ФОЖИАГА АЙЛАНГАН ЗИЁФАТ

Бу воқеа рўй берганига ҳали кўп вақт бўлмади. Байрам баҳонасида акалари ва жиянларини хонадонига таклиф қилиб, меҳмоннавозлик қилган Тоҳир Саломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шу куни мастлик оқибатида акасининг ўғли Шавкатнинг қотилига айланиши етти ухлаб, тушига ҳам кирмаган эди. Аммо мастлик оқибатида шундай фожиа рўй берди.

Ўша куни эр­талабдан бошланган меҳмондорчилик анча давом этди.

Дастурхонга тортилаётган турли таомлардан таш­қари спиртли ичимликнинг ҳам кети узилмади.

Қариндошлар аввалида бинойидек чақчақлашиб ўтиришди. Кейин эса, ичкилик таъсирида маст бўлиб қолган Шавкат амакиси Дилмуродга ўрталарида анча олдин бўлиб ўтган гап-сўзларни эслатиб, ёз­ғира бошлади:

— Сиз амаким бўла туриб, бир пайтлар қилган яхшилигингизни доимо миннат қиласиз, — деди у гапни узоқдан бошлаб. — Қайси куни ҳам қўшнимизнинг тўйида йўқ жойдаги гапларни ковлаб, ме­­ни ошналарим олдида уялтирдингиз.

Табиийки, Дилмурод ҳам ав­вал жиянига ўз фикрларини уқтирмоқчи бўлди.

Кейин эса, маст кишига гап уқтириш бефойда эканини англадими ёки жияни билан айтишиб ўтиришни ўзига эп билмадими, ҳарқалай даврадан қўзғалиб, болалари билан уйга ке­тишга чоғланди.

Аммо буткул маст бў­либ қол­ган Шавкатни уйига кетказишнинг сира иложи бўлмади. Унинг аё­ли Гулбаҳор ҳам эрини уйга олиб кетишга ҳар қанча уринмасин, барча ҳаракатлари зое кетди.

Шавкат бошқалар кетиб қолгач, уй эгаси Тоҳирга алжойи-жалмойи гапларни айтиб, тихирлик қила бошлади.

Қисқаси ўртадаги ножоиз гаплар бир зумда катта можарога айланиб кетди, ичкилик таъсирида ақл-ҳушини йў­қотган Шавкат амакиси Тоҳирнинг ёқасига ёпишиб, уни уриб, тепкилай бошлади.

Шу пайт жиянининг чангалидан бир амаллаб халос бўл­ган Тоҳир стол устида турган ошхона пичоғини қў­лига олди-да, беихтиёр Шавкатнинг биқинига санчди.

Фожиа бир зумда содир бўлди. Ҳовлида ўз ишлари би­лан куймаланиб юрган Тоҳирнинг оила аъзолари ҳам бу хунрезлик қандай юз берганини сезмай қолишди.

Шу аснода бақир-чақирларни эшитиб, югуриб келган атрофдагилар Шавкатни қонга беланиб ёт­ган ҳол­да кў­ришди. Энг ачинарлиси, шифокорларнинг кўрсатган тез тиббий ёрдамларига қарамай, Шавкат кўп қон йўқотгани туфайли шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Узоқ давом этган суриштирув ва тергов жараёнида Тоҳир Саломов ичкилик оқибатида қо­тиллик жиноятини содир этгани ўз тасдиғини топди.

Суд ҳайъати судланувчи Тоҳир Саломовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли модда ва бандларини қўллаб, узоқ муддатли қамоқ жа­зо­сини тайинлади.

Ҳукм ўқилди. Жиноятчи ўз қилмишига яраша қонуний жазосини олди. Аммо ичкилик касрида икки оила парокандаликка юз тутди. Унинг жабрини ҳа­ли воя­га етмаган бегуноҳ болалар ҳам тортади. Бундан-да ачинарлиси, қав­му-қа­риндош, жигарлар ўртасидаги оқи­батга дарз кетди. Кечаги ака-укалар, яқинлар бугунга келиб ётлашди, бир-бирлари билан юз кўрмайдиган бўлиб қо­лишди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муқаддас ки­тоб­ларда ҳам инсонга зарар келтирувчи ҳар бир нарса, айниқса, улуғ неъ­мат аталмиш ақлни заифлаштирувчи спирт­ли ичимлик ҳа­ром ҳи­собланиши қайд этилган.

Боиси, ичкиликка рў­жу қўйиш инсоннинг қалбини қо­райти­ради­ган, уни ақлдан бегона қи­ладиган иллатдир. Бу иллатга ўз вақтида чек қўйилмаса, унинг асорати юқо­рида гувоҳ бўлганингиз каби оғир оқи­батларга олиб келиши аниқ.

Шундай экан, ҳаётда бундай иллатлардан узоқ юриш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик гарови эканини доимо ёдда тутиш лозим.

 

 

Ҳамид Бобоқулов,

жиноят ишлари бўйича

Қашқадарё вилояти судининг судьяси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: