«БИР СУД — БИР ИНСТАНЦИЯ» ТАМОЙИЛИ ТИЗИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИНИ БОШЛАБ БЕРАДИ

Маълумки, демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш мамлакатимизда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг бош мақсадидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида ке­йинги 3 йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қа­рорлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини янада ошириш, судья­ларни танлаш ва тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ўтган 3 йилда 1 минг 989 на­фар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Шу билан бирга, судьяларнинг одил судлов борасидаги масъулиятини ошириш долзарблигича қолмоқда. Хусусан, бунда одамларни ро­зи қилиш ва уларда ҳақи­қат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун ҳали кўп­лаб вазифаларни амалга оширишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жумладан, шу ҳақда ҳам атрофлича сўз борди.

Йиғилишда одил судловни таъминлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳолининг судга бўлган ишончини ошириш, тергов органлари фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга қар­ши курашиш самарадорлиги ҳам­да суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолия­ти устидан жамоатчилик назоратини оширишга жиддий эъ­тибор қаратилди.

Йиғилишда, шунингдек, Президентимиз томонидан Тошкент шаҳри судларини энг намунавий судларга айлантириш, уларнинг фаолиятини «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиб, кейинчалик ушбу тажрибани республиканинг барча ҳудудлари ва судларига татбиқ этиш таклиф этилди.

Видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари негизида ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ҳо­зирда Тошкент шаҳрида 2020 йилнинг сентябрь ойидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар вазифалар ижроси юзасидан «Йўл харитаси» лойи­ҳа­си ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг самарали чоралари, одил судловни амалга оширишда адвокатура фаолиятини такомиллаштириш, судлар ва тергов органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини кучайтиришга доир 80 дан ортиқ чора-тадбирларни амал­га ошириш белгиланди.

Жумладан, судлар фао­лия­тига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳолининг ҳуқу­қий онги ва маданиятини янада юксалтириш, судлар ва тергов органлари ходимларининг илмий сало­ҳия­ти, амалий кўникмаси ва маънавиятини юксалтиришга жиддий аҳа­мият берилади.

Ягона суд амалиёти шакллантирилиб, суд қарорларининг барқарорлигига эришиш, суд органларининг Халқ қабулхоналари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, судларнинг Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашлари ҳамда фуқаролик жамияти инс­ти­тутлари билан ҳамкорлигини кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Судлар ва тергов органларини коррупциядан холи тизимга айлантириш, судлар фао­лиятининг таъминотини янада яхшилаш, суд, тергов ва суриштирув органлари фао­лия­тини мувофиқлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу чора-тадбирларни тў­лақонли рўёбга чиқариш учун доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳи зиммасига дастлабки тергов ва суд амалиётини мунтазам таҳлил қилиб бориш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этиш вазифалари юкланди.

Ишчи гуруҳи, шунингдек, даст­лабки тергов ва суд амалиётида қонунларни қўллашда юзага келаётган муаммоларни ўрганиб, уларни баратараф этиш юзасидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида асослантирилган таклифлар тайёрлаб, Олий суд ва Бош прокуратурага тақдим этиб бориш билан изчил шуғулланади.

Бугунги кунда соҳа масъуллари олдига жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакл­лантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш вазифаси қўйилган. Шундай экан, бунинг учун судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айланиши зарур.

Буларнинг барчаси эса, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарода адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилади.

 

 

Шерзод ЮлдАшев,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани судининг судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: