар ҳам айни бир вақтда зарар тўловини олишга ҳақ­­ли бўлса, бундай ҳолда зарар тў­ловлари миқдори аввало марҳумнинг қарамоғида бўлмаган шахсларга берилади. Улар учун белгиланган зарар тў­лови суммаси боқувчининг иш ҳақи­дан чегириб ташланади, сўнгра иш ҳа­қи­нинг қолган миқдоридан келиб чиқиб марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар учун қопланадиган зарар миқдори аниқланади.

Ходим соғлиғига шикаст етказилгани ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шарт­нома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Бунда ходим соғлиғига шикаст етказилгани муносабати билан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори жабрланувчининг йиллик иш ҳақи­дан, ходим вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли ет­казилган зарарни тўлаш Қои­дала­ри»­ 30-бандига мувофиқ, соғлиққа шикаст етгани ту­файли бирйўла бериладиган нафақа олингандан кейин ходим меҳнат билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши муносабати билан вафот этган тақдирда, иш берувчи вафот этганнинг камида бешта ўртача йиллик иш ҳақи миқдорида бирйўла бериладиган нафақа тўлаши шарт.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ходимга етказилган зарарни ундириш тартибининг қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилгани инсон ҳуқуқларининг конс­титу­ция­вий кафолати ҳисобланади.

 

Амина Худойберганова,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: