АСОССИЗ ҲИСОБЛАНГАН ТЎЛОВ СУДДА ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА ҲАЛ ЭТИЛДИ

Иқтисодий суд ишларини юритишнинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бу жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар билан давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи ва назорат қилувчи органлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги тамойи­лига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш зарур.

Бунга Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ва «СHUDESA SVETA» хусусий корхонаси ўртасида келиб чиққан низонинг қонуний ечими ҳам мисол бўла олади.

Айтиш ўринлики, божхона идоралари ва тадбиркорлар ўртасида юзага келадиган даъволар шунчаки оддий низо эмас. Бунда ишни кўрувчи судьядан соҳага оид биргина кодекс ёки қонунни эмас, балки кўплаб қонун ва меъёрий ҳужжатларни пухта билиш, тарафларнинг важларини батафсил ўр­ганиш, иш ҳужжатларини синчиклаб текшириш талаб этилади.

Энди бевосита воқеа тафсилотларига тўх­таладиган бўлсак, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Косон ту­манлар­аро иқтисодий судига даъво ари­заси билан мурожаат қилиб, «СHUDESA SVETA» хусусий корхонасидан 50 миллион 214 минг 314 сўмлик божхона тўловини ундириб беришни сўраган. Суднинг 2021 йил 28 октябрдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ даъво қаноатлантирилган ва хусусий корхона ҳисобидан 50 214 314 сўмлик божхона тўлови, 21 600 сўм поч­та харажати ва 1 004 286 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Бундан норози бўлган хусусий корхона апелляция шикояти билан судга мурожаат қилган. У Қашқадарё вилояти суди иқтисодий ишлари бўйича суд­­лов ҳайъатида атрофлича ўрганиб чиқилди.

Суд муҳокамасидан маълум бўлишича, хусусий корхона 2020 йилда Хитой Халқ Республикасидан умумий қиймати 84 258,2 АҚШ долларига тенг бўлган мобил телефон аппаратларини олиб келган. Уларни божхонада расмийлаштириш жараёнида товарнинг келиб чиқиши сертификатига асосан энг кўп қулайлик режими қоидаси қўлланилиб, бир баробар ставкада импорт божи ундирилган. Чунки сертификатда товарлар Хитойда ишлаб чиқарилгани қайд этилган.

Бироқ Ташқи иқтисодий алоқалар, ин­вестициялар ва савдо вазирлигининг 2006 йил 14 ноябрдаги НН-01/19-6375-сонли хатида Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ Гонконг ва Тайванда ишлаб чиқарилган товарлар Хитой давлатида ишлаб чиқарилган, деб ҳисобланмаслиги ва ушбу товарларга нисбатан энг кўп қулайлик режими қўл­ланилмаслиги маълум қилинган. Бундан ташқари Божхона кодексининг 366-моддаси учинчи қисмига кўра, товарлар божхона тўловлари тў­лани­ши­ни назарда тутувчи божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан бир йилдан кечиктирмай божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғ­рисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда товарларга энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўл­лани­лиши ёки қай­та тикланиши мумкин.

Ана шу асосларга таянган божхона бошқармаси хусусий корхона тақдим этган товарнинг келиб чиқиш сертификатини инобатга олмаслик ва бунинг натижасида 43 664 621,43 сўмлик божхона божи, 6 549 693,2 сўмлик қўшимча қиймат солиғи — жами 50 214 314,7 сўм миқдорида божхона тўловини тўлаши зарур, деган хулосага келган.

Аммо Инновациялар ва таш­қи савдо вазирлигининг 2021 йил 19 мартдаги хатида халқаро шартномаларга мувофиқ Гонконг, Макао ва Тайванда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан Хитой Халқ Республикасининг ваколатли ор­ганлари томонидан тасдиқланган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда, уларга нисбатан энг кўп қулайлик режими қўл­ланилиши кўрсатилган. Қолаверса, хусусий корхонага келган божхона декларациясида товарлар Хитойдан жўнатилгани ва товар сертификатида ушбу давлатда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган.

Шундай бўлса-да, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли бўлган мазкур ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан даъвони қаноатлантириш ҳақида нотўғ­ри хулосага келган. Шу боис судлов ҳайъати апелляция шикоятини қа­ноатлантириш, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қи­либ, янги қарор қабул қилиш, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ва «СHUDESA SVETA» хусусий корхонаси фойдасига 502 143 сўм давлат божи, 21 600 сўм почта харажати ундириш зарур, деган тўх­тамга келди.

Шунингдек, тадбиркорнинг сарсон бўлишига сабабчи бўлган божхона ходимлари хатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериш мақсадида хусусий ажрим ҳам чиқарилди.

Шу тариқа тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлган хусусий корхонанинг ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинди. Бу мам­лакатимизда тадбиркорлик ҳуқуқла­рининг устуворлиги тамойилига қатъий­ риоя этилаётганидан далолатдир.

 

 

Акмал АРЗИЕВ,

Қашқадарё вилояти

суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: