БАРҲАМ ТОПГАН СУНЪИЙ ТЎСИҚЛАР

Урганч шаҳрида яшовчи Анвар Муродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг тирикчилиги савдо-сотиқдан. 2014 йил «Урганч буюм савдо комплекси» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузиб, унга қарашли бозор ҳудудидан 25 миллион сўм эвазига саҳни 60,2 квадрат метрга тенг дўкон биносини сотиб олади.

Бироқ 2016 йилга келиб, бозор бузиладиган бино ва иншоотлар рўй­хатига тушди. Бошқалар каби Анвар ҳам тирикчлик манбаидан айрилди. Аммо буниси ҳали ҳолва бў­либ чиқди. Урганч туман ҳокимлиги бу борадаги қонунчилик ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳу­қуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чо­ра тадбирлари тўғрисида»ги Ҳу­­­кумат қа­рори талабларини бажармади. Бузилган дўкон учун унинг ҳудудига баравар бўлган ер майдонини тадбиркорга ажратиб бермади, компенсация тўланмади. Шу юзасидан қўйилган талабнинг бир қисми судда ҳал бўлди. Маъмурий суд туман ҳокими зиммасига дў­кон­дор­нинг тасарруфига тегишли ер майдонини аж­ратиб бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш ва ҳал этиш мажбуриятини юклади.

Товон тўловига оид талаб эса, фуқаролик суди ваколатига тегишлиги муносабати билан очиқ қолдирилди.

Шу аснода Урганч шаҳрининг Абулғози Баҳодирхон номли кў­часида жойлашган 95 квадрат метр саҳн­ли эски ти­кувчилик шаҳобчаси ва 81,5 квадрат метрга тенг дў­кон бинолари 7 қа­ватли замонавий турар жой биносини барпо этиш муносабати билан бузиладган бўлди.

Ер-мулк эгаси Шуҳрат Комиловга (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) ушбу бунёдкорликни амалга ошириш учун масъул бўлган «Ҳунарманд ба­ракат газ инвест монтаж» масъу­лияти чекланган жа­мия­ти би­лан тегишли тартибда шартнома тузиш таклиф қи­линди. Аммо мулкдор бунга рози бўл­мади.

Таклиф рад қилинди. Бу­нинг оқибатида ер участкаларини давлат ва жа­моат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби асосида аллақачон бузиб юборилган иккита бинонинг бозор қийматига тенг салкам 109 миллион сўмлик товон пули ора йўлда қолди. Начора, низони ҳал этиш масъу­лиятини мазкур жамият­нинг сў­рови асосида Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бош­қармаси ўз зиммасига олди. Иш судда кўриб чиқилди.

Лола Акбарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Ур­ганч шаҳар ҳокимлиги ўр­тасида товон тўлови бўйича юзага келган можарони ҳам ўзаро муроса-ю, мадора асосида ҳал этишнинг иложи бўл­­­мади. Афсуски, томонлар қонуний келишувга қўл силташди. Судлашувни аф­зал кўришди. Барига фуқарога қарашли икки қа­ват­ли иморатни шаҳарнинг марказий қисмини қайта қу­риш муносабати билан бузишга қаратилган шаҳар ҳо­ки­мининг 2017 йилдаги 1855-к сонли қарор сабаб бўл­ди. Қарорга кўра, тадбиркорнинг «Зарафшон» кўчасидаги сат­ҳи 1100 квадрат метр­дан иборат маиший хизмат кўр­сатиш шаҳобчаси ва автомобилларни таъмирлаш устахонаси жойлашган бино-иншоотлар давлат ва жамоат эҳ­тиёж­ла­ри учун олиб қўйиладиган, ер-мулк эгасига эса, бошқа жойдан тегишли ҳажм­­да ер майдони ажратиб бериладиган ҳамда қарийб 387 миллион сўм миқдорида компенсация тўлови амалга ошириладиган бўлди. Ҳо­кимлик қа­рор­нинг олиб қў­йилган ҳар иккала бино ҳудудига тенг бўлган янги ер май­донини ажратиб беришга оид талабини бажарди. Би­роқ то­­вон тў­ло­вини тўлашга шошилмади. Тадбиркор аёл эса, қарор талаби бекаму-кўст бажарилишини кутди. Лекин натижа бўлмади. Шундан сўнг Ур­ганч шаҳар адлия бўлими тадбиркорнинг шикояти асосида товон пулини ундиришни сў­раб, судга мурожаат қил­гач, ҳо­кимлик му­та­сад­дилари тў­нини тескари ки­йиб­ олишди. Улар судга қар­ши даъво аризаси тақдим қи­лишди. Томонлар ўр­та­сидаги баҳс-мунозара муросасиз кечди. Аммо охир-оқи­батда қонун устуворлиги ушбу жараёнда ҳам тантана қилди.

Зеро, қо­нун талабига кў­­ра, юртимизда хусусий мулк мутлақо дахлсиз ва уни қо­нунга хи­лоф тарзда эгаллаб олиш, тасарруф этиш, асоссиз равишда олиб қўйиш ваколати ҳеч кимга берилмаган.

Мулкий муносабатларга оид тартиб-тамойиллар Конс­титуциямизда батафсил ифодасини топган. Унга кў­ра, мулкдор фақат қо­нунда назарда тутилган тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мус­таҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Унга биноан яратилган қонунлар мажмуаси жами мулкий муносабатларнинг ҳуқуқий ечимини таъминлаш гаровига айланди. Ер участкаси олиб қў­йилганда компенсация бериш тартиби эса, мавжуд қонунчилигимизда муфассал акс этди. Хусусийлаштирилган ер майдонларини давлат ва жамоат эҳ­тиёжлари учун олиб қўйиш чоғида компенсация тўлови муқаррар равишда амалга оширилади. Шу билан бирга жорий этилган ҳуқуқий меъёрларда хусусийлаштирилмаган ер участкаларига бўл­ган муносабат ҳам ўз ифодасини топди. Уни олиб қўйишнинг адолатли, мақбул ҳу­қуқий йўл-йўриқлари белгилаб қўйилди.

 

Зикр этилган ҳолатлар ер участкаларини олиб қўйишнинг моддий ва ҳуқуқий хусусиятларини белгилашнинг муҳим ва ҳал қилувчи омили саналади.

Бироқ юртимизда расм бўл­ган адолатли ва инсонпарварлик таомилларига кў­ра, ер майдонини бошқа узрли зарурий эҳтиёжлар, жумладан, кутилмаган вазиятлар, фав­қулодда ҳо­латларда компенсация тўловларини амалга оширган ҳолда ҳам олиб қў­йиш мумкин. Бу иш фавқулодда хусусиятга эга бўлган табиий офатлар, ава­рия­лар, эпидемиялар юз берган тақдирда ваколатли органнинг қарорига асосан, жамият манфаатларини кўз­лаган ҳамда вақтинчалик ҳо­латларни назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур тадбир вақтинчалик хусусиятга эга ва олиб қў­йилган ер участкасини фавқулодда вазият бар­ҳам топганидан сўнг собиқ эгасига қайтариш, етказилган за­рарни тўлиқ қоплаш кўз­да тутилган.

Шуни ҳам эслатиш зарурки, мол-мулк, шу жумладан, ер майдонини шахсий ва тижорат мақсади, шунингдек, жамият манфаатлари билан боғ­­­­лиқ бўлмаган ҳар қандай ҳолатда олиб қўйиш мумкин эмас.

Энди юқорида баён этилган қонунбузарлик ҳолатларига тўхталсак, суд Анвар Муродовнинг бузилган дўкони учун товон тўловини амалга ошириш ҳақидаги талабини асосли, бу борадаги қарзни тўлашни ой­лар мобайнида пайсалга солиб келган Урганч тумани ҳокимлиги ҳа­ракатини ноқонуний, деб топди. Жавобгарлик масъу­лияти туман ҳокими зиммасида қол­ди. Бузиб юборилган 60,2 квадрат метр саҳнли дўкон биноси учун ҳисобланган 25 миллион сўм товон пулидан ташқари давлат бо­жи ва адвокатлик хизмати учун даъвогар сарфлаган 2 миллион сўмни ҳам жавобгар тўлайдиган бўлди.

Бу жараёнда Шуҳрат Комиловнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 95 квадрат метр саҳнли эски тикувчилик цехи биноси учун ҳисобланган 109 миллион сўмлик товон пулини олишни рад этилгани сабаблари ҳам синчиклаб ўрганилди. Бунда мулк эгаси зиммасига бузилган бинонинг бозор қийматидаги товон пулини олиш маж­бу­риятини юклаш ҳақида даъво аризаси би­лан мурожаат қилган шаҳар ҳо­ким­лиги ҳақ, тўловни қабул қи­­­­лиш ҳақидаги таклифни рад этиб келган фуқаро ноҳақ бўлиб чиқди.

Суд бузилган ик­­кала бино учун қарийиб 109 милион сўм миқдоридаги товон пулини ундириб, мулк эгасига бериш масаласини узил-кесил ҳал эт­ди. Унга кў­ра, ҳо­кимлик белгиланган миқдордаги пул­ни тў­лай­диган, мулкдор эса, уни қа­бул қилиб оладиган бўлди.

Мулк эгаси Лола Акбарова ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида товон пули масаласида келиб чиққан низода аксинча ҳолат юз берди. Қонун мулкдорни ёқлади. Суд фуқаронинг шу ҳақдаги шикоятидан сўнг қарши даъво ари­заси­ билан мурожаат қилган ҳокимлик ўз даъвосини етарли даражада асослаб беролмагани боис рад этди. Мулкдорнинг 387 миллион сўм миқдоридаги компенсация тўловига оид сўровини қаноатлантиришни мақ­­­садга мувофиқ, деб ҳи­соблади. Бу қа­бул қилинган ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди.

Мулкий ва фуқаролик муносабатларига оид бу сингари низоли масалалар қонун талаби доирасида ечим топиши мумкин. Низо — қо­нунга нисбатан лоқайдлик, совуққонликнинг меваси. Масаланинг туб моҳиятига разм сол­ган ки­ши баён қилинган ҳаё­тий мисоллар амалдаги қонун талаблари ма­ҳаллий давлат идоралари томонидан бузиб ёки нотўғри тал­қин этилгани, унга етарлича амал қилинмаганини яққол кўрсатади. Қо­нун тантанаси эса, авваламбор маъмурий бошқарув ор­ганлари мансабдор шахсларининг қатъий интизоми ва саъй-ҳаракатлари баробаринда таъминланади. Қонун устуворлигини таъминлаш эса ким бўлишидан, жамиятда қандай мав­қени эгаллашидан қатъи назар, ҳар бир кишининг шарафли бурчи, масъулиятли ва­зифа­сидир.

 

 

Ғайрат Матяқубов,

фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: