«ГАШТАК»ДАГИ ФИРИБГАРЛИК ЁХУД МИСИ ЧИҚҚАН ЁЛҒОН

Халқимизда яхши бир одат бор. Синфдошлар, курсдошлар, ҳамкасблар, қариндош-уруғ ёки маҳалладошлар ўртасида «гаштак» ташкил этилганда ҳар ойда иштирокчилардан маълум миқдорда пул йиғилиб, навбати келган кишига берилади.

Қўқонлик Мақсуда Низомова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йил апрель ойи­да 9 нафар аёл ўртасида «гаштак» — йиғин ташкил қи­лади.

Ташкилотчи бўлгани учун пулни ҳам ўзи йиға бошлайди. Ам­мо кейинчалик унинг асл мақсади фош бўлади.

Гап шундаки, М. Низомова 2019 йил апрель ойидан ноябрь ойи­га қадар гуруҳ аъзоларидан пул йиғиб, навбати келган иш­ти­рокчига етказиб берган.

Бироқ 2019 йил декабрь ойида йиғин иштирокчиларидан тўпланган 800 АҚШ долларини гуруҳ аъзоси Шоҳида Раҳимовага бермай, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Шундан сўнг у 2020 йил январь ойи­да 13 нафар аёлдан иборат бўлган иккинчи «гаштак» гуруҳини тузади. Пировардида январь-октябрь ойларида улар берган 1 000 АҚШ доллари пулни ўз эгаларига бермайди. Шунингдек, М. Низомова 2020 йил октябрь ойи­да гуруҳ аъзоси Одина Жўраеванинг 100 АҚШ долларини ўз эҳтиёжи учун сарфлайди. Қо­лаверса, О. Жўраевадан ба­ҳо­си 100 АҚШ доллари бўл­­ган мусиқа эшитиш қурилмасини фойдаланиб туриш баҳонасида олади-ю, қайтаришни «унутади».

Шу тариқа Мақсуда Низомова 2020 йилнинг 10 ойи мобайнида гуруҳ аъзоси Шоҳида Аҳмедовадан 750, Алишер Қўшоқовдан 800, Мўътабар Мамажонова, Одина Ҳамидова, Достонбек Ҳаитов, Дилфуза Бойбобоева, Нурмуҳаммад Хўжаев ва Наргиза Мирзаеванинг 6 150 АҚШ долларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари М. Низо­мо­ва Қў­қон шаҳрида жойлашган «TECHNO.UZ»­ савдо дўконидан фуқаро Мўътабар Мамажонова номига 1 680 000 сўм­лик «Samsung A 10» русумли уяли телефон аппаратини бир йил мобайнида бўлиб тў­лаш шарти билан харид қилади.

Аммо 2020 йил июль ойига қадар телефон учун тў­ла­ниши керак бўлган 700 000­ сўмни тўламайди.

Устига-устак, 2020 йил январь ойида Мақсуда Низомова 10 нафар аёлдан иборат учинчи «гаштак» гуруҳини ҳам ташкил қилади.

Айни гуруҳдаги йиғди-йиғ­­ди­лар ҳисобидан у такроран Шоҳида Раҳимовани 1 200, Шоҳида Аҳмедовани эса, 1 400 АҚШ долларига чув туширган.

Ҳар ишнинг охири бўлганидек, М. Низомованинг қилмишлари ҳам охир-оқибат фош этилди. Тоқати-тоқ бўл­ган жабр­ланувчилар унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳу­­қуқ­ни муҳофаза қи­лувчи идорага мурожаат қи­лишди. Шу асосда ун­га нисбатан жиноят иши қўз­ға­тилди. Мазкур ишни кў­риб чиққан жиноят иш­лари бўйича Қў­қон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва у суд залида қамоққа олинди. Судланувчининг 2 нафар вояга етмаган фарзанди онаси М. Аҳмедова ҳомийлигига топширилди. Қолаверса, суд ҳукмида ундан жабрланувчилар фойдасига 99 565 974 сўм ундириш ҳам белгиланди.

Ҳаётда ўзганинг ҳақи ҳеч қачон бошқага буюрмаслиги аллақачон ўз исботини топган. Бу ҳақи­қатни унутганлар жазога маҳкумдир.

 

 

Элёржон ҲАКИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: