ЕР КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ДАХЛСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Лекин баъзи жойларда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда ижроси таъминланмаган.

Бунинг исботини маъмурий судлар томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг қа­рорла­ри­ни ҳақиқий эмас, деб топишга доир 2020 йилнинг 9 ойи давомида кўрилган жами 2 минг 422 та иш мисолида ҳам кўриш мумкин.

Энг муҳими, судлар томонидан бу аризаларнинг 1 минг 110 таси ёки 45,8 фоизи қаноатлантирилган.

Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан 17 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.

Ушбу қонунлар орасида «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонун ҳам бор эди.

Мазкур қонун билан «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғ­рисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳо­кимияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қи­лиш ва мулкдорлар ҳу­қуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Ер кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Айтиш керакки, ушбу янги қонун 2020 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди ва расмий эълон қи­линган кундан бошлаб кучга кирди.

Янги қонун билан амалга киритилган ўзгартиришга кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилувчи қоидалар назарда тутилган Ер кодексининг 36-моддаси тўр­тинчи қисми ҳамда 38-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш эди.

Қонунга киритилган янги нормага асосан, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга ошириладиган бўлди.

Мазкур янги қонун кучга киргунига қадар ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқини бе­кор қилиш ер участ­касидан белгиланганидан бош­қа мақсадларда фойдаланилганида, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда ва шу каби 11 та ҳолатда тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилган

Энди эса, ер эгаларининг ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқу­қини бекор қилиш аксарият ҳолатларда суд томонидан амалга оширилади.

Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳу­қуқи фақатгина тўртта ҳолатда, яъни:

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

ер участкаси берилган муддат тугаганда;

юридик шахс тугатилганда;

хизматда фойдаланиш учун ер беришга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда тугатилиши мумкин.

Мазкур янги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мулкдорлар ҳуқуқлари, уларни ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳи­моя қилиш кафолати мустаҳкамланади.

Қолаверса, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни, давлат томонидан тўлиқ қопланади.

 

 

Акмал Муродов,

Навоий вилояти маъмурий

 судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: