БАРҲАМ ТОПГАН МУАММО ЁХУД ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

Кўча-куйда юрганимизда махсус конструкциялар, тахталавҳа, экран, бино ва иншоотлар сиртида, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянч устунларида жойлаштирилган рекламаларга кўзимиз тушади. Бу қонун тили билан айтганда, «ташқи реклама» деб аталади.

Албатта, ташқи реклама объектини ўрнатиш ва жой­лашти­ришнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидаси бор.

Қизиқ томони шундаки, ҳамма ҳам ташқи рекламанинг қо­нун-қоидасига бирдек амал қилмайди. Фарғона шаҳрида олтита ана шундай қонунбузилиш ҳолати аниқланди ва муаммо охир-оқибат судда қонуний ечимини топди.

Маълум бўлишича, Фар­ғона шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 февралдаги 96-сонли қарори билан барча турдаги ташқи реклама объект­лари (конструкциялар) ни хатловдан ўтказиш бў­йича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Бу хат­лов Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозори фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида ўтказилган.

Айтиш керакки, ушбу қарор билан тасдиқланган «Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўл­ган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 11-бандига асосан Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат бош­қарув ор­ганлари ва муассасалари, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объект­лар ва диний ҳамда уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудудлар ҳисобланади. Шу боис таш­қи реклама объект­ларини (конструкцияларини) рекламадан холи ҳудудлардан 50 метр ёки ундан кам бўлган масофада жойлаштиришга (қуришга) йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари Низомнинг 14-бандида ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатиш мумкинлиги, бунда ажратувчи йў­лаклар ва йўл четидан бир метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объект­лари (конс­трук­циялар) ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги шартлиги белгиланган. Шу­нинг­дек, троллейбусларнинг алоқа тармоқлари мавжуд бўлганда, уларнинг йўл­га чиқиш қисми, қатнов қисми ва пиёдалар йўлакчаларида, жамоат транспорти бекатларида, йўл ва кўчалар четларида 5 метрдан паст баландликда, бевосита туннелларга кириш ва чиқиш жойлари ёнида ва улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада ташқи рекламанинг алоҳида турган объектларини (конструк­ция­ларини) ўрнатиш тақиқланади.

Бироқ Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий номидаги кўчасида ташқи реклама объекти (конструкцияси) рекламадан холи ҳудуддан 50 метрдан кам бўлган масофада жойлаштирилган. «Ўз­бе­кистон овози» кўчасида, шаҳарнинг кичик халқа йўли ёқа­сида жой­лашган «Терра нова» мак­таби олдидаги, шунингдек, «Шарқ» меҳмонхонаси ҳам­да Аҳмад Яссавий кўчасида, маҳалла фу­қаролар йиғини биноси олдидаги ташқи реклама объект­лари ҳам Низоми талабларига зид равишда жойлаштирилган.

Бинобарин, 2021 йил 12 июнь куни айни масалага жавобгар бўлган ташкилот — «Usso Design» қўшма корхонаси масъу­лияти чекланган жамиятига ташқи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш юзасидан талабнома юборилганди. Лекин талабнома шартлари ора­дан бир йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, тўлиқ бажарилмаган.

Натижада Монополияга қарши курашиш кўмитаси Фар­ғона вилояти ҳудудий бош­қар­маси жавобгар зиммасига тилга олинган таш­қи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш мажбуриятини юклашни сўраб, Фар­ғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Суд Фуқаролик кодексининг 11-моддасига асосан даъвогарнинг талабини қа­ноатлантирди. Шу тариқа  «Usso Design» масъулияти чекланган жамия­ти таш­қи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштиришга мажбур бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир иш қонун талаби доирасида амалга оширилиши, ҳар қандай муаммога эса қонуний ечим топилиши шарт.

Аксинча, ортиқча оворагарчилигу сарсон-саргардонликлар юзага келаверади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

 

 

Жамила АКРАМОВА,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: