АНТИҚА ФИРИБГАРЛИК ЁХУД СОХТА ФОЛБИН ҚИЛМИШИ

Самарқандлик Маҳлиё Жонузоқова (исм-шарифлар ўзгартирилган) синглиси Сурайё билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Миср давлатида яшовчи Шаҳноза ўаниевани чув туширди. Қуйида ушбу фирибгарлик жинояти тафсилотлари баён этилади.

Фолбинликни касб қилиб олган Сурайё содда ва ишонувчан, иродаси суст одамларни сеҳр-жоду сингари ирим-сиримларга ишонтириш орқали чув ту­шириб келарди. Кунлардан бирида у вақтинча Мисрда яшаб турган Шаҳноза билан танишиб қолади. Шундан сўнг улар ўртасидаги муносабатлар қуюқлашиб, Шаҳноза Сурайёни Мисрда ишлашга таклиф қилади.

Ўтган йилнинг март ойида Мисрга борган Сурайё Ш. Ғаниеванинг уйида яшай бошлайди. «Ўрганган кўнгил ўр­тасак қўймас» деганларидек, Сурайё бу ерда ҳам фолбинлик билан шуғулланади. Энг қизиғи, унинг тузоғига Шаҳноза ҳам илинади.

Гап шундаки, бу пайтда Сурайё Шаҳноза ҳақида анча маълумотларни билиб олган эди. Айниқса, оилали эркакнинг иккинчи хотини бўлиб яшаётган Шаҳнозанинг ўта кўнгилчан ва ишонувчанлиги Сурайё учун айни муддао эди.

— Ҳаётингиз анча таҳликали опажон, — дейди у бир куни Шаҳнозага қўрқув ва ташвиш оҳангида кўзларини ола-кула қилиб. — Кундошингиз сиз­­ни ўлдириш учун жуда кучли сеҳр-жоду қилган. Агар бу балони қайтармасангиз, тез орада ўласиз…

Табиийки, бу гапдан Шаҳнозанинг ҳуши бошидан учади ва Сурайёдан энди нима қилиши лозимлигини сў­райди.

— Сизга қилинган сеҳр-жодунинг кучини кесишга фақат Тиловмурод исм­ли домланинг кучи етади, — дей­ди­ Сурайё бамайлихотир. — Сиз харажатидан қочмасангиз бўлди…

Аслида бу Сурайёнинг олдиндан режалаштирган найранги бўлиб, Тиловмурод исмли домлани унинг ўзи ўйлаб топган эди. Сурайё ўзи йўқ Тиловмурод номидан иш кўриб, Шаҳнозани чув туширишни кўз­ла­ган эди, холос.

Ваҳимали гапларни эшитгач, Шаҳноза сеҳр-жодудан халос бўлишга ро­зи бўлади. Шундан сўнг Сурайё опа­си Маҳлиёга қўнғироқ қилиб, унинг номига жўнатиладиган пул эвазига Шаҳнозани сеҳр-жодудан халос этишни илтимос қилади. Опа-сингилнинг олдиндан тил бириктирганидан бехабар Ш. Ғаниева М. Жонузоқованинг номига пул жўнатади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Шаҳнозага Маҳлиёнинг Телеgrам мессенджери орқали Тиловмурод домла номидан хат боради. Хатда сеҳр-жодуни йўқотиш учун бутун илмини ишга солаётгани ва бу тезда самара бериши ёзилган эди.

Аслида бу хатни Сурайёнинг ўзи ёзиб, опасига жўнатган эди. Ўз навбатида, Маҳлиё уни Тиловмурод домланинг номидан Ш. Ғаниевага юборганди. Хатни ўқи­гач, соддадил Шаҳноза Маҳлиёдан ҳам, Тиловмурод домладан ҳам, уйида яшаб, холис ёрдам кўрсатаётган Сурайёдан ҳам жуда миннатдор бўлади.

Аммо фирибгар опа-сингиллар бу билан кифояланишмайди. Сурайё опасига икки-уч бош қўйнинг расмини тушириб, телеграммдан Шаҳнозага ташлаб беришни буюради. Шаҳноза бунинг сабабини сўраганида, гўёки ана шу қўйларни бозордан сотиб олиб, Шаҳнозанинг ишлари юришиб кетиши учун қурбонлик қилгани, гўштини бева-бечораларга тар­қатганини маълум қилади. Бундан хурсанд бўл­ган Шаҳноза Маҳлиёга яна пул жўнатади. Ишнинг силлиқ кечаётгани Сурайёни янада илҳомлантиради.

— Энди яна бир иш қиласиз, — дей­­ди­ телефондан опасига. — Бу гал бўри­нинг териси билан тишларини топишингиз керак.

Маҳлиё суриштира-суриштира бў­ри терисини топади ва уни 150 АҚШ долларига сотиб олади. Маҳаллий лў­лилар Маҳлиёга бўрининг тиши ва суягини ҳам топиб беришади. У уларни қабрис­тонга олиб бориб кў­мади ва бу жараённи видеотасвирга олиб, Ш. Ғаниевага жўнатади. Шаҳноза уш­бу маросим учун М. Жонузоқовага бир минг уч юз АҚШ долларини жўнатиб юборади.

Шу тариқа опа-сингиллар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўтган йилнинг 12 апрелидан 23 май кунига қа­дар Ш.ўаниевага тегишли 2 минг 350 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Хай­рият­ки, бундан ўз вақтида хабар топган Шаҳноза ўаниеванинг қа­рин­дош­лари унга фирибгарларга қонуний чора кў­риш учун ҳу­қуқ­ни муҳофаза қи­лувчи идорага мурожаат этишни маслаҳат беришади.

 

Шундан сўнг фирибгар опа-сингилларга нисбатан жиноят иши очилди.

Сурайё Жонузоқова хорижда бўлганлиги сабабли жиноят ишининг унга тегишли қисми ажратилиб, алоҳида иш юритувига олинди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Самар­қанд шаҳар судида ушбу жинояти иши кўриб чиқилди. Суд М. Жон­узоқовани амалдаги Жи­­ноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «б» бандига асосан айбдор деб топди.

Ш. Ғаниевага етказилган моддий зарар қоплангани ва унинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқ­лиги инобатга олиниб, М. Жонузоқовага муайян муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини та­йинлади.

Алдаш ва фирибгарлик йўли билан бировнинг пулини ўзлаштирмоқчи бўлган опа-сингиллар қаттиқ адашишди. Зеро, бировнинг ҳақи ҳеч қачон бошқага буюрмаган.

 

 

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: