«МИРАНДА ҚОИДАСИ» ТАЛАБЛАРИ МАМЛАКАТИМИЗ ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Бу дунёда яратилган қонун ва қоидалар одамлар учун мустаҳкам бир ҳимоя бўлиб, ҳар бир кишининг ўз фикрини эмин-эркин ифода қилиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этиши, ҳамманинг тенглигини таъминлаб, бурч ва масъулиятларини бажаришида бамисоли қалқон бўлиб хизмат қилади.

Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шу билан бирга, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий ке¬либ чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Халқаро ҳуқуқда ва ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқи ва эркинликлари, шахснинг суд ва тергов органларидаги ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, АҚШда ўта оғир жиноятларни содир этган Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқ «Миранда қоидаси» ҳам ана шундай ҳужжатлар қаторига киради.

Гап шундаки, АҚШнинг Аризона штати полицияси жи¬ноят¬чи Э. Мирандани 1966 йил бир неча оғир жи¬ноят¬ни содир этганликда гумон қилиб, ҳибс¬га олади. Шундан сўнг тергов жараёни бошланади. Аммо Мирандага сў¬роқ қилинишдан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳу¬қуқ¬лари тушунтирилмайди.

Шу боис, Э. Миранда ўз ҳу¬қуқларини билмаган ҳолда, ай¬бига иқрорлик тўғрисида кўр¬сатма беради. Бу кўрсатмалардан эса, унинг айбига иқрорлигининг исботи сифатида фойдаланилади. Оқи¬батда эса, Э. Миранда суднинг ҳукми билан жазога маҳкум этилади.

Кейинчалик Э. Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят¬ тақдим этилади. Натижада Э. Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмай тергов қилингани учун суднинг ҳукми АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинади.

Суднинг айни шу қарори туфайли юзага келган мазкур юридик норма дастлаб АҚШ суд амалиётида «Миранда ҳу¬қуқлари» деб юритилади.

Кейинчалик эса, халқаро ҳу¬қуқ¬да «Миранда қоидаси» номини олган.

«Миранда қоидаси» талабига кўра, эндиликда ҳибсга олинган шахсга у сўроқ қилинишидан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари қуйидаги мазмунда тушунтирилади. Яъни:

«Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз берган кўрсатмаларнинг барчасидан судда ўзингизга қар¬ши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, сиз давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?».

Шу ўринда, хўш, «Миранда қои¬даси» Ўзбекистон жиноят-процессуал қонунчилигида қандай акс этган, деган савол туғилиши табиий.

Бу ҳақда фикр юритганда, би¬ринчидан, сукут сақлаш ҳу¬қуқи ҳақида тўхталиш лозим.

Амалдаги Жиноят-процессуал кодекснинг 23-моддасига мувофиқ, гумон қилинувчи, айб¬ланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Бошқача айтганда, миллий қонунчилигимизда сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи айбсизлик презумпция-си тамойилига асосланган.

Сукут сақлаш ҳуқуқи, яъни ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар беришдан бош тортиш ҳуқуқи Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасида қатъий кафолатланган.

Ушбу модда талабига кўра, гумон қилинувчи зиммасига кўрсатма бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бош¬қа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.

Иккинчидан, миллий қонунчилигимизда мустаҳкамланган шахс томонидан айтилган ҳар бир сўз ёки хатти-ҳаракат судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиш ҳуқуқи билан «Миранда қоидаси» мазмунан ўзаро яқиндир.

Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига асосан, шахс ўзининг кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бў¬лиши ва нимада айбланаётганлигини билиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, ушбу моддада шахсга ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бош¬қа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги кафолатланган.

Бундан ташқари шу кодекснинг 46 ва 48-моддаларига кў¬ра, шахс, яъни айбланувчи ёки гумондор ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортишга ҳақ¬лидир. Шунингдек, у кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қар¬ши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бў¬лиш ҳуқуқига эга.

Учинчидан, миллий қонунчилигимизда кафолатланган адвокатга мурожаат қилиш ҳуқу¬қи билан «Миранда қоидаси» ўртасида ҳам ўзаро ўхшашлик мавжуд.

Жиноят-процессуал кодекснинг 46-моддасига мувофиқ, шахс ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб, ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда, у билан холи учрашиш ҳуқу¬қига эга ҳисобланади.

Тўртинчидан, миллий қонунчилигимизда ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахсга ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши кафолатланган.

Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасига мувофиқ, шахс қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, шунингдек, ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Бешинчидан, миллий қонунчилигимиз талабига асосан, агар ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахснинг адвокат ёллашга имконияти бўлмаса, у давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқидан фойдаланади.

Жиноят-процессуал кодекснинг 50-моддасига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг илтимосига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоя¬чининг иштирок этишини таъминлайди.

Шунингдек, улар бу шахсни юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.

Бошқача айтганда, «Миранда қоидаси» Ўзбекистоннинг амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида тўлалигича акс этган. Бу, ўз навбатида, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик имконини беради.

Шунингдек, бундай шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи улар ушланган пайтдан бошлаб таъминланади. Натижада буларнинг барчаси тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада ошишига ва инсон ҳуқуқлари сўзсиз таъминланишига хизмат қилади.

Акром АРИПОВ,
Олий суд катта консультанти

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: