ДАЛИЛГА АСОСЛАНМАГАН ХАБАР ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Маълумки, ҳар бир хабар, маълумот ёки мақола аниқ далилларга таянган ҳолда эълон қилиниши шарт. Чунки кимнингдир обрў-эътиборини тўкиш, қадр-қимматини топташга қаратилган ҳаракатлар учун амалдаги қонунларда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Марҳамат туманида яшовчи Ботир Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай ножўя қилмишга қўл урди ва охир-оқибат қонун олдида жавоб берди. Гап шундаки, 2021 йилнинг март ойида у ўзининг Face­book ижтимоий тармоғида очилган профили ор­­қали «Марҳамат тумани БЎСМ­да кар­­та қимор мусобақалари ташкил қи­линадими?» сарлавҳали хабарни эълон қилади. Хабарда у туман болалар ва ўс­мирлар спорт мактаби директори Носир Ғаниевни асоссиз равишда муассасада қиморхона ташкил қилганликда айблайди. Қо­лаверса, у директорнинг шаънини топтовчи бошқа бўҳ­тон маълумотларни ҳам тарқатади. Бу ҳам етмагандек, у Н. Ғаниевни ҳа­қорат қилади.

Энг қизиғи, Б. Тўраев бу билан ҳам чекланмайди. Орадан кўп ўтмай у ижтимоий тармоққа «Тақдимнома жи­ноят­ни яшириш воситасими ёки олдини олиш?» номли хабарни жойлаштиради. Бу хабарда ҳам спорт мактаби директор ўринбосари Абдумалик Ҳамдамовни қариндош-уруғини мактабга ишга қабул қилиб, текин иш ҳа­қи билан сийлаб келаётганини баён қилади. Бундан таш­қа­ри у А. Ҳам­дамовнинг қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни ҳам тар­қатади.

Табиийки, ушбу хабарлар нафақат туман, балки Андижон вилояти миқёсида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлади. Жамоа, қариндош-уруғ, маҳалла-куй ва таниш-билишлари ўр­та­си­даги обрўсига путур етган Носир ўаниев ва Абдумалик Ҳамдамов Б. Тўраевга қонуний чора кўришни сў­раб, ҳу­қуқ­ни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қи­лишди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилди.

Тергов-суриштирув жараёнида Б. Тўраевнинг яна бир жинояти фош этилди. Маълум бўлишича, Б. Тўраев 2019 йил октябрь ойининг бошларида Д. Абдиевага қуёнчиликни йўл­га қўйиш ва ривожлантириш учун банк­дан кредит олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига ажратиладиган кредитни ўзи­га тегишли бўлган «VAVI­LON GLOBAL BIZNESS» хусусий корхонаси ҳисоб рақамига туширса, 160 бош қуён беришини айтади. Унинг гапига ишонган соддадил аёл «Халқ банки»нинг Булоқбоши тумани филиалидан ажратилган 25 000 000 сўм маблағни хусусий корхона ҳисоб ра­қамига ўтказиб беради. Лекин Б. Тўраев Д. Абдиевага бор-йўғи 1 700 000 сўмлик 11 бош қуён берган, холос. 23 300 000 сўм маблағни ўзининг эҳ­тиёжларига сарф­лаб юборган.

Шу боис Б. Тўраев­га нисбатан айни ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди.

Б. Тўраевнинг қилмишлари жиноят ишлари бў­­­йича Бўлоқбоши тумани судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қис­ми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қис­ми ва 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қис­ми­га асосан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади. Аммо судланувчи суд ҳукмидан норози бў­­либ, апелляция инстанциясига мурожаат қилди.

Апелляция суди мажлисида Б. Тўраевнинг ай­би жабрла­нув­чилар ва гувоҳларнинг кўр­сатма­лари, аризалар, экспертиза хулосалари, тушунтириш хатлари ҳамда иш­даги бошқа далиллар билан тўлиқ исботини топди. Шу боис Андижон вилояти суди апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич су­ди ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Шу ўринда таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали воқеа-ҳодисаларни батафсил суриштирмай, уларнинг юз беришида кимлар айбдорлигини аниқламай ёки ўша масалага нисбатан қонуний баҳо берилмай туриб, турли хабар ва маълумотларни эълон қилиш ҳо­латлари кўпа­йиб­ бор­моқда. Бу нафақат жабр­ланув­чи­лар, бал­ки ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бош қомусимизнинг 13-моддасига кўра, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бош­қа дахлсиз ҳу­қуқ­лари олий қадрият ҳисобланади. Уни топташга уриниш қонуний жавобгарликка сабаб бў­лади. Бунга баён этилган воқеа тафсилотлари ҳам ёрқин мисол бўла олади.

 

 

Нодиржон МИРЗАЖОНОВ,

Андижон вилояти суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: