БАРҲАМ ТОПГАН НОҲАҚЛИК

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида ҳуқуқшунос Илҳомжон Маманабиевни кўпчилик яхши танийди. Чунки И. Маманабиев оз эмас, нақ тўққиз йил мобайнида туман давлат нотариал идораси нотариуси лавозимида фаолият юритган, хизмат тақозоси туфайли кўплаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан бирга одамларга зарур ҳуқуқий маслаҳатларни берган. Қисқаси, у ҳалол меҳнати билан одамлар ўртасида обрў-эътибор қозонганди.

Аммо 2016 йилда унинг бошига ташвиш тушади. Аниқроғи, унга нисбатан кутилмаганда жиноят иши қўз­ға­ти­ла­ди. Сўнгра ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилади.

Суднинг ҳукмига биноан, И. Маманабиев соҳага тегишли меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан автомашинадан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат учун 29 600 сўмдан 32 500 сўмгача тўлов ундириши лозим бўл­гани ҳолда нотариус котиблари У. Қобилов ва Г. Тўрақулова (жиноят ишининг уларга оид қисми тугатилган) билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2014-2015 йиллар ҳамда 2016 йилнинг дастлабки 4 ойи да­вомида ўзи томонидан амалга оширилган шу турдаги нотариал ҳаракатлар учун 420 нафар фуқародан 35 000 сўмдан 350 000 сўмгача маблағ ундириб келган.

Яъни фу­қа­ро­лар­ни алдаб, уларнинг ишончини суиистеъмол қи­лиш йўли билан 56 642 700 сўм миқдоридаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбдор деб топилган. Оқи­батда суднинг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукмига асосан у Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳам­да энг кам ойлик иш ҳа­қининг 150 баравари миқдоридаги жарима жазоси та­йинланган. Сўнг суднинг 2016 йил 17 октябрдаги ажрими билан амнистия ак­ти асосида жарима жа­зосидан озод қилинган.

Бироқ И. Маманабиев суд ҳукми ва ажримидан норози бўлиб, тўрт йил мобайнида юқо­ри инс­танцияларга мурожаат қилиб келди.

Натижада жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2020 йил 30 декабрдаги ажримига биноан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгартирилиб, унинг айбидан 258 нафар фуқаровий даъвогарга оид 31 581 827 сўмлик эпизодлар чиқарилди. Шу боис И. Маманабиевдан давлат фой­да­сига ундирилган 56 642 700 сўм моддий зарарнинг 170 400 сўми фуқаровий даъвогар Н. Қорабоев, 147 440 сўми фуқаровий даъвогар А. Тожибоевга қайтариш белгиланди. Судланувчининг ўзига 31 581 827 сўм қайтарилиши қайд этилди.

Шундан сўнг И. Маманабиев Олий судга мурожаат қилади. Чунки у ўзи­ни айбсиз деб биларди. Бинобарин, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 14 сентябр­даги ажрими билан жиноят­ ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2020 йил 30 декабрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилди.

Таъкидлаш лозимки, апелляция суди мажлисида собиқ нотариуснинг айбсиз экани аён бўлди. Чунки И. Маманабиевга фақатгина фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатмалари, тергов органининг тахмин ва фаразлари асосида айб қўйилган.

Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексининг 95-1-моддаси (далилларнинг мақбул эмаслиги) да агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қо­нун билан кафолатланган ҳу­қуқ­ларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ушбу кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, шу жумладан, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўр­­сатмаларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас, деб топилиши белгиланган.

Гарчи дастлабки терговда фуқаровий даъвогарлар И. Маманабиев билан автомашинадан текин фойдаланиш тўғрисида шартнома тузгани ҳақида кўрсатма беришган бўлса-да, улар бош­қа далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган.

Қолаверса, судда сў­роқ қилинган фуқаровий даъвогарларнинг бирортаси нотариус пул сўрагани ёки пулни унга берганини билдирмаган. Кассация инс­танция судида нотариус ёрдамчиси У. Қобилов ва котиба Г. Сайдалиева дастлабки тергов жараёнида руҳий тазйиқ туфайли нотариусни айблаб кўр­сатма берганини билдиришган.

Бундан ташқари биринчи инстанция суди фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатмаларини қайси асосларга кўра, ишончга сазовор деб топганини асослантирмай, уларнинг И. Маманабиевни айблаш учун етарли далил бўла олмаслигига ҳуқуқий баҳо бермаган.

Яна бир гап. Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддаси (жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари) да жиноят ишини қўзғатиш учун шахсларнинг аризалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар, жиноят содир этилганини кўр­са­тувчи маълумотлар ва изларни суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг бевосита ўзи аниқлаши, айбини бўй­нига олиш ҳақидаги арз сабаб бўлиши белгиланган. Бироқ И. Маманабиевга нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун бирор-бир фуқаро ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилмаган. Энг асосийси, қайд этилган ҳолатларнинг барчаси суд муҳокамасининг тў­лиқ эмаслиги ва бир ёқ­лама ўтказилгани, суд ўз хулосасига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олинмагани, процесс иштирокчиларига, жумладан, судланувчига унинг ишга алоқадор важлари судда текширилиши ва баҳоланиши билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларининг чеклангани Жиноят-процессуал қонуни талабларининг жиддий бузилиши ҳисобланади. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукмини бекор қилган ҳолда И. Маманабиевни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга И. Маманабиевга ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқу­қи тушунтирилди. Қолаверса, суд ажримида моддий зарарни қоплаш мақсадида тў­лаган 24 743 033 сўм маблағнинг И. Маманабиевга қайтарилиши ҳам белгиланди.

Шу тариқа тажрибали ҳу­қуқ­шунос ноҳақ айбловдан халос бўлди.

Адолат қарор топиб, нафақат ўзи, балки яқинлари, қариндош-уруғларининг ҳам амалдаги қонунларимизга, одил судловга нисбатан ишончи янада орт­ди. Энг муҳими, унинг элу юрт, қўни-қўшни, ҳамкасблари ва таниш-билишлари ўр­тасида юзи ёруғ бўлди.

 

 

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: