АДОВАТ ОҚИБАТИ АЯНЧЛИ ЯКУН ТОПДИ

Ота-онаси ишга кетгач, Рашид уйда ёлғиз қолди. Ёз­ги таътил бўлгани боис уларникига синфдошлари Олмосжон билан Нурали келди. Улар чорпояда суҳбатлашиб ўтиришганида, кутилмаганда, қўшни ҳовлидан «ёр­дам беринглар», деган овоз эшитилди.

Қўшниси Н. Бердиёрова яшайдиган ҳовли билан ўртада баланд девор тортилган эди. Рашид нима гап экан, дея шоша-пиша оёғи остига стул қўйиб, девор оша нариги томонга қаради, аммо ҳов­ли юзасида ҳеч ким кўринмади, шунингдек, ҳалиги овоз ҳам бошқа эшитилмади.

Орадан бироз фурсат ўт­ди. «Хабар олмадим, қўш­ни­миз Наима холага бирон-бир кор-ҳол бўлдимикин», дея Рашиднинг кўнгли алағда бўл­ди. Шундан сўнг у дўстларига ҳозир келаман, дея кўчага чиқди.

Кўчада у шу атрофда яшайдиган Т. Алимовни учратди.

— Наима холани илон чақиб ол­ди-ёв, ёрдам сўраб бақиряпти, — деди Т. Алимов ва қўш­нининг дарвозаси томон юр­ди. Рашид ортига, дўстлари ёнига қайтди.

Тўлқин Алимов Н. Бердиёрованинг ҳовлисига кирганда уйнинг эшиги очиқ эди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмагани сабабли Тўл­қин Алимов ичкарига кирди. Аммо уй ичидаги манзарага кўзи тушиб, унинг қўр­қув­дан бирдан юраги орқага тортиб кетди. Наима хола уй ичида афт-ангори қон­га беланганича ётар, очиқ кўзлари худди шишадек қо­тиб қолган, жисму жуссасида тириклик аломати сезилмасди.

Албатта, терговолди суриштирув чоғида дастлаб мар­ҳуманинг оила аъзолари, қа­риндошлари сўроққа чақирилди. Фожиа рўй берган кун Н. Бердиёрованинг кимлар билан мулоқотда бўлгани сўраб-суриштирилди. Гумондор шахс­лар рўй­хати тузилди.

Рўйхатда мар­ҳуманинг қу­даси Бектош Ирисқ­уловнинг ҳам номи бор эди…

Бектош Ирисқулов бир йил муқаддам ёлғиз ўғли Бекназарни Наима холанинг қизи Зулфизарга уйлантирганди. Б. Ирисқулов келин келгач, ои­лага ёрдами тегади, рўз­ғор юмушларини қўлига олади, деб ўй­лаганди. Лекин у ўйлангандек бўлмади. Келиннинг рўз­ғорга тузук-қуруқ ёр­дами тегмагани ўз йўлига, аммо Бекназар хотинининг гапидан чиқмай қўй­гани ҳаммасидан ошиб тушди.

Бунинг устига Бекназар қайнотаси-қайнонасиникига сер­қатнов бўлиб қолди.

Кунларнинг бирида шундай кўн­гилсиз воқеа юз бердики, Б. Ирисқулов бунга қудаларини айблади.

Гап шундаки, 2020 йилнинг қиш фаслида Бекназар қайнотасининг уйи­га борганида кутилмаганда жанжалнинг устидан чиқади.

Қайнотаси алланиманинг устида қўш­ниси билан жиққамушт бўлиб, бир-бирларини ҳа­қоратлаётганди.

Шунда Бекназар қайнотасининг ёнини олиб, жанжалга аралашади ва жағи синади. Ўғлининг жанжал оқи­батида жароҳат олганини эшитиб, Б. Ирисқулов қаттиқ изтироб чекади. Шунинг баробарида кўнглида қудаларига нисбатан тийиқсиз адоват пайдо бўлади.

Бунга бошқа сабаблар ҳам бор эди.

Бекназар қассобчилик билан шуғуллангани учун кредит маблағи эвазига уч бош ҳўкиз сотиб олади. Кейин боқилган ҳўкизларни сотади-да, пулини қайнонасига беради. Аммо қайнонаси гарчи қарзга олган бўл­са-да, ҳўкизларнинг пулини куёвига қайтариб бермайди. Буни эшитган Б. Ирис­қулов ўғ­лини айблаш баробарида қу­да­ларига нисбатан кўнглидаги нафрати янада кучаяди. Ўр­тага совуқлик тушгач, қудалар салом-аликни ҳам йиғиштириб қў­йишади.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, Н. Бердиёрова ҳар гал Б. Ирисқуловнинг хонадонига келганда, қизига насиҳат қилиш, қайнота-қайнонанинг ҳурматини ўрнига қў­йиш, хизматини қилиш, аҳил-иноқ яшаш, уларнинг дуосини олиш ҳақида гапириш ўрнига тескари иш тутарди. Онаси кетгач, келин бўлмиш баттар тўнини тескари кийиб оларди. Буларнинг бари Б. Ирисқу­ловнинг нафратини баттар аланга олдирар, унинг кўнглида қудасидан ўч олиш нияти пайдо бўл­ганди.

Қотиллик юз берган куни Б. Ирисқулов ҳар доимгидек эрталаб соат олтида уйқудан уй­ғо­нади. Нонуштадан сўнг ҳовли тўридаги молхонага ўтиб, йўғон калтакни олади-да, шубҳа уйғотмаслик учун уни полиэтилен қопга солиб, сиртидан ип билан боғлаб қўяди.

Шундан сўнг велосипедда Мирсаид Баҳром номли маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги истироҳат боғига боради. Боғ атрофини ўраб турган темир панжарага велосипедини боғлаб қўйгач, таксида қудасининг уйига йўл олади.

Б. Ирисқулов очиқ турган дарвозадан ичкарига киради ва ҳовлида юрган Наима холага кўзи тушади. Наима хола қу­­даси билан саломлашиб, уни уйга таклиф қилади ва ўзи ҳам ичкарига киради.

Б. Ирисқулов уйга киргач, ғазаб билан Наима холага ташланади.

— Ўғлимни ўзларингга тобе қилиб, уни тўғри йўлдан адаштирдинглар, — дея ўшқирганича қўлидаги калтак билан аёлнинг боши ҳамда юзига бир неча марта уради. Биринчи марта бошига тушганда аёл жон аччиғида «ёр­дам беринглар», дея бақиради. Аммо у калтак зарбидан юзтубан йиқилгач, Б. Ирисқулов ошхона пичоғини унинг кўкрагига икки марта санчади…

Тергов ва судда Б. Ирис­қу­лов жиноий қилмишига тў­лиқ иқрор бўлди.

Суд мажлисида сўроқ қи­линган жабрланувчининг қо­нуний вакили Ж. Тожиев Б. Ирис­қулов билан онаси ўртасида аввалдан келишмовчилик борлиги, бироқ судланувчи унга ва яқин қариндошларига ўл­дириш билан муқаддам таҳдид қилмагани тўғрисида кўр­сатма берди. Ж. Тожиев ҳо­зирги кунда синглиси З. Ирис­қулова куёви Б. Ирисқулов билан бирга яшаб келаётганини билдириб, судланувчига нисбатан моддий ва маънавий зарар ундирилиши юза­­сидан даъвоси йўқ­лигини билдирди.

Суд дастлабки тергов ор­гани томонидан судланувчи Б. Ирисқуловнинг қасддан одам ўлдиришда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Б. Ирис­қуловга нисбатан озодликдан маҳрум қи­лиш билан боғлиқ жазо тайинлади.

Халқимизда «қудачилик — минг йиллик» деган ибратли нақл бор.

Афсуски, Б. Ирис­қу­лов унга амал қилмади. Бутун борлиғини эгаллаб олган адоват бунга йўл бермади. Унинг оқибати эса, аянчли якун топди.

 

 

Алишер САЙДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Кармана тумани суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: