БУЙРУҚ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ: ТАКОМИЛ ЗАРУРАТИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш сингари эзгу мақсад мужассам.

Маълумки, Конституциямизнинг 36-моддасига мувофиқ ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Ушбу конституциявий тамойилни амалга ошириш учун амалдаги қо­нунчилик талабларига асосан жисмоний шахс­лар банк ва бошқа кредит ташкилотлари билан ўзаро келишилган, ихтиёрий ва эркин тарзда тузилган кредит шартномалари асосида кредит маблағлари олиб, тадбиркорлик фао­лия­тини йўлга қўйишмоқда. Албатта, банкдан олинган кредит маблағи ўз вақтида қайтарилиши керак. Акс ҳо­лда тегишли ҳуқуқий оқи­бат­ларни келтириб чиқаради.

Статистик маълумотларга қараганда, биргина Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан кредит шарт­но­маси юзасидан қарздорликни ундириш мақсадида 2021 йил­да 26 079 та фуқаролик иши кўриб чиқилган.

Бу фуқаролик ишларининг 22 915 таси (87,9 фоизи) бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 56 таси (0,2 фоиз) рад этилган, 2920 та (11,2 фоиз) ариза кўрмасдан қолдирилган ва 188 таси (0,7 фоиз) иш юритишдан тугатилган. Бунда 4 694 та (18 фоиз) фуқаролик иши банклар, 21 385 таси (82 фоиз) бошқа кредит ташкилотларининг даъво аризаси бўйича қўзғатилган.

Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган аризаларнинг аксарияти кредит бўйича қарз­дорлик тўлангани ёки даъвогарнинг аризасига асосан тугатилган бўлиб, ушбу аризалар иш судда кўрилгунга қадар ҳал этилган.

Бундан ташқари 2021 йил давомида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида банк ва кредит ташкилотлари томонидан киритилган апелляция шикоят­ (протест) лари асосида 104 та иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилган бўлиб, шундан 76 та (73,1 фоиз) иш бўйича суд қарорлари ўз­гаришсиз қолдирилган, 14 та ҳал қи­лув қарори ва 4 та ажрим (17,3 фоиз) бекор қилинган ва 10 та иш бўйича ҳал­ қилув қарорлари (9,6 фоиз) ўз­гартирилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кредит шартномаси билан боғлиқ ишларнинг 15 754 таси (68,7 фоиз) сирт­дан иш юртиш тартибида кўрилган.

Қолаверса, ушбу тоифадаги ишларнинг аксариятида тарафлар ўртасида низо юзага келмаган бўлиб, кредит берувчи ташкилотлар шартнома мажбуриятлари кредит олувчи томонидан муддатида бажарилмагани оқибатида судга мурожаат қилган, холос.

Ҳолбуки, ушбу тоифадаги ишларни суд муҳокамаси ўтказмасдан, тарафлар судга чақиртирилмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан ҳал этиш мумкин. Бунинг учун кредит шартномаси асосида вужудга келган қарздорликни суд буйруғи тартибида кўриб чиқиш кифоя.

Ана шунда фуқаролик судларида кў­ри­ладиган иш ҳажми анча кама­йиши баробарида ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

 

 

Бахтиёр Алимжонов,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: