АЁЛ БОРКИ, ОЛАМ МУНАВВАР

Мўътабар ва муниса аёллар учун оила ва жамият ҳаётида ҳамиша ва ҳамма жойда юксак мавқе, сарбаланд ўрин ажратилган. Бу Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин янада муҳим аҳамият касб этди.

Аёлларнинг оила ва турмушдаги ўрни, роли ва мавқеини янада кучайтириш, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий жабҳалардаги фаоллигини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шу маънода бугунги кунда  мамлакатимиз хотин-қизла­ри­ орасида Ўзбекистон Қаҳ­ра­мони унвонига мушарраф бўл­ган аёллар, академиклар, фан докторлари, сенаторлар, Қо­нунчилик палатаси депутатлари борлиги таҳсинга са­зо­вор.

Аёлларимиз илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганлар, шу жумладан, суд тизимида эркаклар билан бир қаторда хизмат қилиб келмоқда.

Аёл бир қўли билан — бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади, дейдилар. Фарзандни дунёга келтириш ва баркамол қилиб ўстириш ота-онадан кўп меҳнат талаб қилади. Фарзанднинг ҳалол-пок, тартиб-интизомли, меҳнатсевар бўлиб ўсишида онанинг  ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Шундай экан, чиндан ҳам, бешикдан алломалар етишиб чиқишида, дунёнинг дунё бўлишида аёлнинг ўрни муҳим аҳа­миятга эга.

Бу ҳақда фикр юритганда, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­ри­сида»ги Фармонига ало­ҳи­да тўхталиш лозим.

Чунки ушбу Фармон билан оилаларнинг тинчлиги ва осо­йишталигини ишончли ҳимоя қи­лиш ва аёлларнинг жамиятдаги ташкилотчилик, тадбиркор­лик фаолиятларини кучайтириш ишлари янги босқичга кў­тарилди.

Жамиятда ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан ои­ла­нинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига му­носиб ҳисса қўшган хотин-қизларни рағбатлантиришга эътибор тубдан кучайтирилди.

Бундан ташқари 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизлар ва эр­каклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғ­рисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонуннинг мақсади — хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бунда гендер сиёсатини амалга оширишни таъминлашга доир чоралар белгилаб берилди. Бу ўринда, жумладан, жинсларнинг нотенглигини бартараф этиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларга эришиш учун давлат органлари томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда институциявий хусусиятга эга чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Ушбу қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш, давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳам­да амалга ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашда қонун нормаларининг аҳамияти беқиёсдир.

Шу билан бирга, қонунда ои­лани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўл­лаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қа­ратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш, мазкур соҳадаги дастур, режа ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳам­да амалга оширишга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш ҳамда халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўз­да тутилган.

Қонунда оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатлари ўз аксини топган.

Жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар ни­коҳ тузиши ихтиёрийдир. Мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қў­йилмайди. Эр ва хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенг ҳисобланади.

Оиланинг ички низоларини ўзаро келишув йўли билан ҳал қи­лиш муҳим. Уй меҳнатига нис­­батан хотин-қизлар ва эр­каклар ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенгдир. Болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишда, вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилини­ши­ни таъминлашда ота-оналар тенг иштирок этади.

Ота-оналар кичик ёшдаги бо­лаларини, ногиронлиги бўл­ган оила аъзоларини парваришлаш бўйича нафақалар олишда тенг ҳуқуқларга эга бў­лади. Бола туғилиши му­носа­ба­ти билан она ҳам, ота ҳам ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга.

Болани парваришлаш бў­йича таътилнинг давомийлиги, ота-онанинг ихтиёрига кў­ра, улар ўртасида бўлиниши мумкин. Бунда ота-она таътилдан уни қисмларга бўлган ҳолда фойдалана олади.

Ўз навбатида, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳам, ўз мо­ҳиятига кўра, ни­ҳоятда аҳамиятлидир.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказган ёки зў­равонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бў­ла­диган ҳимоя ордерини жорий этиш белгиланган.

Жиноят қонунчилигида ҳам жиноят содир этган аёлларга нисбатан бир қатор енгилликлар белгиланган. Хусусан, Жиноят кодексининг 50-моддасига кў­ра, аёлларга нисбатан умр­бод озодликдан маҳрум қи­лиш тариқасидаги жазо ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар қўлланилмайди.

Ижтимоий хавфи катта бўл­маган ёки эҳтиётсизлик оқи­батида жиноят содир этган ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун ҳо­миладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жа­зо тайинланмайди.

Ҳукмнинг ижроси билан боғ­­­­лиқ масалаларда ҳам Жиноят процессуал кодексининг 533-моддасида:

маҳкума ҳомиладор бўлиб қолса — бир йилдан ортиқ муддатга;

маҳкуманинг ёш боласи бўл­са — у уч ёшга тўлгунга қадар;

агар махкума ўта хавфли рецидивист бўлмаса ёки у томонидан содир қилинган жи­ноят­ ўта оғир турдаги жиноят­лар туркумига кирмаса — ҳукм­нинг ижроси кечиктирилиб турилиши мумкинлиги белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда давлат ва жа­мият­нинг барча соҳаларида аёлларга шунчалик кенг имкониятлар яратилган. Давлатимиз раҳбари хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб, эркин ва фаровон ҳаёт кечиришларига барча шароитларни муҳайё қилмоқда.

Шундай экан, юртимиз хотин-қизлари бу имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозим. Оила аталмиш муқаддас қўрғонларнинг мустҳакам ва осойишта бўлиши, бу қўр­ғонда вояга етадиган ўғил-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиб, давлатимизнинг янада равнақ топишига ўз улушларини қўшишларига бош-қош бў­лишлари шарт.

 

Раъно Камолова,

жиноят ишлари бўйича

Беруний тумани судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: