АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТИНИНГ ҚОНУНИЙ ТАРТИБЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқ мамлакатимиздан чиқиши вақтинча чекланган алимент тўловчи шахсларга ҳам тегишлидир.

Айтиш керакки, маъмурий судлар томонидан 2022 йилнинг биринчи ярми давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 минг 704 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Улар орасида давлат ижрочисининг алимент тўловчи шахс­ни мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар ҳам бор.

Шу ўринда ушбу масала бўйича батафсил фикр юритадиган бўлсак, амалдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-2-моддасига асосан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўл­ган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғ­рисида қарор чиқаришга ҳақли.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишга оид чеклашни олиб ташланганлиги тўғрисида ёз­ма равишда ха­бардор қилади.

Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Бироқ амалиётда айрим давлат ижрочилари ушбу қо­нун талабларини нотўғри тал­қ­ин қилаётгани натижасида иж­­­ро ҳужжати бўйича қар­з­и йўқ­ ва алиментни тў­лаш­дан бў­­йин товламаган алимент тўловчи шахсларга ҳам мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий тўсиқлар қўйилаётгани учраб турибди. Улар бундан норози бўлиб, маъмурий судларга мурожаат қилганда уларнинг талаблари рад этилаётган ҳолатлари ҳам мавжуд.

Чунки қайд этилган ушбу қонун талаби умумий қоида бўлиб, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган барча ижро ҳужжатлари бўйича амал қилади. Қо­нунда санаб ўтилган иж­ро ҳужжатларидан фақат алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича махсус қоидалар бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган.

Яъни Оила кодексининг 145-моддасига кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу кодекснинг 130-134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.

Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тў­ланадиган қатъий суммада белгилаш ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулк­ни бериш ёхуд алиментни бош­қа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.

Алиментларни олдиндан тў­лаш, шунингдек, алимент тў­лаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бў­йича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида»ги Низом 5-бандига кўра, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тў­лаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тў­ловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.

Низомнинг 8-бандида алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбурия­тини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.

Ана шу талаблардан кўринишича, алимент ундириш ҳақи­даги ижро ҳужжати бўйича қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқиш ҳуқу­қини вақтинча чеклаш учун унинг алимент тўлашдан бў­йин товлаши талаб қи­линмасдан, фақатгина алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатининг ўзи кифоя қилади. Акс ҳол­да, юқорида қайд этилган қонун ва низомда кўрсатилган қои­да­ларнинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмай қо­лади.

Амалиётда баъзан алимент тўловчи шахслар ўз­ларининг тадбиркорлик фао­лиятини амалга ошириш учун мамлакатимиздан четга чиқиб, турли шарт­номаларни тузиб келишига зарурат туғилиши, алиментни бирйўла тўлашга имконияти бўлмаса-да, алимент таъминоти сифатида гаровга қўйишга мулки борлиги, лекин ундирувчи атай гаров шарт­номасини тузишдан бош тортиб келаётганини маълум қилишган.

Ушбу масаланинг қонуний ечими юқорида номи қайд этилган Низомнинг «Али­мент­ларни тўлаш мажбу­рия­­тини гаров билан таъминлаш тартиби» деб номланувчи 3-бобида батафсил баён этилган. Хусусан, Низомнинг 32-банди талабига кўра, алимент тў­лаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Ҳозирги кунда бу 75 000 000 сўмни ташкил этади.

Ўз навбатида, алимент тў­ловчи шахснинг ушбу талабларга мос келадиган гаров мулки бўлганида, ундирувчи, яъни алимент олувчи шахс асоссиз равишда гаров шартномасини тузишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.

Бундай ҳолларда алимент тўловчи шахс алимент олувчи шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 377-моддаси олтинчи қисми тартибида мажбурий тартибда шартнома тузиш мажбуриятни юклаш ҳа­қи­даги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.

Алимент тўловчи шахс шу­ни унутмаслиги лозимки, юқо­рида қайд этилган Низомнинг 29-бандига кўра, гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тў­лаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқи­ни бериш учун тузилади.

Таъкидлаш жоизки, алимент билан боғлиқ тартиблар инсон, айниқса, бола ҳуқуқларига дахлдор муҳим масала ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда унга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

 

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: