ДАЪВОГАР МАМНУН БЎЛДИ

Судда ишларни кўриш жараёнида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмасининг розилигини олмасдан туриб, меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига мувофиқ бекор қилиш ҳоллари ҳам учраб туради. Албатта, иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бундай тартибда бекор қилиш қонун талабига зиддир.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, даъвогар М. Жарқинова (исм-шарифлар ўзгартирилди) жавобгар — туман халқ таълими бў­ли­мига қа­рашли­ мактаб маъмуриятига нисбатан даъ­во аризаси билан судга мурожаат қил­ган. Даъвогар ўз аризасида иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғини ғайриқонуний деб топиш, уни вазифасига тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб беришни сў­раган.

Судда аниқланишича, М. Жарқинова ўрта таълим мактабида 2004 йил 20 февралдан буён фаррош вазифасида ишлаб келган. Мактаб директорининг 2021 йил 5 сентябрдаги буйруғи билан даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қи­линган.

Ҳақиқатан ҳам, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.

Энди М. Жарқинова масаласига қайтадиган бўлсак, ўрта таълим мактаби меҳнат жамоаси умумий йиғилишининг 2021 йил 13 мартдаги баённомаси билан маъқулланган ўрта таълим мактабида ишлаётган ходимлар учун «Ички меҳнат тартиб-қоидалари»га кўра, иш­да узрсиз сабаблар билан 3 соат мобайнида бўлмаслик меҳнат вазифаларини бир марта бузиш ҳисобланиб, меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.

Мактаб директорининг 2021 йил 29 августдаги хати билан фаррош М. Жар­қинова иш жараёнида меҳнат интизомига риоя қилмагани, хусусан, 11, 12, 13 июль ва 1 август кунлари — икки ой­­­да­ 4 кун ишга сабабсиз келмагани боис меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилган.

Мактабнинг 2021 йил июль-август ойларида юритилган иш табелларида ҳам М. Жарқинованинг ишга келмаган кунлари қайд этилган. Иш берувчининг 2021 йил 23 августдаги тақдимномаси билан мактаб касаба уюшмаси раиси Ҳ. Норматовга даъвогар М. Жарқинова билан тузилган меҳнат шарт­номасини бе­кор қилиш ҳақида розилик бериш сў­ралган.

Бироқ иш берувчи ходимдан ишга келмаслик сабабларини аниқлаш чораларини кўрмаган. Узрли ҳолатлар мавжудлигини чуқур ўрганмаган, қо­нунга мувофиқ ходимдан ҳолат юзасидан тушунтириш хати олмаган.

Тақдимнома юзасидан мактаб касаба уюшмаси 29 август­да жавоб хати берган. Унда М. Жарқиновага нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги учун огоҳлантириш бериш, ундан тушунтириш хати олиш лозимлиги қайд этилиб, юқо­ридаги ҳолатлар узрли сабабларсиз такрорланса, меҳнат шартномаси бекор қилинишига розилик берилиши маълум қилинган.

Шу ўринда Меҳнат кодексининг 101-моддаси 1-қисмига тўхталиш ўринли бўлади. Чунки ушбу моддага кўра, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шарт­номасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик ор­гани розилигини олиши назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб, бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Суд жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш лозимлиги назарда тутилгани, бироқ иш берувчи томонидан М. Жарқинова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда бундай розилик олинмагани сабабли иш берувчининг буйруғини ғайриқонуний деб топиб, уни бекор қилиш ва ходимни вазифасига ишга тиклаш ҳақида ҳал қи­лув қарори қабул қилди.

Албатта, М. Жарқинова даъвоси судда қонуний ва адолатли кўриб чиқилиб, меҳнат ҳуқуқи тикланганидан ғоятда хурсанд бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, меҳнат шарт­номаси қонунларга тўлиқ амал қилиниб ту­зилган тақдирда, иш берувчига ҳам, хо­димга ҳам ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Натижада ўз-ўзидан меҳнат ни­­золари ҳам келиб чиқмайди.

 

 

Равшанбек ТУРДИЕВ,

Сирдарё вилояти суди судья

катта ёрдамчиcи

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: