БУТУННИНГ КЕМТИГИ ЁХУД ЭРКАТОЙЛИКДАН ПАДАРКУШЛИККА САБАБ БЎЛГАН ҚОТИЛЛИК ҲАҚИДА

Ҳазорасплик Эркабой Одамбоев табиатан беозор ва хушхулқ киши эди. У Ҳабибулла ота Одамбоевнинг пиру бадавлат хонадонида вояга етди. Оила — болажон. Эркабой эса, кенжа ўғил. Кенжа ўғил ҳамма жойда бўлгани каби Хоразмда ҳам алоҳида меҳр ва ардоқ остида камолга етади. 1981 йил ушбу қишлоқда туғилган кенжа фарзанд Эркабой ҳам ана шу алфозда ўсиб-улғайди. Оила қурди, фарзандли бўлди. Бу орада оиланинг қиз фарзандлари турмуш қурган кўйи ота уйини тарк этишди, ўғиллар ҳам ўзлари учун иморат қуриб, алоҳида яшай бошлашди. Хонадон бошпанаси ва 90 ёшли Ҳабибулла ота таомилга кўра, кенжа фарзанд қарамоғига ўтди.

Алқисса, Эркабой бутун оила обрўси, нуфузини сарбаланд этгандир, дерсиз?! Йўқ. Афсуски, пировардида бундай бўл­мади. Эркабойлар хонадонини одамлар кутганидек, бахтли, саодатли кунлар эмас, аксинча, кулфат ва ғурбатдан иборат зулматли дамлар йўқ­лаб келди.

Эркабой чиндан ҳам, «эрка»лигини қил­ди. Балки у чор-атрофдагиларга чин­дан ҳам, мўмин-қобил, хушмуомала киши сувратида кўрингандир, аммо Одамбоевларнинг катта хонадони учун яхши ва хушхулқ фарзанд бўлолмади. Ташқи қиёфаси ички дунёсида акс эт­мади. Оила шаънини оёқос­ти қилди. Энг ачинарлиси, падаркуш деган тавқи-ланъат ёр­лиғини бўйнига илди.

…Ҳаёт катта сабоқ мактаби, кимнинг аслида ким эканини бир пасда кўрсатади, оқни — оққа, қорани — қорага, сарагини — саракка, пучагини-пучакка ҳам бир зумда ажратади. Ўтган йилнинг 20 октябрь куни оқшом Одамбоевлар хонадонида рўй берган мудҳиш воқеадан сўнг одамлар ҳаётнинг бу ҳақиқатига яна бир марта гувоҳ бўлишди.

Кейинги йилларда Эркабойнинг афт-ангори, ўзгаларга нисбатан муомалаю муносабатида деярли ҳеч нарса ўз­гармади. Аввалига фойдали меҳнат, рўзғор ташвишидан ўзини буткул четга ол­ди, ўзига ўхшаган дангаса ва тепса — тебранмас кимсаларга қўшилди. Орадан хиёл вақт ўтмай эса, ичкиликка бутунлай муккасидан кетди. Уни бу йўл­дан қайтаришга қаратилган панд-насиҳатларнинг биронтаси ҳам фойда бермади. Койиш ва тергашлардан ҳам наф чиқмади. Ичган чоғда ботирлиги қўзир, сўқир кўзи ароқдан бўлак бирон матоҳ, ҳатто оиласи, фарзанд-дилбандлари, кекса отасини ҳам илғай олмасди.

Шу аснода у вилоят наркология диспансерининг махсус рўй­хатидан жой олди. Оила эса, ҳалокат ёқасига келиб қолди. Эрининг хурмача қилиқлари, ҳақо­рат ва дўппослашларига чидай олмаган турмуш ўртоғи Жумагул Машарипова кўп ҳолларда болалари билан бирга ота-она уйидан бошпана топди.

Одамбоевлар хонадонидаги бу машъум воқеа Ж. Машарипова роппа-роса ярим йиллик араздан сўнг оиласи бағрига қайтгач, содир бўлди.

Ўша куни Эркабой чошгоҳгача тошдек қотиб ухлади. Сўнг ўрнидан туриб, нари-бери нонушта қилгач, туман маркази томон йўл олди.

Бундай тахлитдаги «са­фар»­лар­нинг боиси ичкиликбозлик эканини уйдагилар яхши биларди. Уларнинг ўйи тўғри бўлиб чиқди. Кун уфққа бош қўяр чоғи гандираклаганча уй­га қайтган Эркабой ичиш ҳали маромига етмаганидан нолиганча турмуш ўртоғини қистовга олди: ароқ учун пул беришни сўради. Хотини уйда пул йўқлиги, рўз­ғор қозони деярли бўш қол­ганини эрига ётиғи билан тушунтиришга уринди. Қани эн­ди, ичкилик таъсирида буткул ақл-ҳушини йўқотган ёстиқдоши буни тушунса? Йўқ, тушунмади. Тушунишни ҳам истамади. Бунга жавобан муштини ишга солишга ҳозирланди. Би­роқ улгурмади. Кекса ота ожиз аҳволда эканига қарамай орага тушди.

Келинини ҳимоя қи­лишга чоғланди. Афсуски, кучи етмади. Аммо буни кў­риб, ўғилнинг авзойи ўзгарди. Отага қарата: «Йўқ­са, пулни ўзинг бер», дея ўшқирди. Ота ароқ учун пул йўқ­лигини писанда қилди, сўнгра: «Вақт алламаҳал бўл­ди, балки эртага ичарсан, эрталаб акангдан ўзим пул олиб бераман», деди. Буни эшитиб, ўғил баттар қутуриб кетди. У ақл-ҳушини йў­қотиб, отасига ташланди ва бўғзидан олиб, аёвсиз дўпослашга тушди. Ёши тўқсондан ошган қа­риянинг кучи нимагаям етарди? Ота ўғ­лининг биринчи мушти тегиши билан ерга гурсиллаб йиқилди. Қутуриб кетган ўғил эса, бу билан кифояланмади. Аллақачон ҳушини йўқотган отани калтаклаш, тепкилашда давом этди. Чолнинг юз, кўз, қулоқ, бу­­рун, оғиз соҳалари қаттиқ шикастланди. Кўз ўнггида содир бўлаётган даҳшатли зўравонликдан эси оғаёзган келин — Жумагул мушт ва тепкининг галдаги зарбалари ўзи ва фар­занд­лари бошига ёғилишини фаҳмлади, чоғи, икки боласини эргаштирганча қўш­ни ҳовлида яшаётган Одамбоевларнинг тўнғичи Муроднинг уйи томон йўл олди.

Тун яримлаган чоғ рўй берган бу мудҳиш ҳо­диса ҳаммани оёққа қалқитди. Ба­ри ота уйи томон шошди. Бу пайт­га келиб, қиларини қилган ва хуморини ёзган зўравон ўғил хонадонда яшириб қўйилган ароқни топиб олган ва уни тикка туриб сипқорганча кучли маст­лик домида донг қотиб ухлар, ота эса, ерда афтодаҳол ҳолатда чўзилиб ётар, базўр нафас оларди.

…»Тез тиббий ёрдам» ҳаялламади. Отани шифхонага олиб кетишди.

Хайриятки, ота бир неча кун ўтиб кўзини очди ва ўша ку­ни уйида юз берган мудҳиш воқеани айтиб берди. Ўша куннинг эртаси туш чоғи ҳушига келган Эркабой эса, кеча ярим тунда рўй берган машъум воқеа тафсилотини баён этишдан ожиз қолди.

У мастликдан нолиди ва участ­ка нозирига сим қоқиб, наркология диспансерига жойлаштириб қўйишни сўради. Туман шифохонасига бориб, отасидан ҳол-аҳвол ва кечирим сў­рашни эса, хаёлига ҳам келтирмади. Отанинг умрига деярли зомин бўлаёзган ўғил шу куниёқ шифохонага жўнаб кетди. Ота эса, уқдирилганидек, туман касалхонасида беҳушлигича қолди.

…Орадан 6 кун ўтгач, отанинг соғлиғи анча-мунча тикланди ва тўнғич ўғил Муродбек шифокорлардан уни олиб кетиш ва даволаш ишларини уйда давом эттиришга рухсат сўради. Отанинг жароҳатлари ҳали битмаган эди. Шундай бўлса-да, шифокорлар фарзандлар ўтинчига кўра, уйда даволанишига розилик билдиришди.

Таассуфки, оғир жароҳатлар ҳали битмагани ва кексалиги отахонга панд берди. Шифокорларнинг муолажаси фойда бермади.

Касалхонадан чиққач, орадан беш кун ўтиб, ҳаётдан кўз юмди.

Отасининг жанозасида иштирок этиш, қабрига бир сиқим тупроқ ташлаш фарзи Эркабойга насиб этмади…

Отаси вафотидан сўнг икки ҳафта ўтиб, уйига қайтган ўғил­ни ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идора ходимлари йўқ­лашди, устидан жиноят иши очиб, қилмишини Жи­ноят кодексининг соғ­лиққа қарши оғир кирдикорлар сирасига кирувчи 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қис­ми «д» банди бўйича малакалашди.

Гумонланувчи тергов тарафидан қўйилган саволларга жавоб бераркан, кўнглида отасини ўлдириш нияти бўлмагани, уни мастлик таъсирида жаҳл билан силтаб ташлагани, у йи­қилиб, лат егани, бу эса, ўлимга етакламаслигини баён қилди. Қилмишини қисмангина тан олди.

Машъум ўлимнинг ҳақиқий сабаби эса, бу борада тайинланган суд-тиббиёт экспертизаси жараёнида аниқланди. Ноқобил ўғилнинг давоси мутлақо асоссиз бў­либ чиқди. Мар­ҳум Ҳ. Одамбоев зўравонлик қурбони бўлгани, ҳаёт ва соғ­лик учун хавфли бўл­ган тан жа­роҳатлари пировардида уни муқаррар равишда ўлимга етаклагани маълум бўлди. Тиббий хулосаларни суд ва терговга тақдим этиб, гувоҳ мақомида кўр­сатма берган экс­перт ва шифокор-мутахассислар Улуғбек Қўзиев, Одамбой Оллашукуровлар ота ўлимига айнан шу ҳолатлар сабаб бўлганини таъкидладилар.

Бағрикенглик ва кечиримлилик халқи­мизнинг бебаҳо фазилати. Бу қадриятлар амалдаги қо­нунчилигимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топган. Э. Одамбоевга суд томонидан жазо та­йин­лаш чоғи масаланинг бу жиҳати яна юзага қалқиб чиқди. Отасининг ўлимида қўли борлиги тўла исботланган ўғилнинг тавба-тазарруси, қилмишидан астойдил пу­шаймонлиги, хонадоннинг ҳа­минқадар моддий аҳволи, унда юзага келган ночор маънавий-ахлоқий муҳит ои­ла аъзоларини ҳам, қонунчилигимиз пос­бонла­ри­ни ҳам бир мунча хушёр торт­тирди. Мазкур хонадондаги муҳитни барқарорлаштириш, моддий таъминотини яхшилаш, маънавий муҳитни соғ­ломлаштириш омиллари назарда тутилди. Қолаверса, судланувчининг қилмишига пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, ои­ланинг деярли барча аъзолари томонидан кечирилгани ҳукм чиқаришда муҳим аҳа­мият­ касб этди. Судда кўрсатма берган марҳумнинг қо­нуний вакили, ўғли Мурод Одамбоев ва бош­қа фарзанд­лар, келинлар судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, унга берилажак жазони енгиллатишни сўрадилар. Албатта, бу суд томонидан эътиборга олинди. Суд унга нисбатан Жиноят кодексининг қилмиш учун назарда тутилганидан ҳам камроқ жазо тайин­лашни тақозо этувчи 57-моддасини қўл­лашни ло­зим топди. Элдошлари орасида падаркуш номини олган номуносиб ўғил кодекснинг юқо­рида зикр этилган 104-моддаси 3-қисми асосида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Қилмиш, шубҳасиз, қидирмиш ва муқаррар жазога етаклади. Буни аслида тан жазоси, десак, тўғри бўлади. Аммо кишига руҳан ва маънан азоб берадиган оғирроқ жазо ҳам бор. Бу — виждон азоби.

Бу ўзини билган, англаган киши учун бир умрлик жазо. Ундан қутулишнинг бир йўли бор: у жазони ўташ чоғида чинакамига тарбияланиш, умрнинг зимистонда ўтган онларига қайта-қайта разм солиш, ундан тўғри ва оқилона хулоса чи­қариш, эзгулик йўлларини излаш, уни топиш, озодликка чиққач эса, талаб-у тақозоларини тўла-тўкис бажо келтириш, ота қабрига доимо бош қўйиб, у зотнинг хотирини ҳамиша ёд этиш, оиласи, рафиқаси ва фарзандларнинг муносиб раҳнамоси, соҳиб-у, соя­бони бўлишдек инсонийлик амалларини бекаму-кўст адо этишдан иборат. Алқисса, буларнинг ба­ри вақт ва фурсатга бориб тақалади ва истак, орзу-ниятларнинг ҳаётдаги ифодаси ижобати ҳам ўшанда намоён бўлади. Жи­ноят­ қилиб, гуноҳга ботса-да, охир-оқибат тузалиш ва пок­ланиш йў­лига кирган, чинакам ҳаётдан, ои­ласи ва яқинларидан умид узмаган, яхшилик ва эзгуликка астойдил қўл берган кишига Яратганнинг ўзи мададкор бўлади. Қанийди, буни ҳамма бирдек англаб, бари бирдек аҳил, иноқ, баҳамжиҳат турмуш кечирса, азиз умрини эзгу сўз, эзгу амал, эзгу фикрат йўл­ларига бахшида этса?! Назаримизда, жаннат эшиклари шундай фазилатли инсонларга очилади, ҳа, тириклигидаёқ очилади! Бошқаларга эса … йўқ, очилмайди!

 

 

Акбар Аминов,

жиноят ишлари бўйича

 Ҳазорасп тумани

судининг раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: