БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ СУДДА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Маълумки, фарзанд ҳар бир инсон ҳаётининг мазмуни, авлодлар давомчиси ҳамда келажакда ота-онасининг суянчидир. Бола оилада қанчалик меҳр кўрса, ўсиб-улғайгач, ота-онасини шунчалик эъзозлайди. Тун-кун уларнинг хизматига шай туради.

Аммо ўзининг кўнгил майли ва кайфу сафосини фарзанд тарбиясидан устун қўй­ган айрим «ота» ёки «она»лар кейинчалик фарзанд меҳрига зор бўлиши шубҳасиз.

Масалан, фарғоналик Матлуба Маматова (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундайлар тоифасидан. Гап шундаки, М. Маматова 2 нафар фарзанди — Меҳрибонлик уйида яшаб, тарбия­ланаётган 14 ёшли Маматов Ҳасанбой Лутфилла ўғли ва Маматова Зуҳрахон Лутфилла қизининг онаси саналади.

Эгизаклар ёш­лигида отасидан айрилган.

Бироқ М. Маматова оналик бахтини ичкилик ва беҳаловат ҳаётга алмаштирган. Ака-сингилни эса, болалик бахтидан мосуво қилган. Аниқроқ айт­ганда, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланмагани, уларга етарли шарт-шароитлар яратмагани туфайли уларнинг хулқи ўз­гариб кетган.

Оқибатда Ҳасанбой ва Зуҳра назоратсиз қолиб, тиланчилик билан шуғулланишгача борган. Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2019 йил 9 де­кабр­даги ҳал қилув қарорига асосан болалар онасидан олиб қў­йилиб, Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими қарамоғига берилган.

Шу билан бирга, М. Маматованинг оналик ҳуқуқи чекланиб, Фар­ғона шаҳар ҳокимининг 2020 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ, болаларни тарбиялаш, камол топтириш, қўл­лаб-қувватлаш ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-ҳуқу­қий жиҳатдан ҳи­моя қилинишини таъминлаш мақсадида бир йил муддатга Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган.

Қолаверса, Матлуба Маматова ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, спиртли ичимлик истеъмол қи­лишдан тийилмаса, иш­га жойлашиб, моддий аҳволини яхшиламаса ҳамда яшаш хонадонини санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштирмаса, оналик ҳуқуқи чекланганидан сўнг орадан олти ой ўтгач, Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими уни оналик ҳуқу­қидан маҳрум қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритиши шартлиги тушунтирилган.

Шунда ҳам аёлнинг сўқир кўзи очилмаган. Бинобарин, Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритди.

Фарғона тумани халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органининг 2021 йил 18 январдаги хулосасида қайд этилишича, вояга етмаган болаларнинг таълим-тарбияси, уларнинг яшаши учун мавжуд шарт-шароитларни ўрганиш учун М. Маматованинг хонадонига борилган. Аммо М. Маматова комиссия аъзоларини уйига киритмаган.

Бундан ташқари маҳалла раиси ва фаоллари, мактаб маъмурияти иштирокида 2020 йил 10 август куни далолатнома тузилган. Унда болаларнинг яшаш шароити яхши эмаслиги, шунингдек, ака-сингил мактабга бормай, чиқиндихонада юриши ва оиланинг ижтимоий муҳити бузилгани қайд этилган.

Оила кодексининг 79-моддасига биноан, ота-она ёки улардан бири ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бў­йин товласа, узрсиз сабабларга кў­ра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳи­моя­лаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳу­қу­қини суиистеъмол қил­са, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғ­лиғига ёхуд эри ё хотинининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқу­қидан маҳрум қилиниши мумкин.

Буни қарангки, жавобгар она суддаги тушунтиришларида тузалиш йўлига ўтгани, доимий ишга жойлашиб, моддий жиҳатдан болаларини таъминлаш имкониятига эга бўлганини билдирган ҳол­да даъвони рад қилишни сўради.

Аммо келтирган важларини тасдиқловчи далилларни судга тақдим қила олмади.

Шу асосларга таянган суд Матлуба Маматовани фар­занд­лари Ҳасанбой ва Зуҳрахонга нисбатан оналик ҳуқу­қидан маҳрум этиш тўғрисида ҳал қи­лув қарори қабул қилди.

Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаш жоиз. Яъни халқимиз жуда болажон ва меҳрибон. Шунинг учун бўлса керак, амалдаги қонунларимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари ўз аксини топган. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

 

Гулнора ОБИДОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Фарғона туманлараро суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: