АЁЛЛИК ШАЪНИГА ДОҒ ЁХУД ФАРЗАНДФУРУШЛАР ҚИСМАТИ

Бугунги кунда бутун дунёда одам савдоси жинояти глобал муаммога айланиб бормоқда. Мамлакатимизда бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

2008 йилда «Одам савдосига қарши курашиш тўғ­рисида»ги қонун қабул қилингач, амалдаги Жи­ноят­ кодексига ҳам одам савдоси учун жавобгарликни белгиловчи жиноий-ҳуқу­қий меъёрлар киритилди.

Таҳлиллар шуни кўр­сатмоқдаки, она томонидан ўз фарзандини сотишга уриниш жинояти сабаблари гўёки эгизакка ўхшайди. Ҳаётга енгил-елпи қараш, никоҳнинг муқаддаслигига беписандлик, турмуш синовларига бардошсизлик, ўткинчи ҳо-ю ҳавас, маънавий қашшоқлик, эртанги кунни ўйламаслик, меҳр­­­сизлик фарзандфурушлик жиноятини келтириб чиқармоқда.

Судланувчи Зулфизар Маҳанова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2017 йилнинг октябрь ойида жомбойлик С. Валиев билан шаръий никоҳ асосида тур­муш қурган. Ёш оила Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб келган. 2018 йилнинг февраль ойида ўзаро оилавий жанжал сабабли Зулфизар вояга етмаган фарзанди Фазлиддинни олиб уйдан чиқиб кетади ва алоҳида яшай бошлайди.

Зулфизар товуқ фермасида ишлаётганда бу ердагиларга 2018 йил 31 июлда туғилган ёлғиз фарзанди Фазлиддинни сотиш мақсади борлигини айтади.

Кунларнинг бирида ўзи­ни «Темур» деб таништирган йигит Зулфизарга қўнғироқ қилади ва боласини сотиш нияти бор-йўқлигини сўрайди.

Зулфизардан жавобни эшитгач, Темур уни Қўшработ туманига олиб боради.

Зулфизар боласини сотиб оладиган оилани кўрсатишни сўрайди. Шунда унинг олдига ўзларини «Азиз» ва «Нигора» деб таништирган эр-хотин келади.

Улар Зулфизарга турмуш қурганига ўн йил бўлгани, би­роқ ҳалигача фарзанд кўришмагани сабабли Фазлиддинни сотиб олиб, яхши тарбиялашни айтишади ва «Булоқбоши» маҳалласидаги намунали уйлардан бирини кўрсатишади. Улардан 400 АҚШ доллари ва 950 минг сўм пулни олиб, Фазлиддинни қолдириб кетаётганида З. Маҳанова жиноят устида қўлга олинади.

Оқдарёлик Хуршида Равшанова 2014 йилда А. Солиев билан турмуш қуриб, 2018 йилда ўғил фарзандли бўлади. Бироқ фарзанд оила риштасини мустаҳкамламади. Хуршида билан Алишер ажрашишди.

Шундан сўнг Хуршида шаръий­ никоҳ асосида С. Қурбонов билан турмуш қуради.

Хуршида Каттақўрғон шаҳридаги ошхонада ишлаб юрган вақ­тида яхши оила топилса, ўғ­лини уларга топширишини маълум қилади. Тез орада ўзини «Ҳилола» деб таништирган бир аёл укаси билан Хуршиданинг олдига келиб, ўғлини сотиб олишини айтади.

Хуршида ўғлини бир ярим минг АҚШ доллари ва 10 миллион сўмга сотаётганда қўлга олинди.

Суд фарзандфуруш З. Маҳановага беш йил олти ой, Х. Равшановага тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Аёллик шаънига доғ туширган бу кимсалар қилмишларига яраша жазо олишди.

 

Илёс ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Оқдарё тумани суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: