ЎТМАГАН ТАКЛИФ ЁКИ ПОРА БЕРИШ ЖИНОЯТИНИНГ АЧЧИҚ ТАЪМИ

Агар эътибор берсангиз, қинғир ишга мойил, ғараз ниятли одам бошқаларни ҳам ўзига ўхшатади: ҳаммани пул бериб, ўз йўриғига юргизса бўлади, деган хомхаёлда юради.

Тўғри, қилмиши оқибати қандай тугашини хаёлига ҳам келтирмайдиган бундай кимсалар орамизда оз, аммо улар жамиятга қора доғ туширади, зиёни эса, ниҳоятда каттадир.

Жавлон (исм-шарифлар ўзгартирилди) кўпдан буён кўнглида тугиб юрган жиноий режасини амалга оширишга қарор қилди. Маҳалладошлари Ғ. Раҳмонқулов, Э. Нарзиев, Ф. Маматов, Р. Умрзоқов, Т. Қурбонбоев ва Т. Холиқовларнинг кўнглига йўл излади. Учқудуқ тумани тоғ тизмаларидан таркибида олтин зарралари бўлган тош-қумларни қазиб олиш учун бирга бориш, шу йўл билан кутилмаганда бойиб кетишга уларни ишонтиришга уринди.

Хуллас, шу йилнинг 20 май куни эрталаб соат тўққизларда Жавлон Носиров бошчилигидаги «шоввозлар» Учқудуқ тумани тоғ тизмаларида қазиш ишларини бошлаб юборишади. Икки дона перфоратор ва бир до­на электр движок қурилмаси ёрдамида тўрт кун давомида ўн икки қоп таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин тош-қумларни қазиб олишади.

Шундан сўнг улар ўша ерда яшовчи Фурқат исмли шахснинг «Форд» ру­сумли автомашинасида «юк»ларни ортиб, ортларига қайтишаётган эди. Аксига олиб, автомашина йўлда бузилиб қолади. Уни тузатишга кўп вақт керак эди.

Шу боис Жавлон ўзининг қишлоғида яшовчи «Форд» русумли автомашинаси бор О. Мўминовга қўнғироқ қи­лади. Ундан ўзларини «юк» билан бирга олиб кетишни илтимос қилади.­ Икки ўртада хизмат ҳақи бир миллион юз минг сўмга келишилади.

Тоғ тизмаларидан қонунга хилоф равишда қазиб олинган ва қопларга жойланган «юк» ҳамда маҳалладошларини олиб қайтаётган О. Мўминов бошқарувидаги автомашина Нав­баҳор тумани худудида ҳаракатланиб келаётганида ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилади.

Аслида, ўша 2020 йилнинг 24 май куни соат ўн бешларда ИИБ бўлимига «Конимех — Қалқон» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган «Форд» русумли автомашина ҳамда унда таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин тош-қум борлиги тўғрисида тезкор маълумот келиб тушган эди.

Ҳақиқатан ҳам, автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида ўн иккита қопга жойланган тош-қум бў­лаклари, иккита перфоратор ва битта электр движок ҳамда етти нафар ўзларини Хатирчи туманидан, деб таништирган шахслар борлиги аниқланади. Буюм ва қоплар далилий ашё сифатида олиниб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Мазкур ҳолат туман ИИБ Навбатчилик қисмидаги «Шакл — 2» китобига 528-рақам билан қайд этилади.

Айтиш керакки, жиноят иши материаллари ичида Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси «1-сон ГМЗ» кон бош­қармаси томонидан тақдим этилган 16/2517-сонли хат ҳам бор. Ушбу хатда ноқонуний ра­вишда қазилиб, қопларга жойланган тош-қум бўлаклари таркибида қимматбаҳо олтин заррачалари мавжудлиги қайд этилган.

Энди яна воқеага яна қайтадиган бўлсак, у рўй берган куни соат ўн олтиларда туман ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили А. Рашидов ва бошқа ходимлар бирга ҳолат юзасидан судланувчи Ж. Носиров ва унинг шерикларидан тушунтириш хати олишди. Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш А. Рашидовга топширилади.

Бойиб кетиш хомхаёли саробга айлангани ва қўлга тушиб, жазо кутаётганидан саросимага тушиб қолган Жавлон А. Рашидовни ёр­дам беришни сўраб, ҳол-жонига қўй­майди. У О. Мўминовга тегишли «Форд» автомашинасини қайтариб беришни, таркибида олтин зарралари бор ўн икки қоп тош-қумларнинг ўр­нига бош­қа тилла зарралари йўқ тош-қумларни жойлаштириб қўйиб, ўзларига нисбатан чора кўр­масликни қайта-қайта сўрайди. Бунинг эвазига А. Рашидовга икки минг АҚШ доллари беришини айтади.

Албатта, жиноят қидирув бў­лими катта тезкор вакили А. Рашидов Ж. Носировнинг жиноятга етакловчи бу қалтис таклифини рад этади. Пора бериш жи­­ноят­ эканлигини Жавлонга ётиғи билан тушунтиради. Бундай хатти-ҳаракат учун Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиради. Лекин аввалбошда айтганимиз каби Ж. Но­сиров бош­қаларни, жумладан, А. Рашидовни ҳам ўзи сингари пулга учадиганлар тоифасидан деб ўйлайди. Шу сабаб у икки минг АҚШ доллари таклиф қилишдан қайтмайди.

Ўша куни, тахминан, соат йи­­­­гирма уч-у элликларда Ж. Носиров икки минг АҚШ долларини ички ишлар би­носига олиб келади ва эшик олдида турган нав­батчи ходимга А. Рашидовнинг ҳузурига кириб, фуқаролик паспорти нусхасини бериб чиқишини айтади. Бу гапни эшитган ходим унга рухсат беради.

Шу ўринда катта тезкор ва­кил А. Рашидовнинг хизмат хонасида рўй берган воқеадан хабардор этадиган бўлсак, Жавлон яна ўша ил­тимосини қайтадан баён қилишга киришади. Фуқаролик паспорти нусхасини олиб келганини айтиб, «бизга ёр­дам беринг», дейди ва чўнтагидан икки минг АҚШ долларини чиқариб, А. Рашидовнинг стол устида турган яшил рангли ки­тобнинг ичига қўя­ди.­

А. Рашидов амалдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қо­нуннинг 26-моддаси талабига қатъий амал қилади. Шу ўринда уш­бу қонун нормасига тўхталиш жоизга ўхшайди. Чунки ушбу моддага мувофиқ, давлат ор­ганлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқ­бу­зар­ликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳолатлар тўғрисида ўз раҳбарини ёхуд ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.

Қисқаси, А. Рашидов хабар бергач, туман ИИБ бўлимига етиб келган вилоят Ички ишлар бошқармаси УХБ ходимлари томонидан пора бериш жиноятига қўл урган Ж. Носиров ушланади, унинг томонидан берилган 20 дона 100 купюрали, жами икки минг АҚШ доллари далилий ашё си­фатида ҳужжатлаштириб олинади.

Энди дастлабки тергов ор­гани томонидан ушбу жи­ноят­ ишининг Ғ. Раҳмонқулов, Э. Нарзиев, Ф. Маматов, Р. Умр­зоқов, Т. Қурбонбоев ва Т. Холиқовларга оид қисмига тўх­тала­диган бўлсак, суд уларга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, жи­ноят­ иши ҳаракатдан тугатилганини инобатга олди.

Суд судланувчи Ж. Носировнинг айбида қайд этилган жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жи­ноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Судланувчи Ж. Носировнинг ўтмишига назар ташлайдиган бўлсак, у муқаддам судланган. Мазкур жиноятни Ж. Носиров ах­лоқ тузатиш иши жазосини ўташ даврида содир этган. Жиноят ишлари бў­йича Пахтачи туман судининг 2017 йил 6 декабрдаги ҳукми билан тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2019 йил 13 сентябрдаги ажримига кўра, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, шартли равишда муддатидан илгари озод қилинган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини кодекснинг 60, 61-моддалари тартибида қисман қўшиш йўли билан судланувчи Ж. Носировга жазо тайинлади.

Мухтасар қилиб айтганда, халқимиз «Қийшиқ арава йўл бузар» деб бежизга айтмаган. Ж. Носировнинг қилмиши уш­бу нақлни эслатади. У нафақат ўзини, балки маҳалладошларини ҳам ноқонуний қилмишга бошлаб, эл орасида уятга қўйди. Унинг ўтмаган таклифи — пора бериб, иш битиришга уриниши яхшиликка олиб бормади. Шу тариқа Жавлон пора бериш жиноятининг аччиқ таъмини татиб кўришга мажбур бўлди.

 

 

Зафар ИБРАГИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нурота тумани судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: