ЛОҚАЙДЛИК ҚУРБОНИ

Ҳаётда озгина эътиборсизлик ёки бепарволик катта кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Бир таёқ бошни ёради, бир гугурт бир ўрмонни алангалантиради, дея бежиз айтилмаган.

2020 йилнинг 30 апрель куни Хатирчи туманининг “Наврўз” маҳалла фиқаролар йиғинига қарашли қишлоқда совуқ хабар тар­қалди: “Ҳамид (исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳ.) Нодир акани чопиб ўлдирибди…”

Бу машъум хабарни эшитган борки, ҳайратдан ёқа ушлади.

Нодир Мирзаев билан Ҳамдам Саидовлар хонадони узоқ йиллардан бери қўшни бўлиб яшашади. Нодир ака ҳар йили эрта баҳорда ариқларни қазиб, сув йўлларини кенгайтириш ҳаракатида бўларди. Бундан 5-6 йил илгари у ариқни қазиб, тупроғини ариқ бўйидаги йўлга ташлаган ва қишлоқ аҳолиси ўтиб-қайтадиган йўлни кенгайтирган эди. Қўни-қўшнилар бу савобли иши учун уни алқаган эдилар. Фақат қўшниси Ҳамдам аканинг жаҳли чиққан, эринг менинг ҳудудимни кичрайтирибди (аслида ариқ бўйидаги йўл унинг ҳудудига кирмас эди), деб Нодир аканинг хотинини турткилаб, унга қўл кўтарган, аламини ожизадан олган, аммо жаҳл­дан тушгач, узр сўрагани учун жанжал овозаси қўни-қўшнига тарқамай, “Милиция чақириб, маҳалла-кўйга гап-сўз бўлиб юрмайлик”, дея ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолган эди.

Афсуски, оиладаги тарбия ўз кучини кўрсатдими, ишқилиб, ота хатосини ўғил такрорлади, такрорладигина эмас, ошириб ҳам юборди.

Аслида бу икки хонадон соҳиблари бир-бирига бегона эмас, қўшничиликдан ташқари қариндошлигиям бор: уларнинг оталари опа-сингилларнинг болалари, яъни холаваччалар. Булар шу холаваччаларнинг болалари. Яъни қўшнидан ҳам ортиқроқ – жигарлар!

Қўшниларнинг бир-бирини камситмаслиги, ўзаро ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиши қонунларимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ Ҳ. Саидов молхонасини ҳовлисининг тўрига эмас, айнан қўш­нисининг уйи ёнига қурган. Н. Мирзаев ёз фаслида бадбўй ҳид анқиб нафақат уларга, йўловчиларга ҳам нохушлик келтираётганини айтиб, бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, унинг илтимосини инобатга олмаган.

Ҳамдам Саидовнинг 1985 йилда туғилган ўғли Ҳамид Саидов жахлдор, ора-сира 4-5 кунлаб спирт­ли ичимлик ичиб ётадиган йигит. Ярим йил олдин оиладаги уриш-жанжаллар туфайли хотини икки нафар боласини олиб, отасиникига кетиб қолган.

Ўша куни Нодир Мирзаев экин-тикинларига сув очади, қараса, сув мўл-кўл келаяпти. “Мен сув очиб келгандим, ариқча тўлиб оқаяпти, мендан ортиб сизнинг томорқангизга ҳам етади, тўйинтиради”, деб қўшниси Суҳроб акани ҳам чақиради. Икковлон йўл бўйлаб кетишаркан, Ҳ. Саи­довнинг ариқ бўйига эккан “жонли девор”и уларнинг ҳаракатланишига халақит беради. Тўсиқдан амаллаб ўтишар экан, Нодир ака ушбу тўсиқни олиб ташлаш кераклигини Ҳамдам акага бир неча бор айт­ганини, аммо фойдаси бўлмаганини, ҳамсояси ерга тўймаслигини айтади. Хонасида дам олиб ётган Ҳамид очиқ деразадан бу гапларни эшитадию, ўрнидан сакраб туриб, қўшнилари ор­қасидан чопади ва “Нимага бизни ҳақоратладинг?” дея отаси тенги Нодир ака билан ёқалашар экан, ариққа йиқилади. Йигит ариқдан отилиб чиқиб Нодир аканинг қўлидаги кетмонни тортиб олади, кетмоннинг тиғ томони билан унинг бош соҳасига бир марта зарб билан уради. Н. Мирзаев мувозанатини йўқотиб, ерга йиқилади, бошидан қон отилади…

Ўғли машинасида касалхонага олиб борганида шифокорлар Н. Мирзаевнинг аллақачон жони узилганини айтишади…

Бу жиноят иши билан танишар экансан, қотилга айланган Ҳамидга қарата эътирозлар кетидан эътирозлар туғилади: “Жонли девор” ўсиб, шохлари йўлни тўсиб қўйгани учун қўни-қўшнилар шикоятини эшитганингда, уларнинг юришга қийналаётганини кўрганингда нега қўлингга қайчи олиб текислаб, йўл очмадинг? Бир пайтлар отанг раҳматли қўшнингнинг аёлига қўл кўтарганида нега виждонинг уйғонмади? Нега унинг ўғиллари отангдан бунинг бадалини сўрашмади? Қўрққани учун эмас, одамгарчилик учун! Ён қўшнилиги, қариндошлиги, қолаверса, ҳар куни кўз-кўзга тушиши, қасд олиш имондан эмаслиги учун!..”

Ҳ. Саидовни жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди 28 986 000 сўм маънавий зарарни тўлаш билан бирга, 11 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ҳамдам Саидовнинг қўшничилик муносабатларига беҳурматлиги, қишлоқнинг кенг ҳовлисида яшаса ҳам бир қарич ер учун мунтазам адоватга бориши ўғли Ҳамид Саидовнинг жиноятчига айланишига сабаб бўлди. Хўш, жанжалга гувоҳ бўлиб турган Суҳроб ака нега икки қўшнини ажратиб қўймади? Нега жанжал мудҳиш тус олгунича томошабин бўлиб турди? Ҳолбуки, кетмонни тортиб олиши, иккаласини ажратиши ёки кимнидир ёрдамга чақириши мумкин эди-ку! Шунда эҳтимол Нодир аканинг ҳаёти сақлаб қолинар эди. Аслида лоқайд кимсалар жамият учун энг катта хавф­дир. Машҳур адиблардан бири “Лоқайдлик дунё­даги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!” деб ёзган бўлса, Луқмони Ҳаким: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўр­масликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир”, деган экан.

Оддий тортишувнинг фожеа билан якун топиши одамларни бироз бўлса ҳам сергак тортишга, инсонга бир бора берилган ҳаётни яхшиликлар, савобли ишлар билан безаб, ўзидан яхши ном қолдиришга, лоқайдлик ва бепарволик каби иллатлардан қутилишга ундаса ажаб эмас.

 

 Суюн БЎТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси

(“Адолат” газетаси,

2020 йил 9 октябрь)

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: