ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ ИНСТИТУТИ ҚАНДАЙ ПРОЦЕССУАЛ ЖАРАЁН ВА УНИНГ МАҚСАДИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишувлик тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсадида жиноий процессуал қонунчиликка 2021 йил февраль ойидан дастлабки эшитув институти киритилди.

Хўш, дастлабки эшитув инс­титути қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат?

Бу саволларга жавобан шу­ни айтиш керакки, дастлабки эшитув жиноий иш юритувнинг судгача бўл­ган жараёни ва судлов жа­раё­ни орасидаги чегарани бе­л­­­­ги­лай­ди. Дастлабки эшитув суд муҳокамасига тайёргарлик кў­риш билан бирга:

фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари бузилиши;

уларнинг суд ва тергов ор­ганлари идоралари орасида қатнаб беҳуда вақт сарф­лаши;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар мақсадсиз йўналтирилиши;

процессуал муддатларни сабабсиз чўзилишининг олдини олиш натижасида қо­нуний ва асосли қарор қабул қи­лишга ёрдам берадиган босқич ҳисобланади.

Мамлакатимиз Конституцияси ва қонунчилик талабига мувофиқ, қонун олдида ҳамма тенгдир.

Бош қомусимизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қи­лиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти­ҳаракатлари устидан судга шикоят қи­лиш ҳу­қуқи кафолатланган.

Ушбу олий қадрият фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда асосий устун ҳисобланади.

Жиноят кодексига асосан, жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

Ушбу тамойил Жиноят-процессуал кодексида ҳам белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 16-моддасида қайд этилганидек, жиноят ишлари бўйича одил судлов фу­қароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, ди­ни, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мав­қеидан қатъи назар, қо­нун ва суд олдида тенг­лиги асосида амалга оширилади.

Ҳар қандай жараён — хоҳ у ҳаётий бўлсин, хоҳ соҳавий бўл­син — ўз камчиликлари, хатоликлари устида ишлайдиган, уларни бартараф этиб, олдини оладиган механизмларига эга бўлиши лозим. Ушбу қонуният жиноий иш юритувига ҳам тааллуқлидир.

Дастлабки эшитув инс­ти­ту­тининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўл­ган процессуал қонун бузилишларининг олдини олиб, жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдир.

Жиноят-процессуал қонунчиликнинг устувор вазифаларидан бири жиноятларни тез, сифатли ва тўлиқ очишдир. Шу билан бир қаторда, бу вазифалар жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо та­йинлаш ҳамда айби бўлмаган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қилинишининг олдини олиш, айбдорни фош этиш ва бу борадаги қонунларни тўғ­ри татбиқ этилишидан иборат.

Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қо­нунийликни мус­таҳкамлаш, жиноятларнинг олдини олиш, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳи­моя этишга ёр­дам қилиши лозим.

Хорижий давлатлар амалиётида шахс, давлат ва жамият манфаатларини самарали ҳи­моя қилишга ёр­дам берадиган дастлабки эшитув институтининг бош мақсади қо­нуний­лик­ни мус­таҳкамлаш, ай­би бўл­ма­ган шахснинг жавобгарликка тортилиши ва ҳукм қи­ли­ни­шининг олдини олишдан иборатдир.

Шу билан бирга, ушбу инс­титут суриштирув ва тергов ор­ганлари фаолияти устидан суд назоратини амалга оширади. Уш­бу жараёнда иш юзасидан далиллар мажмуаси етарлилиги ва мақбуллиги ўрганилади.

Қонунчиликка киритилган ўз­гартиришга мувофиқ, судья эндиликда жиноят ишини судда кў­риш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал килиши лозим бўлади.

Дастлабки эшитув тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан ўтказилади. Миллий қо­нунчилигимизга биноан дастлабки эшитув:

жиноят иши бўйича иш юритишни тўҳтатиб туриш;

иш юритишни тугатиш;

жиноят ишини прокурорга юбориш;

жиноят ишини бирлаштириш;

номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш учун асослар бўлган тақдирда ўтказилиши кўз­да тутилган.

Жиноят иши бўйича даст­лабки эшитув судья то­монидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни та­йинлаш тўғри­си­даги ажрим чиқарилган пайт­дан эътиборан беш суткадан кечиктирмасдан бошланиши керак.

Унинг давомийлиги бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги лозим.

Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади. Суд мажлисида айб­ланувчи, унинг ҳимоя­чиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.

Жаҳон амалиётида кенг қўл­ланиб келаётган дастлабки эшитувнинг самарали томонини кўр­­­сатиб берувчи ҳолатлардан бири айнан ушбу жараёнда мавжуд бўлган номақбул далилларнинг чиқарилиши ва келгусида улардан айблов учун асос сифатида фойдаланмаслик саналади.

Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қо­нун билан кафолатланган ҳу­қуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳу­қуқ­ларини чеклаган ва қонун нормаларини бузган ҳолда олингани исботланса, ушбу далил ўзи­нинг юридик кучини йўқотади.

Бундай далил ҳукм ёки бош­қа суд қарорига асос бўлиши мумкин эмас.

Қонунчиликка мувофиқ айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айб­ловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар улар номақбул далиллар деб ҳисобланса, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақлидир. Ушбу ҳо­лат дастлабки эшитувда иштирок этувчи айбланувчи ва унинг ҳимоя­чисига катта процессуал имконият яратади.

Бошқача айтганда, дастлабки эшитув ҳи­моя тарафига ўзининг иштирокида жи­ноят­ ишини асосий суд мажлисида кў­ришга монелик қи­лувчи ҳолатларни аниқлашга ҳамда айблаш учун етарли далиллар бўл­маган шахслар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса, судда том маънода ошкоралик ва тарафлар тортишувини юзага келтиради.

Айнан дастлабки эшитув тарафлар тортишувини жонлантириб, айблов органи жиноят ишини судда кўриш учун жиддий тайёрланишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, «ишдаги камчиликларни суд ўзи тўғ­­рилаб олади» қабилидаги эс­кича қо­липлардан воз кечилишига олиб келади.

Дастлабки эшитув амалиётидан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув бо­расида қа­бул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқу­қи мавжуд эмас. Бинобарин, ши­коят­ қилиш ҳуқуқи шахснинг конс­титуциявий ҳу­қуқларидан биридир.

Шу маънода, миллий қо­нунчилигимизда дастлабки эшитув институти амалиётга жорий этилиши билан бирга, фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир.

Зеро, эндиликда дастлабки эшитув натижасида қабул қи­линган ажримдан норози бўл­ган тарафлар ажрим устидан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида ши­коят­ қилиши мумкин.

 

 

Наргиза Шарипова,

жиноят ишлари бўйича

Наманган тумани суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: