БАРОРИДАН КЕЛМАГАН «САВДО»

Ғузорлик Икром Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлса-да, бирор-бир тайинли ишнинг бошини тутмади. Натижада жиноят кўчасига кириб, судланди. Энг ёмони, у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Аксинча, осон даромад топиш мақсадида яна жиноят содир этди.

У чордоқда марҳум бобосидан қолган «ИЖК» русумли ов қуролини ноқонуний равишда сақлаб келаётган эди. Кунларнинг бирида ушбу милтиқни сотиб, мўмай даромад олишни кўзлади. Буни қишлоқдоши Лутфулло Болтаевга ошкор этгач, иккови ов қуролига харидор излай бошлашди. Ниҳоят, харидор топилгач, уни 800 минг сўм сотишга келишишди. Бироқ улар милтиқни сотишаётган чоғида ички ишлар ходимлари то­монидан қўлга олинди.

Шундан сўнг бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктирган ҳолда ов қуролини бошқа шахсга ўтказиш жиноятини содир этган ҳамтовоқларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Суд судланувчиларнинг айбига иқ­рор ва қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида икки нафардан вояга етмаган фарзандлари борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат, бир гуруҳ бўлиб олдиндан тил бириктириб жиноят содир этганлигини эса, жазони оғирлаштирувчи ҳо­лат, деб баҳолади.

Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини, иштирокчилик даражасини эътиборга олиб, уларга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Мамлакатимизда ноқонуний қурол сақлаш ҳамда қурол савдоси тақиқланган. Бундай ҳаракатлар хавфли жиноий қилмиш сифатида баҳоланади ва тегишли жазо тайинланишга асос бўлади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

 

 

Наврўз Ашуров,

жиноят ишлари бўйича

Ғузор тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: