АХБОРОТ ТИЗИМИ ОЧИҚЛИК ВА ШАФФОФЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Фарғона вилоятига ташрифи давомида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди фаолияти билан танишди.

Одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Мазкур тизим фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди раиси Азизбек Салайдинов меҳмонларга E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизимининг афзалликлари, ишлаш тартиби ҳақида маълумот берди.

Маълум бўлишича, мазкур ахборот тизими Гаага шаҳрида (Голландия) VI Бутунжаҳон судлов форуми доирасида ўтказилган “Бутунжаҳон судлов муаммолари – 2019: судлов тизимидан фойдаланиш” халқаро танловининг финал босқичига чиқди. Қўшма лойиҳа доирасида чоп этилган босма материаллар намойиш этилди.

– E-SUD ахборот тизими тарафлар томонидан судларга бўладиган мурожаатлар сонини 6-7 тадан 2-3 тага камайтириш имконини беради, –дейди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди девонхона мудири Маҳлиёхон Усмонова. – Бунда албатта турли ҳаражатлар камаяди, навбатда туриш зарурати йўқолади. Бугунги кунда фуқаролик ишлари билан боғлиқ низони ҳал этиш учун интернет тармоғидаги тизимда рўйхатдан ўтиш, аризани шакллантириш ва судга юбориш кифоя. Бундан ташқари, охирги икки йилда амалга оширилган янгилик ва қўшимча имкониятлар ҳисобига республикамизнинг узоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи 37 мингдан ортиқ аёллар вояга етмаган фарзандлар учун алимент ундириш билан боғлиқ низоларни ҳал этди. Агар авваллари фуқаролик ишини излаш учун 10 минутгача вақт кетган бўлса, бугунги кунда ахборот тизими орқали тегишли фуқаролик ишни топишга бир неча дақиқа кифоя этади. Судга ташриф буюрган фуқаролар учун маълумот олиш, суд қароридан ёки ажримидан нусха олиш учун навбат кутиб туриш зарурати йўқ.

БМТ Махсус маърузачиси томонидан судлар томонидан замонавий ахборот технологияларни жорий этиш, фуқароларга қулайликлар яратиш борасидаги ишлар юқори баҳоланди. “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, уларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида саъй-ҳаракатлар эътирофга лойиқдир” дея таъкидлади Д. Гарсия-Саян.

ЎзА

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: