БЕКОР БЎЛГАН ҚАРОРЛАР ЁХУД ҚОНУНГА БЕПИСАНДЛИК ОҚИБАТЛАРИ

Жорий йилнинг дастлабки чорагида Фарғона туманлараро маъмурий суди томонидан туман ва шаҳар ҳокимларининг 37 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Уларнинг орасида Олтиариқ тумани ҳокимлиги «етакчи» ўринлардан бирини эгаллайди. Устига устак Олтиариқ туманида суд қарорига нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ҳолати ҳам кузатилди.

Гап шундаки, 2021 йил 8 февраль куни туман ҳокимининг 45-сонли қарори қабул қилиниб, унга биноан Улуғбек Абдуллаевга пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун туман захирасидаги 27,7 гектар ер майдони ажратиб берилади. Натижада «OBOD OLMAZOR ZAMINI» фермер хўжалиги ташкил қилинади.

Қолаверса, 2021 йил 22 февраль куни Олтиариқ тумани ҳо­кимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида 34-сонли узоқ муддатли ижара шартномаси ҳам тузилиб, у давлат рўйхатидан ўтказилади. Аммо енг шимариб ишга киришган фермернинг хурсандчилиги узоқ­қа чўзилмайди. Нега деганда, 2021 йил 3 март куни туман прокуратураси томонидан ушбу қарорни бекор қилиш тўғрисида протест киритилади. Шу боис 2021 йил 11 март куни туман ҳокимининг 2021 йил 8 февралдаги 45-сонли қарорини бекор қи­лиш ҳа­қи­­даги 160-сонли қа­рори қа­бул қилинади.

Тўғриси, бундан У. Абдуллаевнинг ҳафсаласи пир бўлади. Айни ерга ишлов берадиган маҳалда шундай муаммога дуч келганидан у қаттиқ ранжийди. «Нима қилсам, қандай йўл тутсам экан?» — дея фермернинг боши қотади. Охир-оқи­бат Олтиариқ тумани ҳокимининг 2021 йил 11 мартдаги 160-сонли қа­рорини ҳа­қи­қий эмас, деб топишни сў­раб, Фар­ғона туманлараро маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Фар­ғона туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 15 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан туман ҳо­кимининг 160-сонли қарори ҳа­қиқий эмас, деб топилади. Мазкур суд қарори айни пайт­да ҳам ўз кучида.

Айтмоқчимизки, ушбу суд қарорига нисбатан апелляция ёхуд кассация тартибида шикоят берилмаган.

Бироқ Олтиариқ тумани ҳо­кимлиги мутасаддилари бош­қача йўл тутишади — ай­ни ма­сала туман кенгаши сессиясига киритилади. Натижада халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгашининг 2021 йил 19 майдаги 11.5/32-6-сонли қарори билан фермерга ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдони туман давлат захирасига қайтарилиши белгиланади.

Лекин туман кенгаши ёки туман ҳокимлиги томонидан бу хусусида Улуғбек Абдуллаевга хабар берилмайди. Фермер 2021 йилнинг декабрь ойида Риштон туманлараро иқтисодий судига ер ижара шартно­ма­сини бекор қилиш юзасидан бўлиб ўтадиган суд мажлисига чақирув қоғози олгандан сўнг бундан хабар топди. Бинобарин, у яна Фарғона ту­манлар­аро маъмурий судига мурожаат қилиб, кенгаш қарорини ҳа­қиқий эмас, деб топишни сў­райди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 72-моддаси талабига кў­ра, исботлашдан озод қилиш асослари ишнинг маъмурий суд томонидан барчага маълум деб топилган ҳолатларини исботлаш талаб этилмайди. Маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бош­қа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.

Ер кодексининг 24-моддасида эса, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қи­лиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши белгиланган. Бу қоида «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қо­нуннинг 24-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони 3-бандида «2018 йил 1 августдан давлат органи (мансабдор шахс) нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кў­риб чиқилади, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно» дея қайд этилган. Аммо халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгаши мазкур фармон ва қонуний талабларни инобатга олмаган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 67-моддасига асосан, иш­да иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эъ­тироз­ларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Бироқ халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгаши ўзининг 2021 йил 19 майдаги 11.5/32-6-сонли қа­рори қонуний эканини исботлаб бера олмади ва далиллар тақдим қилмади. Аслида бундай далилларнинг ўзи мавжуд эмас.

Фарғона туманлараро маъмурий суди ана шу асосларга таяниб, халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгашининг 2021 йил 19 майдаги 11.5/32-6-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.

Конституциямизнинг 114-моддасида «Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир» дея қайд этилган. Ушбу конституциявий қои­да Олтиариқ тумани ҳо­ким­лиги мутасаддиларига ҳам тегишлидир. Ана шу қоидага риоя этилса, баён этилгани ка­би қарорлар «ўйин»и қайта содир этилмайди.

 

 

Элмурод ОРТИҚОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: