ГУВОҲ, ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ЖИНОЯТДАН ЖАБР КЎРГАН ШАХСЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ТАЖРИБАСИ

Жиноят процессида гувоҳ ва жабрланувчилар, жиноятдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш механизмларининг мукаммал ҳамда ишончли эканлиги муҳим аҳамиятга эга. Бундай ишончли ҳимоя гувоҳ ва жабрланувчиларни, шунингдек, жиноятдан жабр кўрган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан янада мустаҳкам алоқага киришишига, ишончли асосда ҳамкорлик қилишига олиб келади.

Бу, ўз навбатида, содир этилган жиноятларнинг тез ва тў­лиқ очилишида, жиноят оқи­батларини бартараф қи­лишда ҳал қилувчи роль ўй­найди.

Мазкур соҳага оид қо­нунчиликни мунтазам такомиллаштириб боришда, албатта, хорижий мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги ил­ғор тажрибасини ўрганиш долзарб вазифалар сирасига киради.

Хорижий давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида хавфсизлик ва ҳимоя ҳуқуқи жабрланувчининг асосий ҳу­қуқларидан бири ҳи­соб­ла­на­ди.

АҚШнинг 1968 йилдаги жиноятчиликка қар­ши кураш тўғ­рисидаги комплекс қонунига кў­­ра, суд давлат фойдасини кўз­­лаб амалга оширилаётган ҳаракатларда маълум шарт­лар асосида иштирокчиларга «иммунитет» ҳуқуқи берилган.

Бундай иммунитет жабрланувчи ва гувоҳ кўрсатмаларининг ўзига қарши ишлатилмаслиги ва унинг жиноий таъқибдан озод бўлишининг кафиллиги бўлган. Мазкур тамойил АҚШнинг 1970 йилда қабул қилинган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги қо­нунига ҳам киритилган. Ушбу қонун орқали дунёда биринчи марта судда ўта ашаддий жиноятчиларга қар­ши чиқувчи шахслар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ва давлат томонидан молиялаштириладиган дастур ишга тушган.

Жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш ҳамда уларга жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонун 1963 йилда Янги Зеландия ва 1964 йилда Буюк Британияда қабул қилинган. Шунингдек, мазкур давлатларда «Жиноят қурбонларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги дастур» ҳам ишлаб чиқилган.

Натижада жабрланувчига етказилган зарар суд тартибида маҳаллий, махсус фонд­лар ёки давлат ҳисобидан компенсация қилиниши тўғ­рисида қонунлар қабул қилинган. Жабр­ланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари муҳофаза қилиниши, ҳуқуқлари тикланишига Европа давлатлари ҳам қўшилган.

Ўз навбатида, кўҳна қитъада жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш масалалари юзасидан бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар кучга кирган.

Германиянинг 1976 йил 11 майда қабул қилинган «Зўравонлик жиноятлари оқибатида жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида»ги қонуни шулар жумласидандир.

АҚШда 1982 йилдан буён жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари «Жиноят натижасида жабрланганларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги билл» асосида муҳофаза қилинади. Масалан, 1984 йилда АҚШнинг «Жабрланувчини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонуни асосида Федерал фонд ташкил қилинган.

Қолаверса, 1996 йилда АҚШ­нинг 50 та штатида Мажбурий реституция тўғрисидаги қонун қабул қилинган. АҚШ­да фуқаровий даъво институти мавжуд эмас. Лекин реституция институти яхши ривожланган ва жиноят жабрдийдаларига етказилган зарарни компенсация ва реституция шаклида қоплаш тартиби амал қилади.

Ҳозирги вақтда дунёнинг бир қатор мамлакатларида жабрланувчиларга етказилган зарарни давлат томонидан қоплаш мақсадида ноқонуний топилган даромадлар ва ҳу­қуқ­бузарлик содир этганлик учун тўланадиган жарималар ҳисобидан махсус фондлар ташкил этилган. Бу ўринда Австрия, Бельгия, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Греция, Ирландия, Испания, Италия, Нидерландия, Норвегия, Руминия, Финляндия, Франция, Чехия, Швеция, Швейцария ва Эстония каби давлатларни алоҳида қайд этиб ўтиш мумкин.

Мустақил давлатлар ҳам­дўст­лигига аъзо мамлакатларнинг жиноят-процессуал қонунларида ҳам гувоҳ ва жабр­ланувчиларни ҳимоя қилиш масалалари ҳуқуқий тартибга солинган. Масалан, Россия жиноят-процессуал қонунчилигида гувоҳ хавфсизлик чоралари кўрилиши юзасидан илтимоснома киритиши белгилаб қў­йилган. Жабрланувчига эса, жи­ноят натижасида етказилган мулкий зарарнинг қопланиши, шунингдек, унинг дастлабки терговга қатнашиши билан боғлиқ харажатларнинг ҳам тўланиши кўзда тутилган.

Қозоғистон Жиноят-процессуал кодексининг 99-моддасида бу борадаги хавфсизлик чо­ралари белгиланган. Унга мувофиқ, жиноят процессини олиб борувчи орган жабрланувчи, гувоҳ, айбланувчи, бош­қа шахсларнинг хавфсизлиги, жиноят процессида иштирок этганлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг хавфсизлигини таъминлашга мажбур.

Бунда жиноят процессини олиб борувчи орган хавфсизлик чораларини кўриш мақсадида гувоҳ, жабрланувчи ёхуд жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг оғзаки ё ёз­ма баёноти ёки ўз ташаббуси билан тегишли қарор қа­бул қилади. Бундай баёнотлар олинган кундан бошлаб йигирма тўрт соатдан кечиктирмай қарор қабул қилинади. Қабул қилинган қарор бўйича ариза берувчи дар­ҳол хабардор қилинади.

Шу ўринда ҳимояланган шахс тўғрисидаги маълумотларга киришни чеклаш тартиб-таомилларига ҳам мухтасар тўхталиш лозим. Бу ўринда жиноят иши материалларидан шахснинг шахсий маълумотларини олиб қўйиш,­ уларни асосий ишлаб чиқаришдан алоҳида сақлаш кабилар ҳақи­да сўз бормоқда. Бундай ҳо­латларда ҳимояланган шахс­га бу ҳақда дарҳол хабар берилади.

Озарбайжон Жиноят-процессуал кодексида хавфсизлик чоралари ўзига хос тартибда белгиланган.

Унга кўра, прокурор жабр­ланувчи, гувоҳ ва жиноят процессида иштирок этаётган бошқа шахсларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари, хусусан, Таиландда жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Конституция даражасида тартибга солинганини кузатиш мумкин.

Таиланд Конституция­сига асосан жабрланувчи ёки унинг оиласига давлат Адлия вазирлиги қошидаги махсус фонддан реституция тарзида компенсация тўлайди. Бу фонд хуқуқбузарликлар учун тўланган жарималар, маҳкумларнинг иш ҳақ­лари, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар, жи­ноят­чиларнинг хатланган ва сотилган мулки ҳисобидан тўл­дириб борилади.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШда айрим йўналишларда маънавий зиён учун тўланадиган компенсацияларнинг миқдорини аниқ белгилаб қўйиш анъанаси мавжуд. Масалан, бундай амалиёт Франция, Буюк Британия, Бельгия, Нидерландия, Италия каби давлатлар фуқаролик қонунчилигида белгиланган.

Жаҳон ҳуқуқшунослик амалиётида маънавий зиённи ундириш мажмуавий тусга эга бўлиб, турли ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган институт сифатида кўрилади. Бироқ маънавий зиён компенсациясининг асосий қоидалари, асослари ва тартиби фуқаролик қонунчилиги нормаларида ифодаланиши билан ажралиб туради.

Шу сабабли муайян ва­зият­га нисбатан маънавий зиён мавжудлигини аниқлаш ва унинг миқдорини белгилашда асосий мезон сифатида фуқаролик қонунчилик нормалари устувор аҳамият касб этади. Бундан ташқари жаҳон миқёсида амал қилувчи ҳуқу­қий тизимларнинг аксариятида етказилган маънавий зиённи ундиришдаги муаммоларни ҳал қилиш, унинг миқдорини белгилашда хилма-хилликларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқ­ни қўл­лаш амалиёти, хусусан, суд амалиёти учун муайян умумий тавсиялар ишлаб чиқишга эътибор қаратилган.

Бугунги кунда жиноятчиликка қарши кураш, жиноят процесси иштирокчиларини, хусусан, гувоҳ, жабрланувчи ва жиноятдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш масалалари ўз аҳамиятидан келиб чиқиб, нафақат миллий, балки халқаро доирада ҳам ҳал қилиниши заруратга айланиб бормоқда.

Жаҳонда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида хал­қаро ҳамкорлик фаолияти самарадорлигини ошириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳу­қуқий ёрдам кўр­сатишда кенг кўламда ҳамкорлик қи­лиш, давлатларнинг уюшган ва оғир жи­ноят­чиликнинг олдини олиш ҳамда уларга қар­ши курашиш салоҳиятини кучайтириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, жиноят процесси иштирокчилари бўлган, айни вақтда жиноятлар тез ва тўлиқ очилишида фаол ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган гувоҳ ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш каби масалалар муҳим илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.

Буларнинг барчаси, ўз нав­батида, халқаро ҳамжамиятнинг жиноятчиликка қарши янада самарали тарзда курашиш ва ўзаро ҳуқуқий ёр­дам кўрсатишнинг янги шакл­ларини ишлаб чиқишини тақозо этмоқда.

Қолаверса, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган нормалари таъсирини янада ошириш бўйича илмий хулоса ва амалий таклифлар ишлаб чиқилишига эҳтиёжни келтириб чиқармоқда.

Бунда асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан бири, албатта, жабрланганларни ҳимоя қилиш, уларга етказилган зарарни қоплаш, уларни хавф­сиз тарз­да ватанига қайтариш, яъни репатриация қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Трансмиллий уюшган жи­ноят­чиликка қарши конвенция, Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари юзасидан ҳуқу­қий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция каби халқаро ҳужжатлар кў­ла­мини ҳамда аъзо мамлакатлар сафини кенгайтириш айни йўналишда ўзининг ижобий самарасини беради.

 

 

Улуғбек Ибрагимов,

жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар суди судьяси

 

 

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: