БОЛА НИГОҲИДАГИ МАЪЮСЛИК СУД МУҲОКАМАСИДАН СЎНГ ҚУВОНЧГА АЙЛАНДИ

Бу сир-синоатли дунёда ҳамманинг ҳам умр йўли бирдек равон ва ҳаловатли кечавермайди. Айниқса, ҳали эсини танимай туриб, она меҳридан мосуво бўлиш бола тақдирида аянчли из қолдириши аниқ.

Равшан (исм-шарифлар шартли) онасини элас-элас эслайди. Ўшанда онаси бир неча кун негадир уйда кўринмай қолди. Ке­йин уни уйга олиб келишди-да, тўшакка ётқизиб, устини оқ чойшаб билан ёпиб қўйишди.

Кейин уйда йиғи-сиғи бўлди. Онасини олиб кетишди. Шундан сўнг онаси қайтиб келмади.

Бола отаси билан ёлғиз қол­ди. Эрталаб ота уни шошилганича боғчага олиб борар, кейин ишга кетарди. Кўпинча боғчадан энг кейин олинадиган бола Равшан эди.

Мактаб ёшига етганида отаси Равшанни Меҳрибонлик уйига жойлаштирди.

Даст­лаб ҳафта-ўн кунда келиб хабар олиб турган ота кейинчалик қорасини кўрсатмай қўйди. Тўғри, тенгқўрлари ка­би Равшан ҳам ҳеч нарсадан зориқмасди. Аммо ёнидаги болаларнинг отаси ёки онаси келганида бўғ­зига нимадир тиқилар, кўзларида ёш қалқиб, ич-ичида қандайдир хўрсиниқ сезарди.

Шу ўринда мақсадга ўтадиган бўлсак, яқинда Кармана туман прокурори судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Равшаннинг отаси Жамшид Ғанижоновни оталик ҳуқуқидан маҳрум қи­лишни сўради.

Жавобгар Ж. Ғанижонов 2006 йил 1 октябрь куни туғилган ўғ­ли Равшан Ғанижоновни Кармана туман ҳокими томонидан 2013 йил 11 октябрда чиқарилган 564-сонли қарорга асосан Навоий шаҳар Меҳрибонлик уйига жойлаштирган. Меҳрибонлик уйига Равшаннинг жойлаштирилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 ок­тябр­даги 230-сонли қа­рори билан тасдиқланган «Меҳрибонлик уйи тўғрисида»ги Низом талабларига тўғри келади. Ма­са­ланинг яна бир жиҳати, ўша пайт­да отасининг аниқ яшаш жо­йи бўлмаган, онаси эса, вафот этган.

Бола ҳозирда ушбу Меҳрибонлик уйида тарбияланиб келяпти. Жавобгар ўз фарзандини Меҳрибонлик уйидан олишни хоҳламайди, бунинг устига унинг ҳолидан хабар ҳам олмайди.

Даъвогар Оила кодексининг 79-моддаси талабидан келиб чиқиб, судга мурожаат қилган. Негаки, ушбу моддада «Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда: ота-оналик мажбу­рият­ларини бажаришдан бош тортса, узрсиз сабабларга кў­ра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қи­линиши мумкин»лиги белгилаб қўйилган.

Ўзини билган, келгусида виждони қийналмаслигини истаган, эл-юртда уятга қолишдан номус қилган одам ҳеч қа­чон оталик ҳу­қуқидан маҳрум бўлиб қолишни истамайди. Жавобгар Ж. Ғанижонов ўзига нисбатан судга даъво ариза киритилганлигидан воқиф бўл­гач, ҳаракатга тушиб қол­ди. У Навоий шаҳар ҳокимининг шу йил 4 июндаги 279-сонли қа­рори билан Равшанни Меҳрибонлик уйидан олиб, оиласи бағ­рига қайтарди.

Суд мажлисида сўралган чоғида жавобгар даъвони қисман тан олди.

Равшан Ғанижонов ўғли бў­лиши, 2013 йилда у Меҳрибонлик уйига жойлаштирганлиги, боласини ях­ши кўриши, бундан буён ғамхўрлик қилиши, унинг таълим-тарбияси билан шуғулланишини айтиб, суддан иш юзасидан қонуний қарор қабул қи­лишни сўради.

Шундан сўнг суд мажлисида сўралган васийлик ва ҳомийлик органи вакили Ж. Умрзоқов жавобгар Ж. Ғанижонов фарзандига нисбатан оталик мажбуриятини бажармагани, уни умуман сўрамагани, таълим-тарбияси билан қизиқмагани, боласини шу пайтга қадар Меҳрибонлик уйидан олиш чораларини кўрмагани сабабли туман прокурори судга асосли даъво қўзғатганини қайд этиб, суд мажлиси жараёнларида жавобгар боласини Меҳрибонлик уйидан олгани, ҳозирда уни оталик ҳуқу­қидан маҳрум қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида ўз хулосаларини баён этди.

Суд мажлисида манфаатдор шахс — Навоий шаҳар Меҳрибонлик уйи вакили Н. Бобожонов сў­ралганида, жавобгар боласини шаҳар ҳокимининг шу йил 4 июндаги 279-сонли қарори билан Меҳ­рибонлик уйидан олганлиги, ҳозирда бола отаси билан яшаётганини таъкидлади.

Иш ҳолатларидан маълум бў­лишича, жавобгар Ж. Ғанижонов  2005 йилда М. Волкова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Уларнинг никоҳлари давомида бир нафар, яъни 2006 йил 1 октябрь куни Равшан Ғанижонов туғилган. Жавобгарнинг турмуш ўртоғи Марям касаллик туфайли 2010 йилда вафот этган. Судда аниқланишича, жавобгар Ж. Ғанижонов фарзанди Р. Ғанижоновнинг тар­бия­си ва таъминоти билан умуман шуғулланмасдан, болани Меҳрибонлик уйига топширган.

Шундай экан, даъвогар — туман прокурори томонидан судга Ж. Ғанижоновни оталик ҳу­қу­қидан маҳрум қилиш ҳақи­да асосли даъво аризаси киритилган.

Шу ўринда Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Бо­лалар тарбияси билан боғлиқ бўл­ган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғ­рисида»ги қарорига тўхталиб ўтиш жоиз.

Гап шундаки, уш­бу қарорнинг 16-бандида «Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлигига судларнинг эътибори жалб этилсин. Алоҳида ҳолларда ота ёки онанинг айб­ли хулқ-атвори тасдиқланган тақдирда ҳам, суд унинг хулқ-атвори хусу­сият­ла­рини, шахсини ва бош­қа муайян ҳолатларни эътиборга олиб, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этишга, васийлик ва ҳо­мийлик органларига унинг ота-оналик мажбуриятларини бажаришини назорат қилишни юклаб, жавобгарни болалар тар­биясига нисбатан ўзининг муносабатларини ўзгартириши зарурлиги тўғрисида огоҳ­лантиришга ҳақли» деб кўр­са­тилган.

Суд жавобгарни оталик ҳу­қуқидан маҳрум қилиш сўнгги чо­ра эканлиги, суд мажлиси жараёнларида жавобгарга боласини Меҳрибонлик уйидан олишга имконият ҳамда ҳуқу­қий тушунтиришлар берилганлиги, натижада жавобгар боласини Меҳрибонлик уйидан олиб, уйида турмуш ўр­тоғи Н. Раҳимова билан бирга тарбия­лаб келаётганлигини эътиборга олди. Жавобгарни келгусида бола тарбия­сига нисбатан ўзининг муносабатларини ўзгартириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантириб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришдан рад қилишни лозим топди.

Фарзанд — қизми, ўғилми унга ота-она меҳри, тарбияси керак. Жамиятимиз эса, ота-онанинг меҳр булоғидан сув ичган, орият­ли, оқибатли, касб-ҳунарли, эл корига ярашга қодир фарзандлардан манфаат топади.

Муқаддас қўрғон — оила эса, фарзанд билан бадавлатлик кашф этади.

Равшаннинг нигоҳидаги маъюслик суд муҳокамасидан сўнг қу­вончга айлангани, назаримизда, айни хайрли иш бўлди.

 

Нодир РАСУЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро

судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: