БЕФОЙДА ПУШАЙМОНЛИК ЁХУД ХИЁНАТ КАСРИ

Яқинда судда айбланувчи сифатида кўрсатма берган урганчлик Асрор Жуманиёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) қилмишига астойдил пушаймонлик ва иқрорлик билдирди. Лекин нафсиламбирини айтганда, энди бундай пушаймонлик ва узрхоҳликдан фойда йўқ.

Ҳа, шундай, Асрорнинг пушаймон бў­лишидан наф чиқмади, ҳаёт ортига қайтмади, содир бўлган машъум йў­қотишнинг ўрни тўлмади. Аслида бу воқеанинг бошланиши 2020 йилнинг февраль ойида Россиянинг чегара ўтказиш ҳудудида рўй берганди. Хорижда ишлаш мақсадида йўлга чиққан Асрор ва хотини Шоҳсанам Ибодова ўтирган автомашина чегара масканига етиб келади. Шунда Асрорнинг бу мамлакатга ки­ришига та­қиқ қўйилгани маълум бўлади. Шу му­носабат билан чегарачилар уни алоҳида хонага таклиф қилиб, ҳужжатларини синчиклаб текширишади. Бу жараён анчага чўзилади.

Чегара маскани биносидан қайтиб чиққан Асрор ҳарчанд изласа-да, умр йўлдошини тополмайди. Кейин маълум бўлишича, уларни шу масканга олиб келган автомашина бошқа йў­ловчилар билан аллақачон чегарадан ўтиб кетган экан. Хотини унинг чегара ўтказиш масканидан қайтиб чиқишини кутмай жўнаб кетганидан қат­тиқ ранжиган Асрор чор-ночор Хоразмга қайтишга маж­бур бўлади. Эр-хотин йўлга чиқаётиб, хорижда меҳнат қилаётган таниши Зарнигор опанинг уйида туришни мўлжаллашган эди. Орадан бир неча кун ўтгач, Асрор шу ҳақда ўйларкан, шоша-пиша Зарнигор опага телефон қилди. Аммо Шоҳсанам Зарнигор опанинг уйига келмагани маълум бўлди. Шундан сўнг Асрор хотинини излашда давом этди. Ниҳоят, ҳайдовчи билан боғланиб, Шоҳсанамнинг аввал келишилган манзилда эмас, балки Санкт-Петербург шаҳри яқинида автомашинадан тушиб қолганидан хабар топди.

Кейинчалик маълум бўлишича, Шоҳсанам эрининг таниши Зарнигор опанинг уйига орадан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтгач, кириб келган ва йўлда ушланиб қолганини айтган. Эр-хотин ўр­тасидаги алоқа ана шундан сўнг тикланган. Аммо Шоҳсанамнинг муомаласи ва сўз оҳангида анча ўзгариш сезилган. Орадан кўп ўтмай бунинг сабаби ҳам маълум бўлган.

Зарнигор опа Шоҳсанам бегона йигит би­лан гаплашиб юрганини маълум қилган. Асрорнинг гапига қараганда, бу гап охир-оқибат ҳақиқат бўлиб чиққан. Шоҳсанам ҳам ўша йигитга кўнгил қўйганини ўз турмуш ўртоғидан яширмаган. Бу гап эрнинг жисму-жонини олов каби ёндирган. Бироқ ўртадаги икки нафар фарзанд ҳаққи-ҳурмати муроса йўлини излаган.

Шоҳсанам эрининг бу ҳақдаги барча таклифларини рад қилган ва орадан бир неча ой вақт ўтгач, Хоразмга қайт­ган. Урганч аэропортида уни отаси З. Матниёзов ва қайнотаси Д. Жуманиёзов кутиб олишган. Қайнотаси келинини ўз уйи томон бошлаган, фарзандлари онаизорини интиқ бўлиб ку­таётганлигини таъкидлаган. Лекин келини уйга келмаган.

2010 йилнинг ноябрь ойида Асрор Жуманиёзов ва хонқалик Шоҳсанам Ибодова ўртасида қурилган оила иморати ана шу тариқа нурай бошлаган ва охири иш судга етган. Суднинг 2021 йил 25 мартдаги қарорига асосан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинган. Можаро тарафларнинг ажрашувидан сўнг ҳам давом этган. Бунга ўртадаги 2 нафар фарзанднинг тарбияси отадан онага олиб берилгани сабаб бўлган. У. Жуманиёзовга ҳафтанинг муайян кунлари фарзандлари билан учрашиб туриш ҳуқуқи берилган.

Болаларнинг она уйидаги тарбияси отани қаноатлантирмаган. У ўз жигарбандларини бир неча бор юз-кўзлари кўкарган ва лат еган аҳволда учратган. Бундай ҳолат 2021 йилнинг 3 июль куни ҳам содир бўлган.

Бундан фиғони ошган ота орани очиқ қилишга қарор қилган. У ярим тунда собиқ хотинининг олдига отланган. У ҳовлининг пастқам деворидан ошиб ўтиб, сўрида донг қотиб ухлаётган собиқ қайнонаси Нигора Бобожонова ва Шоҳсанам Ибодовага кетма-кет пичоқ санчади. Шовқин-суронни эшитган қўшнилар ёрдамга етиб келишганда Асрор аллақачон воқеа жойидан қочиб кетган эди.

Шоҳсанам воқеа жойида жон таслим қилган бўлса, Н. Бобожонова бир неча ойлар давомида тўшакда ётди, турли шифохоналарда узлуксиз даволангачгина оёққа турди. Орада икки нафар мурғак фарзанд етим бўлиб қолди.

Суд муҳокамаси чоғида қотил А. Жуманиёзов айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, барчадан кечирим сўради. Аммо суд унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шу тариқа унинг кечиккан пушаймонлиги наф бермади. Жаҳлга эрк бериш оқибати ана шундай аянчлик якун топди. Бундан бошқалар сабоқ чиқарса, ажаб эмас.

 

 

Меҳрибон Ҳасанова,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: