АСОСИЙ МЕЗОН — ҚОНУНГА РИОЯ ЭТИШ

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Конституция ва қонунлар билан кафолатланган мустақил фаолият саналади. Унинг асосий вазифаси аҳолининг кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқолллари) сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур йўналишда Олий суд томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига оид ишларни кўриш бўйича» услубий қўлланма тайёрланди.

Бундан ташқари Олий суд ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Адлия вазирликлари билан ҳамкорликда «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқ­соқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренинг давомида маҳалла оқсоқолларини сайлаш тизимидаги дол­зарб масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди. Тадбирда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кў­маклашувчи комиссиялар фао­лия­ти, сайловни ўтказиш тартиби ва сайлов жараёнининг асосий тамойиллари, бу борада амалга оширилган ташкилий чора-тадбирлар, шунингдек, сайловга оид ишларни маъмурий судда кўриш каби мавзулар муҳокама қи­линди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, сайлов ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари ёки ишчи гуруҳнинг қа­рорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳу­қуқига эга.

Сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) хатти-ҳаракатлари ёки қарори устидан берилган шикоятлар туманлараро маъмурий судларда кўрилади.

Сайловда овоз бериш фуқаролар йи­ғинида яшовчи сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барча сайловчилар иштирокида ўтказилган тақдирда, ҳар қайси сайловчи сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) хатти-ҳаракатлари ё қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар сайлов фуқаролар вакиллари томонидан овоз бериш тартибида ўтказилса, фуқаролар вакили сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) хатти-ҳара­кат­­лари ё қарори устидан судга ши­коят­ қилиши мумкин.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига асосан манфаатдор шахс маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳа­­ракатларини (ҳаракатсизлигини) қо­нунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза ёки шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда фуқаро ушбу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли:

– унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қў­риқланадиган манфаатлари бузилган;

– унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирилган;

– унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юкланган;

– унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирилган деб ҳисобласа, ўзининг судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан бемалол фойдаланиши мумкин.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 20 ва 21-моддаларига мувофиқ, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) иштирокчиларига сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади.

Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлашда бюллетенларни бериш бевосита овоз беришдан олдин бошланади. Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади.

Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «-» ёхуд «х» белги­си­ни қўяди. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди. Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади.

Бундан кўринадики, сайловчининг ҳуқуқлари сайловда иштирок этиб, юқорида баён этилган тартибда овоз беришда ифодаланади. Шу сабабли сайловчи, манфаатдор шахс сифатида айнан шу ҳуқуқлари бузилгани юзасидан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Ам­мо у сайлов натижасига кўра, муайян номзод асоссиз равишда сайловда ғолиб бўлгани юзасидан низолашишга ҳақли бўлмайди.

Ўз навбатида, номзод ҳам фақат ўзи­га тегишли ҳуқуқлар бузилгани юзасидан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлиб, сайловчига тегишли ҳуқуқлар бузилгани юзасидан низолашишга ҳақли бўл­майди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида тегишли сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи кўрсатилади. Бироқ шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилгани асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан даъвони рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи жавобгар сифатида талқин этилади.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси иккинчи қисмига кўра, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилиши сабабли овозларни санаш натижалари бўйича тузилган саноқ комиссиясининг баённомаси устидан бериладиган шикоятлар судга тааллуқли бўлмайди. Чунки са­ноқ комиссиясининг баённомаси маъмурий акт эмас. Қолаверса, саноқ комиссиясининг ҳаракати ҳамда сайлов натижаси юқорида қайд этилган қарорда ифодаланади. Шу сабабли судлар саноқ комиссияси баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоятларни иш юритишга қабул қи­лишни рад қилиши, агар қабул қилинган бўлса, ишни иш юритишдан тугатиши лозим бўлади.

Сайлов комиссия ёки ишчи гуруҳининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги шикоятда:

1) шикоят қилинаётган хатти-ҳаракатларни содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, мансаби, у аъзо бўлган сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳининг номи;

2) шикоят қилинаётган хатти-ҳаракатлар нимада ифодаланиши, ҳаракатлар содир этилган сана, вақт ва жой;

3) шикоят берган шахснинг фикрига кўра, содир этилган хатти-ҳаракатлар билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) шикоят берган шахснинг фикрига кўра, содир этилган хатти-ҳаракатлар мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатлари;

5) шикоят берган шахснинг сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби ва ҳуқуқини тиклаш усули кўрсатилади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 142-моддаси иккинчи қисмига биноан ариза суд томонидан шикоят берган шахс ва тегишли сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) вакили, шунингдек, прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

Ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди. Шу сабабли бундай тоифадаги ишларни кўришда аризачининг биринчи чақирув бўйича судга келмагани асоси билан аризани кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Ишни кўриш натижалари бўйича қа­бул қилинган суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига (ишчи гуруҳига) ва шикоят­ берган шахсга топширилади.

Сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) қарорларини ҳақиқий эмас, хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилганда, ушбу қарорларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни ҳамда бу хатти-ҳаракатларнинг қонунга мувофиқлигини исботлаш мажбу­рия­ти уларни қабул қилган тегишли сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) зиммасига юклатилади.

Ўз навбатида, ариза берган шахс ҳам сайлов комиссияси (ишчи гуруҳи) қарори, хатти-ҳаракатлари унинг ҳу­қуқ­­лари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини асослаб бериши лозим.

Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд шикоятнинг асослилигини аниқласа, сайлов комиссияси (ишчи гу­руҳи) қарорини ҳақиқий эмас, унинг хатти-ҳаракатларини эса, қонунга хилоф деб топади. Сайлов комиссиясига аризачининг талабини қаноатлантириш мажбуриятини юклайди ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини ўзгача йўл билан тиклайди.

Бундай тоифадаги ишларни кўришда ўзгача муддат белгиланмагани сабабли суднинг ҳал қилув қарори у қа­бул қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач, апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Бундан ташқари қонунда ўзгача муддат белгиланмагани сабабли бундай тоифадаги ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари ҳам Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодекснинг 218-моддасида назарда тутилган бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишда сайлов қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш унинг ҳаққонийлигини таъминлаши баробарида турли низолар келиб чиқишининг ҳам олдини олади. Агарда бу борада қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, манфаатдор тараф баён этилган тартибда судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин.

 

 

Муроджон Абабакиров,

Олий суд судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: