БАРҲАМ ТОПГАН МУАММО

Кўча-кўйда юрганимизда махсус конструкциялар, тахталавҳа, экран, бино ва иншоотлар сиртида, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянч устунларида жойлаштирилган рекламаларга кўзимиз тушади. Бу қонун тили билан айтганда, «ташқи реклама» деб аталади.

Албатта, ташқи реклама объектини ўрнатиш ва жойлаштиришнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидаси бор. Қизиқ томони шундаки, ҳамма ташқи рекламанинг қонун-қоидасига бирдек амал қилмайди. Фарғона шаҳрида олтита ана шундай қонунбузилиш ҳолати аниқланди ва муаммо охир-оқибат судгача етиб келди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 февралдаги 96-сонли қарори билан барча турдаги ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Бу хатлов Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозори фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида ўтказилган.

Ушбу қарор билан тасдиқланган «Ташқи реклама объектларини қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 1-бандига асосан Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқарув органлари ва муассасалари, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектлар ва диний ҳамда уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудудлар ҳисобланади. Шу боис ташқи реклама объектларини рек­ламадан холи ҳудудлардан 50 метр ёки ундан кам бўлган масофада жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, низомнинг 14-бандида ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатиш мумкинлиги, бунда ажратувчи йўлак­лар ва йўл четидан бир метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги шартлиги белгиланган. Шунингдек, троллейбуслар­нинг алоқа тармоқлари мавжуд бўлганда, уларнинг йўлга чиқиш қисми, қатнов қисми ва пиёдалар йўлакчаларида, жамоат транспорти бекатларида, йўл ва кўчалар четларида 5 метрдан паст баландликда, бевосита туннелларга кириш ва чиқиш жойлари ёнида ва улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада ташқи рекламанинг алоҳида турган объектларини ўрнатиш тақиқланади.

 

Бироқ Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий номидаги кўчасида ташқи реклама объекти рекламадан холи ҳудуддан 50 метрдан кам бўлган масофада жойлаштирилган. «Ўзбекистон овози» кўчасида, шаҳарнинг кичик халқа йўли ёқасида жойлашган «Терра нова» мактаби олдидаги, шунингдек, «Шарқ» меҳмонхонаси ҳамда Аҳмад Яссавий кўчасида, маҳалла фуқаролар йиғини биноси олдидаги ташқи реклама объектлари ҳам низом талабларига зид равишда жойлаштирилган. Бинобарин, 2020 йил 12 июнь куни айни масалага жавобгар бўлган ташкилот — «Usso Design» қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятига ташқи реклама объект­ларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш юзасидан талабнома юборилган. Лекин талабнома шартлари тўлиқ бажарилмаган. Натижада Монополияга қарши курашиш кўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси жавобгар зиммасига ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш мажбуриятини юклашни сўраб, Фарғона туманлар­аро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқни тан олиш, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш, шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши, бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш, зарарни тўлаш, неустойка ундириш, маънавий зиённи қоплаш, ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги йўллари билан ҳимоя қилинади. Ана шу қонуний асосга таянган суд даъвогарнинг талабини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир иш қонун талаби доирасида амалга оширилиши, ҳар қандай муаммога эса қонуний ечим топилиши шарт. Акс ҳолда ортиқча оворагарчилигу сарсон-саргардонлик­лар юзага келаверади.

 

 

Жамила АКРАМОВА,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: