«ВОЙ, МАНИ АКАХОНЛАРИМ!..»

Халқимиз «Ҳалолликда ҳикмат кўп», деб бежизга айтмаган. Чунки ҳалоллик кўнгил хотиржамлигини таъминлаш билан оилага қут-барака келтиради.

Бироқ ҳаётда ана шундай бебаҳо қадриятнинг қадрига етмайдиган, нафс қутқусида турли хил қинғир ишларга қўл урадиган кимсалар ҳам уч­раб туради.

Сўзимизни яқинда бўлиб ўтган бир суд иши мисолида давом эттирамиз.

Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судида кўриб чиқилган жи­ноят­ ишининг «қаҳрамон»­и, бир қарашда, туппа-тузук йигит. Нима жин уриб, жиноят кўчасига киргани ҳақи­да айрим тафсилотларни айтиб беришимизга тўғ­ри келади.

Анвар (исм-шарифлар ўз­гартирилган) оилали, тўрт нафар фарзанднинг отаси. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. У хусусий корхона очиб, маълум ҳақ эвазига хорижга чиқмоқчи бўл­ган фуқароларга биометрик паспортни расмийлаштириш анкетасини тўлдириб бериш хизматини йўлга қўйган.

Анварнинг тадбиркорлик фаолияти бор-йўғи шундан иборат холос. У кўрсатган хизмати учун ҳақини олиб, тинч­гина юраверса бўларди. Лекин топаётган даромади кўзига камдек кўрина бошлади.

Одамнинг кўзи тўймаса қи­йин экан. Мўмай даромад илинжи Анварни ҳам тинч қўй­магани шундан. Йўқса, у хизматидан фойдаланиш истагини билдириб келган мижозларини шилиб олиш па­йи­га тушармиди?

Жиноятга сабаб бўлган во­қеа Нина исмли аёлнинг Жанубий Корея давлатига чиқиш мақсадида, биометрик паспортини расмийлаштирмоқчи бўлиб келганидан бошланди. Анвар билдики, аёл жуда содда. Бунинг устига, пули ҳам кўп.

Шунда у шум ниятини пишита бошлади: «Бу аёлни қан­дай қилиб алдасам экан? Сиз кетаётган жойда танишларим кўп, борганингизда ёр­дами тегади, десаммикин? Э, йўқ, бундан иш чиқмайди. Тузукроқ сабабни айтиб, бир-икки сўмлик бў­либ олишим керак. Нима десам экан-а? Эҳ-ҳа, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош­­­­қармасида танишларим бор дейман. Ҳа, шундан гап очай-чи, қолгани бир гап бў­лар».

— Ҳужжат ишларида муаммоларингиз йўқми?, — дея Анвар гап бошлади.

— Қанақа муаммо бўлиши мумкин!?, — деди аёл ҳайрон бўлиб.

— Эй, опа, бу масалаларга биринчи марта ишингиз туш­яп­­тими, дейман? Ҳали сиз билмайсиз-да, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш деган бошқармага бўз­чининг мокисидек қатнайсиз. Ишингиз битмай, юраверасиз кутиб, сарсон бўлиб. Шунинг учун ишни бир деганда дўндириб қўя­диган одам топишингиз керак.

— Билмасам, мен бу ҳақда ҳеч ўйламагандим. Нима, ишим умуман битмаслиги ҳам мумкинми?

— Ҳа-да, сиз сарсон бўлиб қолманг, деяпман-да!

Анварнинг гапларидан кайфияти тушган аёл бироз довдираб қолди. Буни сезган Анвар тезда мақсадга кўчди:

— Сиз ортиқча хавотирланманг. Хоҳласангиз, бу масалада ёрдам беришим мумкин. Таниш-билишларим кўп. Айнан Тошкент вилояти Ич­ки ишлар бош бошқармасининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош­қар­масида акахонларим бор. Бир оғиз айтсам, бўлди. Ишингиз дарров битади.

— Илтимос, исм-фами­лиям­ни айтиб қўйинг, ёрдам беришсин, сарсон бўлиб юрмай, — йигитнинг гапини бўл­ди аёл.

— Айтишга айтаман, лекин… Ўзингиз тушунасиз, опа…

— Нима, ҳеч нарсага тушунмадим, очиқроқ айтаверинг…

Нинани яна ваҳима босди. Анварни оғзини пойлаганча, илтижо билан қараб қолди.

Йигит эса, бундан ўзича мамнун бўлди. Мана шунақа соддалар билан ишлаш маза-да. Ошиғинг олчи бўлаверади, деб ўйлади. Демак, мақсадга кўчиш мумкин. Аёл унинг айтган нархига рози бўлади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

— Эллик «кўк»идан узатмасангиз, ишингиз битмайди. Рости, беҳудага вақт йўқотасиз. Шунинг учун кетди-кетди, яна эллик атаб юборинг.

Хуллас, Анвар бошлаган савдо пишди. Аёл пулни топиб келишини айтиб, чиқиб кетди.

Топқирлигидан мамнун Анвар эса, тез орада сўраган пу­лини олишини ўйлаб, уни нималарга ишлатишни ҳам режалаб қўйди.

Буни қарангки, Нина Анвар ўйлагандек содда, гўл эмас экан. Сўрамай-суриштирмай лақма бўлиб, пулни бериб кетаверадиганлар тои­фаси­дан бўлиб чиқмади. Хорижга чиқиш масалаларини обдан суриштирди. Ҳақ-ҳуқуқларини ўрганди. Билдики, Анвар айтганчалик сарсон бўлиб юр­мас экан.

Нинанинг аризаси орқали жиноят фош бўлди. Лекин дўппини бошдан олиб, бир мулоҳаза қилиб кўрсак, бу жиноят ишидан тегишли хулоса чиқариб оламиз.

Муҳими шундаки, ёлғоннинг умри қисқа, ўзгаларни алдаш ортидан мўмай даромад олишни кўзлаш билан узоққа бориб бўлмайди. Эн­ди Анварга ёлғондан тасаввур этгувчи «акахонлари» ҳам ёрдам бера олмаслиги аниқ.

 

Жиноятга эса, жазо муқаррар.

 

 

Хуршид ХАЛИКОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нурафшон шаҳар

судининг раиси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: