АПЕЛЛЯЦИЯ АЖРИМИ ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ

Фарғона вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига Бағдод туманидаги «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалиги раҳбари апелляция шикояти билан мурожаат қилди. Фермер хўжалиги раҳбари Риштон ту­манлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб, ушбу шикоятни берган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, фермер хўжалиги раҳбари биринчи босқич суди қароридан нега норози бўлди?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, 2019 йил 6 сентябрда имзоланган кредит шартномасига кў­ра, банк томонидан хўжаликка 12 ой муддатга, йиллик 30 фоиз устама тў­лаш шарти билан савдо ва айланма маблағни тўл­дириш учун 200 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Аммо мижоз кредит маблағи ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тў­лай олмаган. Натижада молия муассасаси Риштон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган.

Суднинг 2020 йил 9 мартдаги ҳал қилув қарори билан «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалигидан даъвогар фойдасига 22 223 000 сўм муддати ўтган асосий қарз, 177 777 000 сўм кредит қолдиғи ва 5 730 000 сўм кредит фоизини ундириш белгиланган. Суд қарори тў­лиқ ижро этилган. Яъни жавобгар 2020 йил 12 май куни барча тўловларни амалга ошириб, зиммасидаги кредит мажбуриятларини тўлиқ бажарган.

Бироқ Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан банк манфаатини кўз­лаб, яна судга даъво аризаси киритилган ва «Зиёҳиддин ота лочини» фермер хўжалиги ва қў­шимча жавобгар — «SO’XGID­RO­QURILISH» масъу­лияти чекланган жамиятидан 13 359 000 сўм кредитнинг муддати тугаган қарздорлиги, 4 060 000 сўм кредит фоизи, жами 17 419 000 сўм ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратиш сўралган. Риштон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қарорига биноан даъво қаноатлантирилиб, юқоридаги қарздорликни ундириш ҳамда ундирув қў­шимча жа­вобгарга тегишли бўл­ган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган «LONKING LSW0225­HHB» русумли экскаваторга қаратиш белгиланган. Шунинг учун ҳам фермер хўжалиги мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.

Апелляция суди мажлисида маълум бўлишича, биринчи инстанция суди иш учун аҳа­миятли бўлган ҳолатларни тў­лиқ аниқламаган ва қонуний ба­ҳо бермаган. Яъни даъвогар то­монидан жавобгарга ажратилган 200 000 000 сўм кредит маблағи суднинг 2020 йил 9 мартдаги ҳал қилув қа­рори би­лан тўлиқ ундириб берилгани, шу боис даъвогар кредит шартномасининг ҳисоб-китоб тартиби бўйича келишилган шартларини асос сифатида кўрсатиб, жавобгардан ундириб бўлинган кредитнинг асосий қарзи бў­йича қайта талаб билдиришга ҳақли эмаслигига эътибор қаратмаган ва банкнинг муддати тугаган кредит қарздорлигини ундириш тўғ­ри­сидаги даъво талабини қа­ноатлантириш ҳа­қида барвақт хулосага келган.

Ваҳоланки, даъвогар жавобгардан ҳақи­қат­дан ҳам, ундириб бў­линган кредитнинг асосий қарзи бў­йича қайта талаб билдиришга ҳақ­ли эмас.

Бундан ташқари биринчи инстанция суди гарчи қў­шим­ча жавобгар томонидан қарздорлик бартараф этилган бўл­са-да, кредит қарздорлигига банк фоизлари ҳисоблангани ва натижада қў­шимча қарздорлик юзага келгани, жавобгарлар томонидан кредитни тўлаш кечиктирилгани сабабли қарздорликларга нисбатан фоизлар ошиб боргани, натижада муддати тугаган қарз­дорлик юзага келганини кўр­сатган ҳолда даъвогарнинг даъво талабини асосли деб ҳисоблаган. Лекин апелляция судлов ҳайъати бу ҳолат билан келишмади.

Бунинг ўзига хос қонуний асосолари бор. Хусусан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 110-моддасига кў­ра, фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва ай­ни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўл­са, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно, суд иш юритишни тугатади.

Гарчи ушбу кодекснинг 68-моддасида ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши зарурлиги белгиланган бўл­са-да, апелляция суди жараёнида даъвогар вакили даъво талабларига ҳам­да жавобгарнинг апелляция шикоятига нисбатан билдирган эътирозларига асос қилиб келтирган ҳолатларни исботлаб бера олмади.

Ана шу асосларга таянган апелляция инстанцияси суди Риштон туманлараро иқ­ти­со­дий судининг 2021 йил 11 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш бўйича янги қарор қабул қилди. Унга кўра, даъвонинг муддати тугаган кре­дит қарздор­ли­гини ундириш ҳақидаги қисми бўйича иш юритиш тугатилди.

Шу ўринда масаланинг бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Янги ҳал қилув қарорида банкдан почта ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари, давлат божи ҳамда жавобгар фойдасига тўланган давлат божи, почта харажатларини ундириш ҳам белгиланди. Табиийки, бундан молия муассасаси моддий зарар кўр­ди. Бу акциядорлик ти­жорат «Халқ банки»нинг Бағдод филиали мансабдор шахслари ва масъул ходимлари зиммасига юклатилган вазифага масъулиятсизлик билан қараганини кўрсатади. Қолаверса, келгусида бундай ҳолатларнинг яна такрорланиши мижозларнинг ишончига путур етказмай қолмайди.

Бинобарин, суд банкнинг Бағдод филиали айбдор ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш ҳамда аниқланган ҳолатларни муҳокама қи­лиш, келгусида бундай қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик чора-тадбирларини белгилаш юзасидан хусусий ажрим чиқарди.

Қисқаси, суднинг ажрими билан адолатни қарор топди, тадбиркорнинг бузилган ҳу­қу­қини тикланди, унинг ортиқча оворагарчилиги-ю сарсон-саргардонлигига чек қў­йилди.

 

 

Мўминжон УМАРОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: