АЛАМИНИ БОЛАСИДАН ОЛДИ, КЕЙИН ЎЗИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Шу йилнинг 26 март куни эди. Бутун республикамиз бўйлаб карантин чекловлари жорий этилиб, юртдошларимизга уйда қолишлари лозимлиги уқтирилаётган дамлар. Ўша куни эрталаб Риштон туманининг “Юқори Авазбой” маҳалласида яшовчи Иқболой Муҳиддинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Каримжон Ғойипов томонидан ўлдирилганлиги ҳақидаги шумхабар яшин тезлигида тарқалди.

Қишлоқчилик эмасми, то воқеа тафсилотлари аён бўлгунча биров у деди, биров бу. Аслида айни мудҳиш жиноят арзимас гап-сўз, эр-хотиннинг одатдаги ғиди-бидиси туфайли юз берганди.

Гап шундаки, Иқболойнинг онаси Мастура опа анчадан буён бетоб ётганди. Шу боис Иқболой 2020 йил 25 март куни соат 17:00 ларда бир ярим ёшли фарзанди Жамшидбекни қайнонасида қолдириб, катта ўғли Жасурни етаклаганча онасини кўриб келди. Аммо бояқиш онасининг аҳволини кўриб, Иқболойнинг кайфияти бузилиб қайтди. Шунинг учун бўлса керак, ишдан ҳориб келган хўжайини Каримжонга ҳам очилиб гапирмади.

— Ҳа, тинчликми, сенга нима бўлди? — сўради Каримжон.

— Аямнинг мазалари йўқ. Тузалай демаяптилар.

Шундан сўнг ётоғига кирганда ҳам лом-мим демади аёл. Ҳаттоки, фарзандларини ҳам ўз ҳолига ташлаб ухлаб қолди. Бироқ тун яримлаганда — соат 02:00 ларда кичкина ўғли Жамшидбек ғашлик қилиб йиғлай бошлади. Натижада Каримжон боланинг йиғисидан уйғониб кетди.

— Тур, болани эмиз, — дея хотинини туртиб уй­ғотди у.

Бироқ бунга жавобан Иқболой унга жаҳл қилди.

— Қиз бўлиб мен онамнинг корига яролмаяпман. Буларингиз ўғил бўлиб, нима ҳам қилиб берарди?

— Ҳозир бу гапларни қўй, болага қара, — деди Каримжон гапни чувалаштирмай.

Лекин И. Муҳиддинова шундан кейин ҳам ўзини босолмади. Аксинча, хўжайинига аччиқ қилиб, эмизаётган гўдаги Жамшидбекни кўкраги билан босиб, димиқтира бошлади. Бу ҳолатдан эса бояқиш бола типирчилаб, чин­қириб юборди. Қолаверса, Каримжон ҳам буни кўриб, бирдан тутоқиб кетди.

— Нима қиляпсан, ярамас?

У шундай дея дарғазаб ҳолда айвонга чиқди. Сўнг дурадгорлик асбоб-ускуналарининг орасидан тешасини олиб, қайтиб кирди. Кирди-ю, диванда ётган хотинининг боши ва пешонасига кетма-кет зарба берди. Оқибатда Иқболойнинг боши қонга беланиб, ҳушини йўқотди.

Шундан кейин Каримжон “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилиб, шифокорларни чақирди. Ўз навбатида “Тез ёрдам” ходимлари туман ИИБга хабар беришди. Шу боис кўп ўтмай воқеа жойига ҳудуд профилактика инспектори етиб келди. Аммо туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида И. Муҳиддинованинг жони узилди. Бинобарин, К. Ғойиповга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди эса уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Энг ачинарлиси, эр-хотин бир-бирини тушунмай қилган қалтис ҳаракати туфайли 2 нафар бола ҳам ота, ҳам она меҳридан мосуво бўлди.

Энди ўзингиз ўйланг: уларнинг мурғак қалбидаги бу жароҳатни тузатиб бўладими?

 

 

Бобохон ВАҲОБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилоят судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

 

(“Adolat газетаси,

2020 йил 6 ноябрь)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: