АЛИМЕНТНИ ТЎЛАМАСЛИК УЧУН ЎЗ ТУРМУШ ЎРТОҒИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир.

Бу азиз даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади. Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган муқаддас тарбия ўчоғидир.

Бинобарин, оила — эр-хотин, уларнинг фарзандлари, хонадондаги энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гуруҳидир. Айни чоғда, оила кишиларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлиги ҳамдир.

Оила шундай маконки, унда авлодлар макон топади ва камолга етади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Ота-она ўз фар­занд­ла­ри­ни вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур. Ота-онанинг ўз фарзандларини вояга етгунига қадар моддий таъминлаш ва тарбиялаш мажбурияти — бу уларнинг болалар ва жамият олдидаги мажбуриятларидир.

Вояга етиш ёши мамлакатимизда 18 ёш қилиб белгиланган. Ота-оналар ўзларининг вояга етмаган фарзандларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

Амалдаги Оила қодексининг 65-моддасида боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи белгиланган. Унга кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эгадир.

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши билан бир қаторда, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Оилада бола дунёга келиши билан ота-онанинг фарзанд ва жамият олдидаги бурч доираси кенгаяди. Натижада оилани мустаҳкамлаш, болаларга тўғри тарбия бериш масъу­лияти вужудга келади.

Шу билан бирга, отанинг фарзанд олдидаги қонуний бурчлари, фарзандини моддий таъминлаш, унинг тарбияси билан шуғулланиш ва бош­қа мажбуриятлари вужудга келади. Конституциямизда ота-оналар фарзандлари вояга етгунга қадар уларни боқиш ва тарбиялашга мажбур экани алоҳида қайд этилган.

Оила кодексида ота-она фарзандига моддий таъминот бермаган тақдирда, бола то вояга етгунига қадар улардан алимент ундирилиши бел­гилаб қўйилган.

Фарзандининг моддий таъминотидан бош тортган ота ёки онага суд томонидан суд буйруғи чиқарилиб, моддий таъминот ундириб берилмоқда. Бу ҳолатда ҳам улар ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Бу ўринда мисол келтириладиган ҳаё­тий воқеада фарзандига таъминот тўламагани учун эмас, балки алимент тўлашдан бутунлай қутулиш учун турмуш ўртоғининг умрига зомин бўлган шахс тўғрисида гап боради.

Чортоқ туманида туғилган О. Алишеров (исм-шарифлар ўзгартирилган) тўғри йўлдан адашиб, 17 ёшида ўзидан саккиз ёш катта М. Маткаримова билан яқин муносабатда бў­лади. Бундан фойдаланган аёл уни қаматиб юбориш билан қўрқитиб турмуш қуришга мажбурлайди.

Натижада О. Алишеров билан М. Маткаримова турмуш қуришади.

Аслида ахлоқсизликдан бошланган турмуш аянчли тугайди.

Улар турмушлари даврида бир нафар фарзандли бўлишади.

Фарзанд туғилгач, ажралиб кетишади.

Шундан сўнг М. Маткаримова фарзанди таъминоти учун судга ариза би­лан мурожаат қилади ва алимент ундиради. Орадан анча вақт ўтиб, алимент­дан юзага келган қарз 23 миллион сўмдан ошиб кетади.

Бу орада М. Маткаримова пулни ундириш тўғ­рисида Мажбурий ижро бюросига ва О. Алишеровга бир неча марта мурожаат қилади. О. Алишеров эса, қарзи кўпайиб кетгани сабабли уни «тўлаш»нинг қинғир йўлини танлайди.

2020 йил 4 март куни М. Маткаримо­ва О. Алишеровнинг иш жойига келиб, уни ҳақорат қилгани етмагандек, ҳамкасбларига ёмонлаб ҳам кетади. Шу тариқа О. Алишеровнинг кўнглида турмуш ўртоғини гумдон қилишдек ёвуз ният пайдо бўлади.

Ўша куни собиқ турмуш ўр­то­ғи ишхонасидан кетгач, О. Алишеров унга телефон қилади. Кечроқ боришини, иккиси ўзаро гаплашиб олишини айтади.

Кечга яқин О. Алишеров таниш таксичи А. Қодировни чақиради-да, Уйчи тумани «Соку» маҳалла фуқаролар йиғинига бориб, таниши С. Муродова билан кўришади. Унга собиқ турмуш ўр­тоғи билан гаплашиб олиш учун бораётганини айтади.

Шунда С. Муродова бирга боришини айтиб, автомашинага чиқади.

Улар Чортоқ тумани Короскон шаҳарчасига боришади. О. Алишеров  бир ўзи автомашинадан тушиб, М. Маткаримовага қўнғироқ қилади ва етиб кел­ганини айтиб, сой бўйига чиқишини сўрайди.

М. Маткаримова сой бўйига чиққач, О. Алишеров  унга бир пайтлар ёш­лик қилиб янглиш қадам қўйганини, у билан бирга яшашни истамаслигини айтади. Шунда М. Маткаримова «яшаш-яшамаслигинг менинг қў­лимда, шундай қиламанки, ҳалол отанг қаматма деб ялинади», — дея жанжал кў­таради.

Унинг гапларидан ға­заб­ланган О. Алишеров М. Маткаримовадан телефонини олиб текшириш баҳонасида унинг бўйнидан ушлаб бўға бошлайди. Орадан бир неча да­қиқа ўтиб, М. Маткаримова «гўп» этиб, ерга йиқилади.

Шундан сўнг О. Алишеров шоша-пиша катта йўл­га чиқиб, таксичига қўн­ғироқ қилади-да, Чортоқ тумани Короскон шаҳарчасидаги чорраҳага етиб келишини айтади.

Йўлда таксичи А. Қодиров «Гаплашиб олдингми?», — деб сўраганида, у «Гаплаша олмадим, ўлдирдим», — дейди. Унинг гапини эшитиб, А. Қодиров қўрқиб кетади, сўнг эса, ИИБга бориб, айбини тан олишини маслаҳат беради.

Шундан сўнг О. Алишеров Уйчи туман ИИБга бориб, турмуш ўртоғини ўлдирганини айтади. Улар Чортоқ туман ИИБга бу ҳақда хабар бергач, тезкор ходимлар келиб, уни олиб кетишади.

Суриштирув ва тергов ишлари натижасида О. Али­ше­ровга Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан ушбу жиноят иши атрофлича кўриб чиқилиб, О. Алишеровга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қиссадан ҳисса шуки, бола ота-онанинг қувончи, фахри, бахтидир.

Эр-хотинни бир-бирига пайванд қиладиган ҳам фарзанддир. Аммо бу оилада бола пайванд воситаси бўлмади.

Албатта, болада айб йўқ. Фақат носоғлом муҳит турмушни издан чиқариб юборгани, бир-бирига ёши ҳам, дунёқараши ҳам тўғри келмаган эр-хотин атрофидаги ёши улуғ, тажрибали инсонларнинг бунга лоқайд қарагани улар ўртасидаги лойқа ариқни жарга айлантирди. Натижада дарз кетган оилавий муносабатлар фожиа билан якун топди. Бундан кимга не наф? Ёш умрини узоқ муддат қамоқда ўтказиш О. Алишеровга зарил келганмиди? Ўртадаги ҳам она, ҳам ота меҳридан жудо бўлган гўдакнинг қисмати не кечади энди? Кўраяпсизми, ўйланмай ташланган биргина қалтис қадам одам боласига қанчалик қимматга тушади. Демак, ҳамма гап етти ўлчаб, бир кесишда.

 

 

Жамшид МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган вилояти судининг судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: