БЮДЖЕТ ИНТИЗОМИНИ БУЗИШ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Бу дунёда ҳалол меҳнат билан топган нонга қаноат қилган, тўғриликни ўзига одатга айлантирган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Аксинча, қинғирликка қўл уриш салбий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарибгина қолмасдан, балки кишининг обрўини тўкади, эл орасида уятга қолдиради. Қуйида шу ҳақда.

Амалдаги Бюджет кодексининг 187-моддаси 1-қисми 2-бандига кўра, меҳнатга ҳақ тў­лаш бўйича белгиланган разрядлар, лавозим маошлари, устамалар, иш ҳақига қўшимчалар ва бошқа тўловлар миқдорларига риоя этмасдан молия йили давомида тўловларни амалга оширилиши бюджет интизомини бузиш ҳисобланади.

Қизилтепа тумани прокуратурасининг 2020 йил 23 мартдаги ҳужжатли тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарори, Иқтисодий жи­­ноятларга қарши курашиш Департаментининг Навоий ви­лояти­ бошқармаси ҳамда Давлат молиявий назорат бошқар­масининг тегишли буйруқларига асосан Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасида 2016 йилнинг 1 декабридан 2020 йилнинг 1 майига қадар бўл­ган давр мобайнидаги молия хўжалик фао­лияти юзасидан ҳужжатли тафтиш ўт­ка­зилади.

Тафтиш жараёнида бирлашма ҳи­собчилари Мавлуда Шамсиева (исм-фамилиялар ўзгартирилди), Ўткир Аҳ­ме­дов, Наби Бердиёровнинг «ҳеч ким билмайди, ҳеч ким сезмайди», қа­би­лида­ги қинғир ишлари фош бўлди.

Энди воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, тиббиёт бирлашмаси иш ҳа­­қи ҳисобчиларидан М. Шамсиевага ўн олти, Ў. Аҳмедовга етти ва Н. Бердиёровга саккизта бўлим бириктирилган. Улар ходимларнинг иш ҳақ­и­ ва унга тенглаштирилган тўловларни белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқиш, меҳнатга ҳақ тўлаш жам­ғармаси маблағларининг тўғ­ри сарф­ланиши, мансаб маошларининг тўғри белгиланиши, штат, молия ва касса интизомига қатъий риоя этилишини таъминлаши шарт эди. Лекин ҳисобчилар нафс қутқусига учиб, эгри йўлни танлашди.

Далилларнинг кўрсатишича, судланувчилар орасида М. Шамсиева тўрт ярим йил давомида беш нафар ходимга 2 миллион 411,6 минг сўм, Ў. Аҳмедов ўн нафар ходимга 5 миллион 987 минг сўм, Н. Бердиёров эса, ўн саккиз нафар ишчи-ходимга 12 миллион 168,4 минг сўм ҳомиладорлик ва туғиш таътили нафақа пулларини ортиқча тўлаган.

Ўзининг жиноий фаолия­тини давом эттирган М. Шамсиева бирлашма тиббиёт ходимлари ва ишчи-хизматчиларидан ўттиз олти нафарига 18 миллион 236,6 минг сўм меҳнат таътили пулини ортиқча ҳисоблайди ва ушбу маблағни уларнинг банк пластик картасига ўтказиб беради. Меҳнат таътили пули пластик картага тушгач, М. Шам­сиеванинг ғараз нияти маълум бўлади.

Гап шундаки, у бирлашмада ҳамшира вазифасида ишловчи О. Бойбекова, Ш. Рашидова, Г. Ҳамдамова, Ҳ. Рўзибоева, С. Эрназарова, М. Бобожонова, Ў. Тиллаева, Р. Қаландарова, Ў. Шарипова ва Э. Муҳаммадиевани ҳузурига алоҳида-алоҳида чақиради. Меҳнат таътили пул­ини ҳисоблашда адашиб, ортиқча тўлаб юборгани, жойига қайтариб қўй­маса бўлмаслигини айтиб, уларни аврайди. Шу тариқа пулларни нақд ҳолда қайтариб олади ва бирлашма ғазнасига кирим қилмасдан ўзининг шахсий эҳ­тиёжлари учун ишлатиб юборади.

Ана шундай қинғир фаолияти билан М. Шамсиева 20 миллион 648 минг 200 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан қасддан талон-торож этган.

Ў. Аҳмедов бюджет интизомини бузишда устози М. Шамсиевадан анча «уддабурон» экан. У бирлашманинг эллик беш нафар, жумладан, С. Жасурова, Ў. Муҳсинова, Ш. Мамадиёрова, Ў. Бердиқулов, С. Қўчқоров, С. Иброҳимова, Ў. Муродуллаев, М. Ражабова ва бошқа ишчи-ходимларига 33 миллион 24,5 минг сўм меҳнат таътили пулини ортиқча ҳисоблайди. Сўнгра пуллар банк пластик картасига тушгач, уларнинг айримларидан бирлашма ғазнасига кирим қилиш баҳонасида пулларни қайтариб олади ва ўз шахсий эҳ­тиёжига сарфлайди.

Шу тариқа Ў. Аҳмедов бюджет маблағидан 39 миллион 11 минг 500 сўм­ни ўзлаштирган, растарата қилиш йў­ли би­лан қасддан талон-торож этган.

Халқимизнинг «Қовун қовундан ранг олади» деган нақли топиб айтилган.

Икки ҳамкасбидан ёш жиҳатдан кичик, бироқ нафс жилови анча бўш Н. Бердиёров бюджет интизомини бузишда уларни ярим йўлда қолдириб кетган.

У бирлашмада ишловчи О. Равшанбоева, Т. Яхшиликова, С. Назиржонова, Ю. Фармонқулова, И. Солижонов, Н. Шокирова, С. Эронқулова сингари олтмиш етти нафар ишчи-ходимга 43 миллион 139,3 минг сўм меҳнат таътили пулини ортиқча ҳисоблаб, банк пластик картасига ўтказиб берган.

Ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун санаган ҳисобчи бу пулнинг бир қисмини нақд ҳолда ишчи-ходимлардан қайтариб олган ва чўнтагига урган. У шу тариқа 60 миллион 593 минг 200 сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Ҳужжатли тафтиш чоғида бирлашма ҳи­собчилари яна бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани ҳам аниқланди. Хусусан, Вазирлар Маҳ­ка­масининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли қарорига кўра, устама ҳақи фа­қат тиббиёт ходимларига тў­ланиши керак.

Бироқ «ҳотамтой» ҳи­собчилар тиббиёт ходими ҳисобланмайдиган ўн беш нафар ишчи-хизматчини 16 миллион 272,1 минг сўм устама тўловлари билан «сийлаган».

Буниси етмаганидек, ўн уч нафар ходимга бирлашма раҳбарининг буйруғисиз 7 миллион 927,3 минг сўм миқдо­рида устама ҳақ тўланган. Шу каби Меҳнат кодексининг 181-моддаси тартибида интизомий жавобгарликка тортилган ўн икки нафар шахс­га қонунга зид равишда 3 миллион 948 минг сўм мукофот пули тўлангани бошбошдоқликдан бошқа нарса эмас.

Қисқаси, иш ҳақи ҳисобчилари Мавлуда Шамсиева, Ўткир Аҳмедов ва Наби Бердиёров жиноий қилмишни гўёки кимўзарига давом эттириб, давлат бюжети маблағидан 153 миллион 38 минг 600 сўмни «туя» қилиб юборишган.

Суд жараёнида ушбу жиноятнинг содир этилишига имкон яратган сабаблар, жамоа масъул мансабдорларининг эътиборсизлиги, бундай ҳолатнинг қайта такрорланмаслик чоралари батафсил муҳокама қилинди. Ўзларини муқаррар жа­зо кутаётганини тушуниб етган М. Шамсиева, Ў. Аҳмедов ва Н. Бердиёров етказилган зарарни судга қадар тўлиқ қоплашди.

Суд судланувчи М. Шамсиева, Ў. Аҳ­медов ва Н. Бердиёровнинг жиноий қилмишлари тергов органи томонидан Жи­ноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан нотўғри мала­ка­­­­­­­­­ланган, деб ҳисоблади. Чунки Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қис­ми «г» бандида айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўл­ган ўз­­ганинг мулкини ўзлаштириш ёки рас­та­ра­та қилиш йўли билан талон-торож қи­лиш жинояти мансаб мав­қеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлиши кераклиги белгиланган. Бундан ташқари Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида «ман­сабдор шахс» атамасининг ҳу­қуқий маъноси аниқ акс эттирилган.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, судланувчилар М. Шамсиева, Ў. Аҳ­медов ва Н. Бердиёров зиммасига кадрлар бўлимидан берилган ҳар ой­лик янги буйруқларни «ЎзАсбо» дастурига тушириш, иқтисодчидан табелларни қабул қилиб, белгилаб берилган бў­лимларнинг иш ҳақлари, мукофотлар, вақ­­тинча касаллик варақалари, туғруқ касаллик варақаларини «Ўз­Асбо» дас­турида ҳи­соблаш, тўловлар тўғ­рисида сўровномалар тузиб, молия бў­лимига жўнатиш, ишчи-ходимларга иш ҳақлари тўғрисида маълумотлар бе­риш, ҳисоботлар тайёрлаш ва бошқа моддий жавобгарлик вазифаларини амалга ошириш юклатилган. Хизмат вазифаларига кўра, улар мансабдор эмас, балки моддий жавобгар шахс ҳисобланади.

Шунинг учун суд судланувчилар М. Шамсиева, Ў. Аҳмедов ва Н. Бердиёровни мансаб мавқеини суиис­теъмол қилиш йўли билан жиноятни содир этганликда айблаб, жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» бан­ди­ би­лан малака­лаб бўлмайди, деган тўх­тамга келди. Судланувчиларнинг айблови Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда инсонпарварлик, одиллик ва жиноятга жазонинг муқаррарлиги тамойилларига таянди. Хусусан, Жиноят­ кодексининг 71-моддасида «Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўл­маган жи­ноят­ни биринчи марта содир эт­ган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғ­ри­сида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўл­са, суд томонидан жазодан озод қи­линиши мумкин»лиги кўрсатилган.

Суд М. Шамсиеванинг оилавий ша­рои­ти ва жазодан озод қилишга етарли асослар мавжудлиги, уч нафар воя­га етмаган фарзанди бўлиб, улардан бири ногирон эканини инобатга ол­ди.­ Унга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 463-моддаси 3-қисми 6-бандига асосан жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарди.

Суд Ў. Аҳмедов ва Н. Бердиёровга ойлик иш ҳақининг ўн фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси та­­­йин­лади. Судланувчилар ахлоқ тузатиш ишлари жазосини иш жойида ўташи белгиланди.

Кўриниб турибдики, судланувчилар қинғир йўл билан бойлик топамиз деб, адашишди. Жамоа, маҳалла-куй олдида бошлари эгилиб, юзи шувут бўлгани қолди, холос.

 

 

Фаррух ҚАҲҲОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Конимех тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: