БЕКОР БЎЛГАН БУЙРУҚЛАР

Мамлакатимизнинг асосий қонуни бўлган Конституциямизда ҳар бир фуқаронинг эркин меҳнат қилиш, касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган. Мазкур конституциявий тамойил меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, судларда меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни кўриб чи­қишда меҳнат шарт­нома­си­ни бекор қилиш борасидаги низолар кўпроқ нисбатга эга. Хўш, бунинг сабаби нима?

Бу саволга меҳнат низолари билан боғ­лиқ қуйидаги мисол яққол ойдинлик киритади.

Узоқ йиллардан буён Мудофаа вазирлигига қа­рашли Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмида ишлаб келаётган Гулноза Муҳаммадиева, Дилфуза Расулова, Саодат Каттақулова, Ҳабиба Болтаева, Улгуржума Каттақулова корхона маъмуриятининг 2020 йил 27 июлдаги 77-сонли буйруғига асосан ишдан бўшатилган. Бун­­­га штатлар қисқартилаётгани асос сифатида кўрсатилган. Бироқ меҳнат шарт­но­ма­ла­рини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаган.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 101-моддаси 1-кисмида «Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди», дея белгиланган.

Бундан ташқари Термиз ҳу­дудий уй-жойдан фойдаланиш қисмининг 2019-2021 йиллар учун тузилган жамоа шарт­но­масининг 2,7-бандида иш берувчи қисқартирилаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва қайта ўқитишларини ташкил этиш мажбуриятларини ўз зиммасига олиши қайд этилган.

Шу боис Сурхондарё ви­лоя­ти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Г. Муҳаммадиева, Д. Расулова, С. Каттақулова, Ҳ. Болтаева, Ў. Каттақуловани ишга тиклаш, етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритди. Суд тегишли ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, даъво аризасини қа­ноатлантириш хусусида қа­рор қабул қил­ди. Ноқонуний равишда ишдан бў­ша­тилган ишчи-ходимлар ўз ишига тик­ланиб, етказилган моддий ва маънавий зарарни ҳам ундириб оладиган бўлишди.

Корхона маъмуриятининг меҳнат қонунчилигига беписанд муносабати ишчи ва ходимларнинг узоқ вақт мобайнида сарсон бўлишига олиб келди. Агар иш берувчи амалдаги қо­нунларга қатъий амал қилганида баён этилгани сингари нохуш ҳолат юзага келмас эди. Бундан бошқа иш берувчилар ҳам тегишли хулоса чиқариши зарур.

 

 

Журъат Нафасов,

фуқаролик ишлари бўйича

Термиз туманлараро

суди раиси, 

Абдунаби Бобоёров,

жкрналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: