АСОССИЗ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ ВА ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекцияси Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритиб, шаҳардаги «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятига 106 миллиард 982 миллион 114 минг 262 сўмлик молиявий жарима қўллашни сўраган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, «SUBMARINE SHARK» масъулияти чекланган жамиятининг айби нима, нега унга нисбатан молиявий жарима қўллаш керак бўлиб қолди?

Аниқланишича, масъу­лияти чекланган жамият 2020 йил 13 июлдан 26 октябрга қа­дар 11 та корхона ҳам­да 6 та фермер хўжалигининг 28 миллион 351 минг 764 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорлигини қа­бул қилиб олган. Аммо ўзи бирорта ҳам ташқи савдо шартномаларини имзоламаган. Марказий банк ва Фар­ғона вилояти божхона бош­қарма­сининг тегишли маълумотномаларида «Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими»да 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, «SUBMARINE SHARK» масъу­лияти чекланган жамия­тининг таш­қи савдо опера­ция­лари бўйича 13 миллион 970 минг 763 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги қайд этилган.

Қувасой шаҳри давлат солиқ инс­­пек­цияси эса, ана шу маълумотларга таяниб, судга давъво ариза киритган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўз­бекис­тон Республикасида ташқи савдо операция­лари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қа­рори билан тасдиқланган «Таш­қи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 24-бандига асосан экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товар­лар­ни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан «экс­порт» божхона режими бў­йича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан, хизматларга (ишларга) нисбатан эса, бажарилган ишларни қабул қи­лиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак. Бунда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли ор­гани томонидан тасдиқланган енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади. Қолаверса, уш­бу Низомнинг 27-бандига мувофиқ чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечикти­ри­­ли­шига йўл қўйган экспорт қи­лувчилар, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни юртимизга олиб ки­риш ва расмийлаштириш, иш­ларни бажариш ёки хизматлар кўр­сатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­лари учун 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўл­гандан кейин 180 кунгача кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муо­ма­­лага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатил­маган хизматлар суммасининг 10 фоизи, 180 кундан 365 кунгача кечикканда 20 фоизи, 365 кундан ортиқ кечикканда 70 фоизига тенг миқдорда бюджетга қў­шимча жарима тўлайди.

Бинобарин, Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекцияси уш­­­бу Низом талабларидан келиб чиқиб, жавобгарга нисбатан 106 982 114 262 сўмлик жарима қўллашни сўраган.

Бироқ судда кўрсатма берган Фар­ғона вилояти божхона бошқармаси мутахассиси «SUBMA­RINE SHARK» масъу­лия­ти чек­лан­ган жамияти қа­бул қилиб олинган дебитор қарз­дорликлар учун жавобгар эмаслигини, аксинча, хорижий корхона билан экспорт ва импорт шартномасини тузган хў­жалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиши кераклигини билдирди.

Ана шу асосларга биноан суд хўжалик юритувчи субъект­ларга нисбатан молия­вий жарималар қўлланилишини инобатга олиб, Қувасой шаҳри давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этди. Бунга солиқчиларнинг молиявий жарима бўйича даъво ариза киритишда қонун талабларини бузишгани сабаб бўл­ди.

Чунки Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасида «Ишни кў­риш вақтида давлат органи ёки бош­қа орган, юридик шахс, мансабдор шахс­нинг ёки фуқаронинг фаолиятида қо­нун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақ­лидир. Хусусий ажрим билан суд тегишли ор­гандан ёки мансабдор шахсдан қонун ҳужжатларининг бузилишида айб­дор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кў­риб чиқишни талаб қилиши мумкин. Хусусий ажрим тегишли давлат ор­ган­лари ва бошқа органлар, юридик шахс­лар, мансабдор шахслар, фуқароларга юборилади. Улар кўрилган чо­ралар тўғ­рисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт. Агар суд низони кў­раётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғ­рисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади» деб белгиланган.

Шу боис суд даъво талабларини рад этиш билан бирга Қувасой шаҳри давлат со­лиқ инспекциясининг «SUB­MARINE SHARK» масъу­лия­ти чекланган жа­мия­тига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғ­рисидаги талаби, ташқи савдо операция­ларининг ягона элект­рон ахборот тизими дас­турида 28 351 764 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебиторлик қарздорликни шаклланиши, жавобгар ва 17 та хўжалик юритувчи субъектлар ўр­тасида тузилган экспорт шарт­номаси бўйича қабул қи­либ олинган дебитор қарздорликни қонунийлиги ҳамда дас­турга киритилган маълумотларга ҳуқуқий баҳо бериш бў­йича хусусий ажрим чиқариб, Давлат солиқ қўмитасига юборди.

Кўриниб турганидек, масалага юзаки ён­дошилгани туфайли тадбиркор сарсон бўл­ди. Суд ёрдамида бузилган ҳу­қуқлари тикланган тадбиркор бошидан ўтказган воқеа тафсилоти бошқаларга ҳам са­боқ вазифасини ўташи зарур. Зеро, ҳар бир ишда қо­нунга риоя этган ки­ши ҳеч қа­чон ютқазмайди.

 

Ҳусниддин ЖАМОЛИДДИНОВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: